Дастрўмол — барқарор бизнес манбаи

12.10.2018, 16:58

Дастрўмол — барқарор бизнес манбаи

Ёш тадбиркор, O‘zLiDeP фаоли Санжар Аминовнинг ишбилармонликнинг ўзига хос йўналишидаги интилишлари хусусида.

Жорий йилнинг 16-21 сентябрь кунлари Москва шаҳрида енгил саноат маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилоятида фаолият кўрсатаётган “Урганч­текс” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланган даст­рўмоллар кўргазма иштирокчиларининг диққатини жалб қилди. Мазкур корхона раҳбари эса ҳамкорлар билан оддий рўмолчани экспорт қилиш бўйича музокаралар ўтказиб, истиқболли шартномалар тузиш юзасидан қатор келишувларга эришди. Бу борада, айниқса, россиялик харидорларнинг қизиқиши юқори бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

“Бахмал” бренди остида юксак сифатли, замонавий дизайнга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган “Урганч­текс” масъулияти чекланган жамияти 2013 йилда ташкил этилган. Хитойдан келтирилган тикув дастгоҳларида иш бошлаган корхонада дастлаб 15 киши меҳнат қиларди. Бугунги кунда эса ходимлар сони 200 нафарга яқинлашиб қолди.

Яна бир қиёс: беш йил аввал вилоятга Хитойдан катта миқдорда даст­рўмоллар импорт қилинган бўлса, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига аъзо тадбиркорларнинг маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги саъй-ҳаракатлари натижасида вазият бутунлай ўзгарди. Табиий хомашёдан тайёрланган “Бахмал” дастрўмоллари ички бозорда харидорини топди. Бундан ташқари, узоқ ва яқин қўшни мамлакатларга экспорт йўлга қўйилди.

Оддий рўмолча тикишдан барқарор бизнес манбаи яратилишини том маънода фаол тадбиркорлик сифатида баҳолаш ўринлидир. Сиз кўриб турган суратлар айни шу кичик корхона цехида олинган. 60 фоизи коллеж битирувчилари бўлган ишчиларнинг ойлик маоши қисқа муддатда икки баробар оширилибди. Уларга корхона транспорти хизмат кўрсатади. Тушлик ҳам шу ернинг ўзида. Ҳар ойда санъат аҳли иштирокида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилиши ходимларга қўшимча рағбат.

Юқорида бежиз ёш тадбиркор таърифини қўлламадик. Зотан, МЧЖ директорининг олий ўқув юртини тугатганига энди икки йил бўлибди. Масъул лавозимга тайинлангунча бўлим бош­лиғи сифатида ўзини кўрсатган. Гидротехник мутахассислигига эга шижоатли йигитнинг менежерлик қобилияти шунчаки суҳбат давомида яққол намоён бўлади. Камроқ гапириб, кўпроқ амалиёт билан шуғулланишни ёқлайди. Оддий рўмолчадан қандай қилиб бундай муваффақиятга эришдингиз, қандай бўёқдан фойдаланасиз, дизайнерлар билан қандай тартибда ишлайсиз, деган мазмундаги саволларнинг аксариятига “бизнес сири” деб қўя қолади.

– Ҳозирча 10 турда сотувга чиқарилаётган “Бахмал” дастрўмолларининг ранги умуман ўзгармайди, – дейди Санжар Аминов. – Боиси фаолият бош­лашдан аввал шундай маҳсулотни ишлаб чиқаришнинг жаҳонда мавжуд технологиялари, бозор талаби чуқур таҳлил қилинган. Айниқса, Бельгия ва Россия тажрибаси танқидий нуқтаи назардан ўрганилган. Оддий рўмолчадан қандай қилиб 200 киши учун барқарор даромад манбаи яратиш мумкинлиги хусусидаги саволингизга ана шу жараёндан жавоб излаган маъқул. Яхшиси мен сизни галдаги режаларимиздан оз-моз хабардор қилай: яқин келажакда Европага чиқишни асосий мақсад қилиб қўйганмиз. Биласиз, кўҳна қитъада юз фоиз пахтадан тикилиб, табиий бўёқлар билан ранг берилган маҳсулотлар қадрланади. Биз ҳам шундай рақобатнинг муносиб иштирокчиси даражасига эришиш учун ишлаяпмиз. Германиядан янги дастгоҳлар олишга буюртма берганимизни одатий шартнома ёки тасодифга йўйманг. Жой ва маблағ масаласи ҳал бўлгач, чақалоқлар учун табиий пахта толасидан Есо шимматаглик (памперс) ишлаб  чиқариш ниятим ҳам йўқ эмас. Зеро, бундай маҳсулотга ички ва ташқи бозорда талаб жуда кучли.

Ҳа, ҳозирги ёшлар ана шундай фикр­лашади. Пешқадамлар билан тенг, ўртамиёналардан олдин юрсам дейди. Қувонарлиси, “Урганчтекс” масъулияти чекланган жамияти кўпчилик наздида арзимас бўлиб туюлган юмшоқ матоли салфеткалар ва ошхона фартуклари тўплами ҳисобига ассортиментни кенгайтираётганидир. Улар нафақат сифатли, балки жуда қулай. Ранги ва дизайни дарров эътиборни тортишини ушбу маҳсулот хорижий сайёҳлар нигоҳидан четда қолмаётганидан ҳам сезиш мумкин. Чунки уларда миллийлик – дунёга машҳур Хиванинг рамзлари нозик дид билан акс эттирилган. Ичонқалъанинг неча минг йиллик ўчмас жилолари кўчиб ўтгандек гўё...

Санжар кузатиб қўйиш баҳонасида корхонага кираверишдаги дўкон сари юрди. Харидор кўплигига ишора қилгандай жилмайди. Биз эса ўз оиласи ва атрофидагилар фаровон яшаши учун ҳаракат қилаётган ёш тадбиркорнинг самимий мамнуниятини, меҳнатидан хурсандлигини сизга етказгимиз келди. 

Озод РАЖАБОВ

  • Кўрилди
    64
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+