Фракция фаолиятига танқидий-таҳлилий назар (+видео)

23.10.2018, 17:37

Фракция фаолиятига танқидий-таҳлилий назар (+видео)

Маълумки, ўтган йили 12 июлда Президентимиз томонидан Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ва 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида сиёсий партия ва унинг депутатлик корпуси олдида турган энг муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Хўш, ўтган вақт мобайнида партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятида юқорида келтирилган ҳар икки йиғилишда белгилаб берилган вазифалар асосида қандай ишлар амалга оширилди, нималарга эришилди, қайси муҳим вазифалар ижроси эътибордан четда қолди?

Оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган брифингда, O‘zLiDePнинг парламент қуйи палатасидаги фракциясининг бу борадаги фаолиятига холисона баҳо берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган давр ичида депутат ва сайловчи  ўртасидаги мулоқот тизими тубдан ўзгарди. Эндиликда, фракциямизнинг ҳар бир аъзоси ўз сайловчилари билан йил ўн икки ой тизимли мулоқотлар олиб боришмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина, 2018 йилнинг январь-май ойларида O‘zLiDeP депутатлик корпуси жойларда 12 мингдан ортиқ хонадонларга ташриф буюрдилар, 43 мингдан ортиқ фуқаролар билан, шу жумладан, 6,5 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари билан бевосита суҳбатлар ўтказди. Ушбу мулоқотларда аниқланган муаммоларнинг ҳал этишга қаратилган зарур амалий ишлар олиб борилди.

Албатта қонун ижодкорлиги фракциямиз фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Таъкидлаш жоизки, айнан ушбу йўналиш давлатимиз раҳбари томонидан асосли танқид қилинган эди. Ортда қолган вақт мобайнида ушбу танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда фракциянинг қонун ижодкорлиги фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг самараси ўлароқ агар 2016 йилда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 7 та қонун киритилган бўлса, 2017 йилда ушбу рақам 13 тага, жорий йилнинг шу даврида эса 9 тага етганлигини кўриш мумкин.  Президентимиз таъбири билан айтганда, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ҳамда таклифларни қуйидан — фуқаролардан, сайловчилардан, жойлардаги депутатлардан олиш тартиби жорий этилди. 

Парламент назорати институтидан фойдаланишда ҳам фракциямиз фаоллиги ошганлигини қайд этиш лозим. Яъни бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан ўзгарди. Хусусан, ўтган давр мобайнида асосида Қонунчилик палатаси мажлисларида “ҳукумат соати” доирасида ҳукумат аъзоларини, шунингдек фракция мажлисларида эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасаларнинг раҳбарларини эшитиш механизми жорий этилди ва у амалда самарали қўлланилмоқда. Жумладан, O‘zLiDeP ташаббуси билан «ҳукумат соати» доирасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг республика аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувини тежамкорлик билан ишлатишда олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги фаолияти юзасидан ахбороти, фракция мажлисларида эса Ўзбекистон Республикасининг молия, иқтисодиёт, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Жумладан, шу йилнинг учинчи чораги давомида Молия вазири ўринбосари Дилшод Саттаровнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисида”ги ҳамда Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг “Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун халқаро молиявий-инвестициявий ташкилотларнинг молиявий маблағларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисид”ги ахборотлари эшитилди.

Умуман олганда, O‘zLiDeP дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, мониторинг ўрнатилган вазирлик ва қўмиталар билан тизимли ва доимий олиб борилган ишлар доирасида самарали парламент ва депутатлик назорати ўрнатилди. Бунинг натижасида эса, жорий йилнинг ўтган даврида жами 12 марта турли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари фракциямиз йиғилишлаирда эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Юқоридагилардан ташқари, “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”, “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги”, “Ёшлар келажагимиз” ҳамда “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастурлари ижроси, “Ўзбекистон аҳолисининг соғлом овқатланиши ҳолатини ўрганиш” ҳамда Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш каби тадбирларнинг бажарилиши устидан парламент ва депутатлар назорати ҳам самарали  амалга оширилганини қайд этиш лозим.

Парламент депутатлари ижтимоий тармоқларда ўз шахсий саҳифаларини очиши натижасида парламент вакилларининг интернет тармоқларидаги фаоллиги сезиларли даражада юксалди. Бугунги кунга келиб, фракция аъзолари, вилоятлар ва туманлар Кенгашлари депутатларининг “Facebook” ижтимоий тармоғида шахсий саҳифалари мавжуд.  Бу орқали депутатларимиз ҳар куни турли электрон ОАВ ва тармоқ ресурсларида одамларни эътиборини тортувчи долзарб масалалар ҳақида мулоҳаза юритиш билан бир қаторда фуқаролар билан онлайн мулоқот уюштиришмоқда. Эътиборлиси, мулоқотнинг бу шакли аҳолини ўйлантираётган масалаларни тез ва сифатли ҳал қилиш, қолаверса, депутатлининг сайловчилар олдидаги ҳисобдорлик даражасини оширди.

Иш бор жойда камчилик бўлади. Шу маънода фракция фаолиятининг холисона таҳлили баъзи йўналишларда бироз сусткашликка йўл қўйилганини кўрсатмоқда. Хусусан депутатлик сўровлари жўнатиш борасидаги рақамларда бу жиҳат яққол сезилиб қолмоқда.  Жорий йилнинг ўтган даврида фракция аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига жами 58 та депутат сўрови юборилган холос. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан деярли икки баробар камлигини кўриш мумкин.

Шунингдек, юборилган депутат сўровларининг ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Масалан, депутат сўровлари юзасидан келиб тушган жавобларда асослантирилган тушунтиришларни баён этиш ўрнига, уларда умумий мазмундаги фикрлар баён этилган. Шу билан бир қаторда, депутат сўровларининг таҳлили депутатлар ушбу институтдан кенгроқ фойдаланиши ҳамда мазкур йўналишда фаоллигини ошириши лозимлигини тақозо этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш баробарида, уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни ҳам чуқур ўрганиш ва олдини олиш муҳим. Бунинг учун эса барча бўғиндаги депутатлик корпуслари ишини янада фаоллаштириш, парламент ҳамда депутатлик назорати, депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан самарали фойдаланиш зарур.

 Тоир Салимов,

ОлийМажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракциясининг ижрочи котиби

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+