Шундай бир муҳташам бино қурсам-ки...

31.10.2018, 11:32

Шундай бир муҳташам бино қурсам-ки...

“Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида танловига

Агар Қашқадарё томонларга йўлингиз тушиб, Ғузордаги Кенгсой сарҳадларида қад ростлаган, истиқлол мўъжизаси дея эътироф этиладиган “Шўртангазкимё” мажмуасига қадам ранжида қилсангиз, қоронғуда ўзидан ёруғлик чиқариб, йўлларни ёритиб турган плиталарга нигоҳингиз тушади. Уларнинг тунги жилосидан кўзингиз қамашиб, ҳайратингиз ошиши табиий. Кварц қуми аралаштирилган бундай плиталар воҳанинг таниқли тадбиркори, “Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” корхонаси раҳбари Дилшод Кичкинаевнинг кашфиётларидан бири. Тиниб-тинчимас ишбилармон йигит ҳар йили ўз фаолиятида янгилик қилишга  одатланган.  Эндиликда қураётган биноларининг ташқи тарафига ана шундай қум аралаштирилган плиткалар териш бошлаб юборилди.

- Дилшод тўнғич фарзандимиз, - дея ҳикоя қилади Бекназар ака. - Ўзим қурувчи бўлсам-да, уни ҳуқуқшунос бўлишини орзу қилардим. Онаси Хурсандойнинг наздида ундан зўр ўқитувчи чиқиши керак эди. Аммо у биз орзу қилган касбларни танламади. Ёшлигидан уйчалар қуришни яхши кўрарди. Тенгқурлари кўчада копток тепиб юрганларида уларга қўшилмас, ҳовлининг бир бурчагида ўзи учун ажратилган жойда  иморатчалар қуриб, завқ оларди. Менга берадиган саволлари ҳам нуқул қурилиш ҳақида бўларди. У турли биноларнинг шакл-шамойилини қоғозга туширар, кейин қуриб, бизга кўрсатарди. Мен бўлсам, “Жуда ажойиб бўлибди!” деб доимо қўллаб-қувватлардим.  Кунлардан бир кун уни ўзим меҳнат қилаётган қурилиш объектига олиб кетдим. Қурувчилар ишини ҳавас билан кузатаётган ўғлимнинг кўзларидаги ҳайратни кўриб, у умр йўлини безайдиган касб танлаганига имон келтирдим.

 Йилларни қувиб йиллар ўтаверди. Ўрта мактабни битирган Дилшод  1994 йил Қарши Муҳандислик Иқтисодиёт институтига ўқишга кирди. Ҳар бир кишининг малакали мутахассис бўлиб шаклланишида олийгоҳ таҳсили муҳим ўрин тутади. Талаба йигит муттасил ўқиди, билмаганларини устозларидан сўраб ўрганди. Изланувчанлиги ва ташкилотчилиги билан устозлар назарига тушди. Иқтисодиётни яхши билган кишигина моҳир меъмор ва зўр бунёдкор бўлиши мумкин дея такрорларди устозлари. Қурилишлар тарҳини чизишда унга тенг келадигани топилмасди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда қурилиш ишларига ҳам жиддий ёндошила бошланди. Гугурт қутисидек бир-бирини такрорлайдиган собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолган лойиҳалардан воз кечила бошланди. Мустақиллик фарзандлари бўлмиш ёшлар Ўзбекистонга хос, бетакрор ва миллий архитектура ривожлантириш борасида изландилар. “Муҳандис-бунёдкор” деб номланган деворий газета саҳифаларини талабаларнинг чизмалари безарди. Улар ўртасида иқтисодиёт илми, чизмачилик ва бошқа фанлардан кўрик-танлов ва турли беллашувлар ташкил этиларди. Курсдошларнинг барчаси интилувчан ва меҳнатсевар ёшлар бўлганликлари боис ҳозирда турли соҳаларда самарали фаолият олиб бормоқдалар.   

- Талабалик давримда устозлар ва дўстлар билан Шаҳрисабзга саёҳат қилгандик, - эслайди Дилшод Кичкинаев. - Ўшанда маҳобатли Оқсаройни кўриб, аждодларимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятига тан берганман. Уларнинг ақлу заковати ва юксак маҳорати ила қад ростлаган муаззам обидалар пойида келгусида мен ҳам мана шундай муҳташам иморатлар қураман деб ният қилганман. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг қудратимизга шак-шубҳангиз бўлса, биз қурдирган иморатларга боқинг” деган пурмаъно ҳикматлари қалбу шууримга бир умрга муҳрланган, мени улкан бунёдкорлик ишлари сари даъват этиб туради.

Институтни битиргач, қурилиш фирмаси ташкил этиб, тадбиркор қурувчи сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйди. Ўша йиллари қурувчилик билан шуғулланишни орзулаган ёшлар жуда кўпчилик эди. Аммо уларнинг барчаси ҳам ишни уддалай олишмасди. Ёш тадбиркор олдида турган биринчи вазифа-ишончни қозониш эди. Шунинг учун ишни кичикроқ объектни қуришдан бошлади. Қурувчиларнинг билими ва амалий иш тажрибасини ошириш талаб этиларди. Уларни йирик қурилиш объектларига иш ўрганиш учун юборди. Қурилиш соҳасидаги замонавий билимларни эгаллашга интилди.

- Инсон ҳаётидаги энг бахтли онлар бир умр шуурига муҳрланиб қолади, - дейди у. -  Олий маълумотли муҳандис-қурувчи мутахассислигига эга бўлиб, қўлимга диплом олган кунимни оила даврасида катта байрам қилганмиз. Ўша файзли оқшомда қариндошлар ва ёру биродарлар даврасида дадам менга дуо бериб, бунёдкорлик ишларимда тангри ёр аждодлар руҳи мададкор бўлишини тилаганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди. Аммо қурувчилик ўта масъулиятли иш эканлигини эслатиб ҳам қўйгандилар. 2001 йил корхонамиз қурувчилари билан илк йирик объект-Нишон туманидаги “Нуристон” қўрғончасида 40 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйни бунёд этиб, фойдаланишга топширгандик. Бу биз учун катта бахт эди. Чунки қурувчиликнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Заҳматлар инсонни қийнайди, синайди ва улғайтиради. Сабру тоқатли киши учун истиқбол эшиклари доимо очиқ. Ишнинг кўплигидан дам олиш кунини ҳам унутиб юборганмиз. Битта объектни олдикми, уни фойдаланишга топширмагунимизча бедор яшаймиз.  Муҳими ишончни оқлаш, юртимиз кўркига кўрк қўшаётган бинолар қуриш, бандлик ва фаровонликни оширишга ҳисса қўшишдир. Эрта тонгда ота-онамдан дуо олиб, йўлга отланаман. Падари бузрукворим ва волидаи муҳтарамамнинг дуолари туфайли йўлларим мунаввар, хайрли ишларим бардавомдир.

Ҳа, корхона жамоаси вилоятда кенг кўламда амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиб келмоқдалар.  Шаҳрисабз шаҳрини қайта қуриш ва таъмирлаш ишларига корхона қурувчилари баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшишди. Дорилтиловат, Дориссаодат тарихий обидалари, Ҳовузи Мардонни таъмирлаш, қадимий бадиий безакларини тиклаш, Амир Темур хиёбонини ободонлаштириш, мусиқали рангли фаввора ўрнатиш ишларини маромига етказиб бажаришди.   2014 йил Қарши шаҳридаги Одина масжиди ва хиёбони таъмирланиб, фаввора ўрнатиб берилди. Орадан бир йил ўтгач, Қашқадарё соҳилидаги қадимий Амир Темур кўпригини қайта тиклаш ва мармар панжара ўрнатиш ишлари юксак даражада бажарилди. Муборакдаги ҳарбий қисм учун спорт ва фаоллар заллари бунёд этилди. Бу йил республика кардиохирургия ва эндокринология марказларининг вилоят филиаллари ҳамда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

-Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифлари чоғида биз бунёд этаётган тиббий марказлар бинолари қурилиши билан танишиб, қурилиш ишларининг сифатини ошириш, меъморий услубларини замонавийлаштириш борасида йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берган эдилар, - дейди қурувчи-тадбиркор. – Унга кўра тиббиёт муассасалари  бинолари  ва залларига ўзгача дизайн бериб, даволанадиган беморлар учун хоналарда барча шароит муҳайё этиладиган бўлди. Муассасаларнинг ҳар бир хонасига алоҳида эътибор қаратилди. Бу хоналарда даволанган бемор дарддан бутунлай фориғ бўлиб, ўз хонадонларига соғ-саломат қайтишига ишонаман. Мақтанишга  йўйманг-у, биз қурган бинолар пойтахтдагидан сира қолишмайди. Сабаби ўз  устимизда муттасил ишлаймиз, қурилиш борасидаги янгиликларни амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қиламиз.  

Дарҳақиқат, “Қашқадарё махсус қурилиш дизайн” корхонаси ишга тушган дастлабки йилда 4 нафар ишчи билан меҳнат қилган бўлса, бугунги кунда 150 нафар ёшлар доимий ва мавсумий иш билан таъминланган. Ўтган йиллар улар учун машаққатли синов йиллари бўлди. Корхона жамоасининг бунёдкорлик салоҳияти йил сайин юксалиб, бир-биридан кўркам, шинам, миллийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган биноларни қуриб, фойдаланишга топширдилар. Энг сўнгги русумдаги 20 га яқин қурилиш техникалари харид қилинди. Илгари корхона томонидан кўпгина қурилиш материаллари сотиб олинар эди. Собиқ МЧЖ биноси ноль қийматда олингач, бетон маҳсулотлари, йўлак ва том плиталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Механика цехида қурилиш учун зарур бўлган барча асбоб-ускуна ва жиҳозлар тайёрланаяпти. Қашқадарёда кварц қуми заҳираси бисёр. Ишбилармон йигит бу хом ашёдан йўлакбоп плиталар, йўл чети тўсиқлари (бардёрлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Улар тунда ҳам йўлларни ёритиб, машиналарнинг эркин ҳаракатланишига ёрдам беради. Келгусида Оқсарой мажмуасидаги Амир Темур хиёбони ҳам ана шундай нур сочувчи плиталар билан безатилади. Корхонанинг аҳил ва меҳнатсевар жамоаси тез кунларда “Шўртангазкимё” мажмуаси ёнидан бунёд этилаётган Синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш корхонаси қурилишида иштирокларини бошлашади.    

- 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони мен каби тадбиркорлик билан шуғулланаётган юртдошларим учун катта имконият ва имтиёзлар эшигини очиб берди, - мамнуният билан сўзлайди партия фаоли. - Энди янгиликлар сари интилмаган, ўз устида ишламаган, инновацион ғояларни ўз фаолиятига татбиқ этмаган тадбиркорнинг омади чопмайди. Ўтган икки йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган улуғвор ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, юртбошимиз тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратганликларининг гувоҳи бўламиз. Фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитларнинг яратилиши, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилишга кенг йўл очилиши, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини ва улар фаолиятида ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш механизмларини, солиқ ва божхона сиёсатини, банк молия соҳасини янада такомиллаштириш,  иқтисодиёт тармоқлари  соҳаларига инвидуал имтиёзлар беришдан воз кечиш, ҳудудларни фаол ва тенг ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларнинг йил дастуридан ўрин олиши ҳар бир юртдошимизни эмин-эркин фаолият олиб бориши учун берилган улкан имконият ва рағбат деб биламан. Илгари ҳисобимиздаги маблағларни конвертация қилишга 2 ой вақт кетарди. Идоралар эшиги олдида сарғайиб, умримизни ўтказардик. Энди-чи, узоғи билан икки кунда барча конвертация ишларини ҳеч бир муаммосиз амалга ошираяпмиз. Солиқ, божхона, банк борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Улар бизнинг ҳақиқий ҳамкорларимизга айланишган. Банклар чақириб, кредитларни тавсия этишаяпти. Бундай шароитни илгари тушимизда кўрганмиз, холос. Бунинг учун муҳтарам юртбошимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак арзийди. Оллоҳга минг қатла шукурким, бугун тадбиркорнинг куни келди.

Қарши шаҳридаги Рогузар маҳалласидаги кекса-ю ёш Кичкинаевлар оиласи  ҳақида доимо мақтов сўзларни айтишади. 40 йил қурувчилик касбини эъзозлаган, тажрибали бунёдкор Бекназар ака бугун маҳалладаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари, байрам тадбирларини ўтказишга раҳбарлик қилади. Қурбоной ҳожи ая эса хонадонлардаги озодалик, аҳиллик, оилалар мустаҳкамлиги, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, қизлар учун ҳунар ўргатадиган марказлар очиш ишларига бош-қош. Маҳалладаги ҳар бир байрам тадбири бу оиланинг иштирокисиз ўтмайди. Ҳайитларда кам таъминланган оилалар, ногирон ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб,  совға-саломлар улашилади. Маҳалла фаоллари ёш йигит-қизларни спорт билан шуғулланишлари учун ғамхўрлик қилишни унутмайдилар.

- Отам биринчи устозим саналадилар, - дейди Қашқадарёнинг таниқли тадбиркори. - Воҳамизнинг тажрибали ва моҳир қурувчилари саналган устозларим - Н. Рустамов ва Б. Муродовлардан бир умр миннатдорман. Улар қачон мурожаат этсам, мендан ўз ёрдамлари ва маслаҳатларини аямайдилар. Шундай бағрикенг ва меҳрибон устозларим борлигидан ҳамиша фахрланаман. Ўзбекистонимизда бунёд этилаётган биноларда миллийлик ва замонавийлик, ўзбекона жозиба, шарқона нафосат кўзга ташланиши керак. Мен ҳам гўзал ва муҳташам биноларни яратишни кўз олдимдан бир-бир ўтказиб, сўнг қоғозга тушираман ва устозларим билан маслаҳат қиламан. Орзуйим дунё халқларини ҳайратга соладиган гўзал ва осмонўпар бино қурсам. Худди муаззам Оқсарой каби асрлар силсиласида  боқий тураверса.

Дилшод қўли очиқнинг йўли очиқ, хайр-саховат баракада деган шиорларни ҳаёт аъмолига айлантирган саховатли тадбиркорлардан. Муттасил равишда хайрли ишларни амалга ошириб, элнинг дуосини олишни ўз бурчи деб билади.  

Партия фаоллари билан шаҳар маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий аҳволини ўрганиш жараёнида битта кам таъминланган оилага кириб қолишди. Уларнинг болалари алмисоқдан қолган эски  телевизорга термулиб ўтиришган экан. Тадбиркор бу ҳолатни кўриб ниҳоятда таъсирланди. Шу куни битта замонавий телевизор харид қилиб, корхона номидан ўша оилага совға қилди. Янги телевизорни томоша қилаётган ёш болаларнинг кўзидаги қувончни кўриб, қалби завққа тўлди. Ахир Ҳазрат Навоий “Ким бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай” дея бежиз лутф айламаганлар.  Отчопар маҳалласидаги 6 нафар кам таъминланган оилаларнинг уйлари сифатли таъмирлаб берилди. Боқувчисини йўқотган оилаларга уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа этилди. “Одина” масжиди ёнида монитор ўрнатилиб, Эшоншаҳид қабристонига кириш йўллари таъмирланиб, брусчаткалар терилиб, ободонлаштирилди. Бу каби хайрли ишлар сон мингта. Аммо Дилшод ҳеч қачон ҳеч қаерда берган моддий ёрдамлари ва совғалари ҳақида бир оғиз ҳам айтмайди.  

- Турли идоралар томонидан асоссиз текширишлар, фаолиятга ноқонуний аралашувлар тадбиркорни ўз ишидан бездиради, эртанги кунига ишончини сўндиради, - дейди Дилшод Кичкинаев. – Биз ҳам ана шундай нохуш ҳолатларни бошдан кечирганмиз. Оллоҳга минг қатла шукурким, қонуний фаолият олиб борганимиз учун текширувчилар ойлаб текшириб, ҳеч нарса топишолмаган.  Фақат қимматли вақтимиз, соғлиғимизни йўқотганмиз, холос. Ахир тадбиркор учун ҳар бир дақиқа ғанимат. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йиллик муддат мораторий эълон қилиниши нафақат бугун фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор учун, балки мен каби кўп йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркор учун муҳим аҳамият касб этади. Йигирма  тўрт йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган инсон сифатида шуни ошкора айта оламанки, бунақанги имтиёзни ҳали кўрганим йўқ эди. Қувонарли томони шундаки, биз қурувчи тадбиркорлар учун энергия тежамкор технологияларини фаол жорий этишни назарда тутиб, қурилиш соҳасини ривожлантириш дастурининг ишлаб чиқилиши мамлакатимиз тарихидаги янгиликдир. Очиғи, ишлайдиган замон келди.  Миллионлаб юртдошларимиз, ёшлар ва хотин-қизларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишлари учун бугун қулай имконият ва ҳуқуқий асос бор. Ишонаманки, ойдин замонимизда, партиядошларимиз мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

Дилшод Кичкинаев нафақат моҳир бунёдкор, саховатли тадбиркор балки O‘zLiDeP Қарши шаҳар кенгаши аъзоси, шаҳардаги энг намунали БПТ етакчиси ҳамдир. У партия томонидан ўтказилаётган йиғилишларда қатнашиш учун ҳамиша вақт топади. Йиғилишларда партия ишини жонлантириш борасида аниқ таклифлар билан чиқиб, қуйи бўғинлар фаолиятидаги айрим камчиликларни рўй-рост айтиб, электоратни қийнаб келаётган муаммоларнинг мақбул ечимларини ўртага ташлайди. Унинг аниқ  ва асосли таклифидан сўнг партия депутатлик гуруҳи томонидан халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашига  бир нечта масалалар киритди. Аҳоли ўртасида партиянинг дастурий мақсадларини кенг арғиб қилиш ишларида фаол қатнашиб келмоқда. БПТ етакчиси ўз сўзларини амалий ишлари билан исботлаб, ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги билан обрў эътибор топиб келаётир.

- Дилшод Кичкинаев депутат бўлмасада партия тадбирларида ўз таклифлари билан фаол қатнашиб келади. Партия ишига жиддий ёндошади, шаҳар кенгаши томонидан берилган кўрсатмаларни сидқидилдан бажаради, - дейди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Сарвар Бекмуродов. – Сайловлар яқинлашмоқда. Назаримда биз депутатликка номзодлар танлаганимизда ана шундай жонкуяр ва фидойи кишиларни танлаб олсак, амалга ошираётган ғоявий-сиёсий, ташкилий –партиявий ишларимиз самарадорлиги ортади. Бундай фаоллар бор экан партиямизнинг нуфузи бундан-да сарбаланд бўлаверади.  

Суратларда: Д. Кичкинаев. Тадбиркор-қурувчи Президент билан вилоят фаоллари мулоқотида.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1290
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+