Чекка туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга янада кўпроқ имтиёзлар берилди

29.10.2018, 14:05

Чекка туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга янада кўпроқ имтиёзлар берилди

Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳани жадал ривожлантириш билан бирга янги иш ўринлари, халқнинг турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилиши барчамизга яхши маълум. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик учун шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқаришини мунтазам модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, уни юқори сифат ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини берадиган илғор замонавий ускуналар билан таъминлаш тизимини рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу қарорга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 январига қадар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб кириладиган бирламчи шаклдаги этилен полимерлари ва туяқушлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинди.

Айнан мана шу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 январдаги “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги қарорининг 4-бандига тегишли ўзгартишлар киритилди. Шунга асосан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой туманларида, Хоразм вилоятининг Янгиариқ ва Қўшкўпир туманларида жойлашган саноат соҳасида янги ташкил этилаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар 2027 йилнинг 1 январига қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туманларида 2022 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга ягона солиқ тўловини тўламайди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой ва Кегейли туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва фақатгина ушбу туманларда фойдаланиладиган махсус техника, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун 2020 йил 1 январига қадар божхона тўловлари бекор қилинди.

Бундай имкониятлар кейинги вақтларда бизнес субъектларига солиқ ва божхона имтиёзлари бериш масаласига янгича ёндашилаётганининг самарасидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар фақатгина қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши, шунингдек, аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурлиги белгилаб қўйилган. Имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича енгилликлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланган.

Янги тартибнинг жорий қилиниши хўжалик юритувчи субъектларнинг барча тоифалари учун тенг рақобат шароитларига эга бўлган ягона иқтисодий маконни шакллантиришда ишончли пойдевор вазифасини бажараши шубҳасиз.

Ўткирбек ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

 

  • Кўрилди
    1170
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+