Жиззахлик тадбиркор аёл калава ип чиқиндисидан диван тўшамасини ишлаб чиқармоқчи

07.10.2018, 18:34

Жиззахлик тадбиркор аёл калава ип  чиқиндисидан диван тўшамасини ишлаб чиқармоқчи

“Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танловига

Енгил саноатда “Made in Uzbekistan” ёрлиғи сифат белгисига айланганига анча бўлди. Маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.   

– Қозоғистон билан муносабатларимиз яхшилангандан кейин бозорларимизни қўшни мамлакатнинг трикотаж маҳсулотлари босиб кетди, – дейди “Чилонзор буюм бозори”да савдо қилаётган Холмурод Аббосов. – Бошида “Энди ҳаммаси тамом, ўзбекнинг маҳсулотини ҳеч ким олмайди”, деб ўйлаган эдик. Чунки одамлар “қозоқдан кирган” молларни босиб-босиб олишди. Энди эса яна ўзимизнинг маҳсулотларга қайтишди. Сабаби эса оддий: маҳаллий корхоналаримизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотлари хорижникига қараганда ҳамёнбоп. Сифати ҳам уларникидан қолишмайди.

Ҳақиқатдан ҳам маҳаллий корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқарилаётган тўқув-трикотаж маҳсулотлари сифат жиҳатдан хорижникидан кам эмас. Бугун ҳар бир туманда 3-4 та тўқув-трикотаж корхоналари фаолият кўрсатяпти. Уларнинг камида иккитаси хорижга маҳсулот экспорт қилади.

Жиззах шаҳридаги “Jizzax grand textile” корхонаси ҳам ана шундай тадбиркорлик субъектларидан бири.

– Корхонамиз 2014 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда, – дейди “Jizzax grand textile” раҳбари Марҳабо Якубова. – Дастлаб аёллар ва болалар учун кийим-бош тикканмиз. Давлатимиз томонидан тадбиркорликка берилаётган катта эътибор туфайли фаолиятимизни кенгайтиришга қарор қилдик. Аввал шаҳар ҳокимиятидан корхонамизни кенгайтириш учун ер-майдони, кейин эса “Асакабанк”дан кредит олдик.

Корхона 2015 йилда “Асакабанк” вилоят бошқармасидан 2 миллиард 105 млн сўм кредит олиб, Хитойдан 102 дона “Soosan” пайпоқ тўқиш дастгоҳларини сотиб олди. Ўша йилнинг декабрь ойидан бошлаб ҳар хил турдаги пайпоқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлади. Айни кунда корхонада 120 дан зиёд киши иш билан банд. “Jizzax grand textile” йилига 2.5 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқармоқда.

– Маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилишни режалаштиряпмиз, – дейди Марҳабо опа. – Пайпоқларимизга Қирғизистон, Россия ва Тожикистонда катта қизиқиш бор. Ҳамкорлар билан келиша олсак, кейинги йил январ ойидан бошлаб экспортни йўлга қўямиз.

Дарвоқе, корхона кейинги йил инновацион лойиҳага қўл урмоқчи. Тўқув-трикотаж маҳсулотлари чиқиндисидан диван ва кресло учун юмшоқ тўшамалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида.

– Пайпоқ тўқиш учун керак бўладиган “Полистр”, “Польями”, “Иластан”, “Спандикс” каби ипларни хориждан сотиб оламиз, – дейди М.Якубова. – Аммо ишлаб чиқариш жараёнида бу ипларнинг каттагина қисми чиқиндига чиқади. Ҳар гал чиқиндини кўрганимда, кетган пулимга кўнглим ачийди. Шу боис чиқинди ипларни қайта ишлашни режалаштиряпмиз. Бу бўйича Жанубий Корея ва мисрлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қимоқчимиз.

Очиқ гап: аёл боши билан тадбиркорлик қилаётган М.Якубованинг янги лойиҳаси бизни ҳам қувонтирди. Унинг ташаббускорлиги, изланувчанлиги ва тежамкорлигига ҳавасимиз ортди. Тадбиркорнинг айтишича, чиқинди ипларни қайта ишлашни йўлга қўйса, даромади кўпаяди, 10 та қўшимча иш ўрни яратилади. Бу эса тадбиркорга ҳам, халққа ҳам фойда.

Ҳасан САЛОМОВ,

журналист

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    904
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Saboxat Babayeva Sirdaryo viloyati "Ayollar bo'limi " mudiri2018-10-07 19:16:18

Tadbirkorlarning safi kundan kunga kengaymoqda. Bu esa o'z navbatida mamlakatimiz yanada rivojlanishiga xizmat qiladi. Bunday tadbirkorlik subektlari soni ortgani sari yangi ishchi o'rni yaratiladi.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+