Оролбўйидан қувончли муждалар

11.10.2018, 21:09

Оролбўйидан қувончли муждалар

Аввал хабар берганимиздек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ҳамда партиянинг барча ҳудудий кенгашлари ва депутатлик корпуси вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар жойларда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳудудлар аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, турли масалаларда қатор муаммолар аниқланган эди.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда, учрашувларда аниқланган муаммолар партия депутатлик корпуси орқали босқичма-босқич ижобий ечимини топмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган сафдошларимиз уюштирган учрашувларда “Обод қишлоқ” дастурининг мақсади ва аҳамиятини кенг тушунтиришга жиддий эътибор қаратилди. Ана шу ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб “O‘zLiDePнинг обод кўчалари” акцияси амалга оширилаётганининг ўзига хос жиҳатлари тарғиб қилинди. Хусусан, инновацион акция доирасида Элликқалъа туманининг “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида қилинаётган тизимли ишлар намуна сифатида кўрсатилди.

– Бу овулда 37 та хонадон бўлиб, жами 237 киши истиқомат қилади, – дейди O‘zLiDeP Элликқалъа туман кенгаши аппарат раҳбари Д. Шарипова. – Қисқа вақт ичида “Ақчакўл”да мақтанса арзигулик янгиликлар рўй берди. Ушбу жараёнда партия электорати фаол қатнашди. Уйларнинг деворлари оқланиб, кириш эшиклари ва йўлаклари таъмирланди, кўчаларга гуллар экилди. Ичимлик суви ва табиий газ қувурлари янгидан тортилаётгани эса барчани қувонтирмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари самимий суҳбатларни Кегайли туманидаги “Бахтли” ва “Қуёшли” маҳаллаларида давом эттиришди.

– Маҳалламизда тўрт мингдан зиёд киши осуда турмуш кечириб келмоқда, – деди “Бахтли” МФЙ раиси Х. Қурбонниязов. – Хонадонлардаги мулоқотларда кредит олиш ва ишсизликни бартараф этиш бўйича юзага келаётган муаммоларга оқилона ечим ҳам изланди. Жумладан, шу ерда яшовчи Т. Жиемуратовнинг ўз уйига яқин жойлашган пахта тозалаш заводига ишга кириш юзасидан ёрдам сўраб қилган мурожаати депутатлик сўрови орқали ижобий ҳал этилди.

Партия фаолларининг навбатдаги манзили Нукус туманидаги “Қус ферма” овули бўлди. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида мазкур овулдаги 11 та кам таъминланган оилалар истоқомат қилувчи уйларнинг олд томони ҳомийлар ҳисобидан, 85 та хонадон фасади эса тушунтириш туфайли аҳолининг ўзи томонидан, 14 та уй пудратчилар кўмагида таъмирланди.

Мулоқотлар давомида 32-сонли мактаб ўқитувчиси Қ. Айимбетов ёшлар спортнинг самбо, кураш ва бошқа турлари билан шуғулланиш мақсадида туман марказига қатнаб юрганини айтиб, болалар жисмонан чиниқиши учун шароит яратиш кераклигини айтди. Унинг мурожаати тегишли тартибда ўрганилиб, ёпиқ спорт зали бунёд этиш бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган Давлат дастурига таклиф тайёрланди. 

– Анчадан бери ишсизман, – дейди Қонликўл туманидаги “Бескўпир” ОФЙда яшовчи Р. Сабурова. – Мутахассислигим бўйича ўқитувчиман. Партия ишчи гуруҳи келганда ишга жойлашишга ёрдам сўрадим. Мурожаатим эътиборсиз қолмади. Туман Кенгаши депутати Л. Ешба­ева тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали масалани ижобий ҳал қилди. Ҳозирги кунда тумандаги 15-сонли мактабда болаларга дарс бераяпман.

Амударё туманидан Н. Тлеўмуратова оилавий тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишда қийинчилик­ларга дуч келаётган экан. Унинг мурожаати ҳам атрофлича ўрганилгач, туман Кенгаши депутати Р. Рўзметовнинг аралашуви билан “Микрокредитбанк”нинг Манғит филиали томонидан маблағ ажратиладиган бўлди.

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1001
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+