Ўзбекистон-Россия: азалий дўстлик ва ҳамкорликнинг янги қирралари

23.10.2018, 15:42

Ўзбекистон-Россия: азалий дўстлик ва ҳамкорликнинг янги қирралари

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Президенларининг самимий ва дўстона учрашуви нафақат биз, балки дунё жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистонга қаратди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу мулоқот барча соҳаларда мутлақо янги саҳифа очганлиги билан ғоят аҳамиятлидир.

Азалий шерик давлатларнинг ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга фаол ҳаракат қилишлари таҳсинга сазовор ва бу муносабатлар икки давлатнинг ҳар бир фуқаросида ижобий кайфият уйғотиб, уларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди, дейиш мумкин. Айниқса тадбиркорларда бу жиҳат яққол сезилди.

Ўзимдан қиёс. Айни пайтда туман Кенгаши депутатлиги билан бир қаторда Яшнобод туманида жойлашган “Агроконтинент” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси сифатида ҳам фаолият олиб бораман. Ушбу корхона сифатли уруғ етиштириш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорга сотиш билан шуғулланади. Бугунги кунда Италия, Нидерландия каби дунёнинг ривожланган давлатлари билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз.

Ўзбек-рус ишбалармон доиралари вакиллари иштирокида ўтган нуфузли форумни диққат билан кузатиб бордим ва шу жиҳатга амин бўлдимки, икки мамлакат ўртасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар бисёр. Айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали очимаган қирралар кўп. Ана шундан келиб чиққан ҳолда биз ҳам Россиянинг бир қатор корхоналари билан уруғчилик бўйича ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга бел боғладик. Бу йўлда дастлабки келишувларга ҳам эришдик.  Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, икки мамлакат раҳбарларининг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракати ҳар бир соҳада ҳамкорликни ҳеч қандай монеликсиз ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Кўпчиликка яхши маълум, Россияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига доим талаб юқори бўлган. Ўзбекистон эса бу соҳада улкан салоҳиятга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, айнан уруғчилик соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқдир. Биринчидан, Россия биз учун жуда катта бозор, иккинчидан, сифатли уруғ бўлмаса, сара, сархил мева-сабзавотларни етиштириш амримаҳол. Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлиги мазкур келишувнинг самарали амалга оширилишида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади, албатта.

Бир сўз билан айтганда, юртимизни яқин беш йилда тараққий эттиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш муҳим вазифалар қаторида белгиланган. Ушбу мақсад шунчаки баландпарвоз шиор бўлиб қолмасдан, балки амалда ўз ифодасини топаётгани барчани бирдек қувонтиради. Зеро, янги ташқи сиёсатимиз шунчаки сиёсат учун эмас, балки халқимиз учун муносиб турмуш даражасини яратиш, юртимизни тараққий топтириш, одамларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашдек аниқ мақсадларга қаратилган.

Ҳасанхон АЛИЕВ,

Халқ депутатлари  Яшнобод тумани

Кенгаши  депутати,  

“Агроконтинент” МЧЖ директори

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1364
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+