O‘zLiDeP фаоли хавфсиз ва инновацион газ баллонларини ишлаб чиқармоқда (+ВИДЕО)

26.10.2018, 17:40

O‘zLiDeP фаоли хавфсиз ва инновацион  газ баллонларини ишлаб чиқармоқда (+ВИДЕО)

“Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” танловига

Эътибор беряпсизми? Маҳаллий матбуот “газ баллони портлагани” ҳақида тез-тез ёзяпти. Ҳали у, ҳали бу сайтда шу мазмундаги мақолаларга кўзимиз тушяпти. Мақолани ўқиб бўлгач, бундай фожиалар кетма-кет такрорланаётганидан ташвишга тушамиз. Бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган ватандошларимизга ачинамиз. Фожианинг сабабларини ахтарамиз. Кимдир фожиаларга “муддати ўтган газ баллонлари сабабчи”, деса, бошқа биров газ қуйиш шаҳобчалари зиммасидаги масъулиятни оширишмоқчи бўлади. Аҳён-аҳёнда “техник кўриклар сонини кўпайтиришимиз керак”, деган таклифлар ҳам ўртага чиқяпти. Аммо ҳеч ким сифатли газ баллонларни ишлаб чиқариш ҳақида гапирмайди.

Асакалик O‘zLiDeP фаоли Зафархўжа Раҳимов сифатли газ баллонларини ишлаб чиқариш бугун содир бўлаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишнинг энг муҳим омили, деб ҳисоблайдиган тадбиркорлардан бири. Шу боис у германиялик ҳамкорлар билан замонавий ва хавфсиз маиший газ баллонлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

– Маҳаллий хомашёдан хавфсиз ва инновацион хусусиятга эга бўлган маиший газ баллонларини ишлаб чиқаряпмиз, – дейди “Ширин газ сервис” корхонаси раҳбари З.Раҳимов. – Маҳсулотларимиз жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. Иссиқ ва совуққа чидамли. Бу эса унинг хавфсизлигини таъминловчи энг муҳим омилдир.

Таъкидлаш керак, Асака туманидаги кичик саноат зонасида жойлашган мазкур корхона 2017 йил фаолият бошлаган. Ўтган йилдан буён аҳолига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бермоқда. Корхонада ишлаб чиқарилган газ баллонлари билан боғлиқ бирор марта ҳам бахтсиз ҳодиса рўй бермади.

– Газ баллонлари портлаб кетишининг икки асосий сабаби бор, – дейди “Ширин газ сервис” раҳбари. – Биринчи сабаб: газ баллонлари сиғимининг ўзгариши. Яъни баллонга меъёридан ортиқча газ қуйиш, уларнинг иссиқ-совуқда кенгаши ва торайиши портлашларга сабаб бўлмоқда. Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган баллонлар бундай хавфлардан тўла ҳимояланган. Маҳсулотларимиз иссиқ ва совуққа чидамлилигидан ташқари, меъёрдан ортиқча ярим грам газни ҳам чиқариб ташлайди. Баллон портлаб кетишининг иккинчи сабаби эса ундан фойдаланишдаги техник хатолар.

Дарвоқе, “Ширин газ сервис” корхонаси ўзида ишлаб чиқарган газ баллонларининг техник кўригига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Баллонлар бир йилда икки марта қишги ва ёзги мавсум олдидан кўрикдан ўтказилади. Техник ҳолати текширилиб истеъмолчиларга қайтариб берилади. Яна бир янгилик. “Ширин газ сервис”да янги лойиҳа ишга тушди. МЧЖ негизида “Тепа газ строй Ўзбекистон” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасини ташкил қилдик.

– Янги лойиҳамиз ҳам аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган, – дейди Зафархўжа Раҳимов. – Қўшма корхонанинг қиш мавсумидан олдин ишга туширилаётгани андижонликларга янада қулайлик яратади. Чунки бу мавсумда суюлтирилган маиший газ баллонларига талаб янада кучаяди. Корхонамизнинг тўла қувват билан ишлаши учун O‘zLiDeP кўмагига муҳтожмиз. Партия ходимлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашса, ҳам бизга, ҳам Андижон халқига ёрдам берган бўлишарди.

Мақоламиз сўнггида яна бир фикрни таъкидламоқчи эдик. Ўтган ҳафтадан бошлаб “Ширин газ сервис” O‘zLiDePнинг ажралмас бир бўлагига айланди. Корхонада партиянинг қуйи бўғини ташкил этилди. Мазкур БПТга “Ширин газ сервис”нинг 20 нафарга яқин ходими аъзоликка қабул қилинди. 

Ҳасан САЛОМОВ,

журналист

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1397
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2018-10-26 19:15:49

Миллатимизнинг бошқа биронта миллатдан кам эмаслиги, агар имконият яратиб берилса, буюк ишлар қилишга қодир эканлигини кўрсатувчи аниқ бир мисол бу! Яшанг, омадингизни берсин Зафархўжа Раҳимов!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+