“Katqala teks” чиқиндилардан юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқаради

31.10.2018, 12:00

“Katqala teks” чиқиндилардан юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқаради

“Фаол тадбиркор ижодкор нигоҳида” танловига

“Uztex group” мамлакатимизда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи энг йирик ишлаб чиқарувчи компания хисобланади. Хоразм вилоятидаги “Katqala teks”, “Uztex shovot”, “Shovot tekstil” каби корхоналар ана шу компания таркибига киради. Мазкур корхоналарда ишлаб чиқарилган тўқув-трикатаж маҳсулотлари ички ва ташқи бозорда сотилмоқда.  

Бугун ана шундай корхоналардан бири “Katqala teks” фаолияти билан яқиндан танишамиз.

– Корхонамиз пайпоқ ва аёллар калготкилари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди корхона раҳбари Умрбек Абдуллаев. – Маҳсулотларимиз Украина, Россия, Молдавия, АҚШ, Канада давлатларига экспорт қилинади. Экспортдан тушаётган маблағлар корхонамизни модернизация қилиш, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришга янги технологиялар ва инновацияларни жалб этишга сарфланмоқда. Бу эса маҳсулотларимиз сифатини яхшилашга ва даромадларимизни яна кўпайтиришга хизмат қилаётир.

Ходимлар малакасини ошириш корхонанинг доимий эътибордаги масалалардан бири. Йилига 70 миллиондан зиёд пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга “Katqala teks” ишчиларига Туркия ва Покистон давлатларидан келган мутахасислар мастер-класс ўтиб боришади.  

– Техника-технологиялар ҳар қанча ривожланмасин, текстил саноати  учун малакали ходимлар масаласи ҳар доим долзарб бўлади, – дейди корхонанинг молиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Бекзод Йўлдошев. – Шунинг учун хориждан соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб этганмиз. Улар ишчиларимизга энг замонавий технологиялар билан ишлаш сир-асрорларини ўргатишмоқда. Келажакда корхонамизнинг энг яхши ишчиларини хорижий корхоналарга малака оширишга юборишни режалаштиряпмиз.

Дарвоқе, “Katqala teks”га ходимларни ишга олишга ҳам алоҳида масъулият билан ёндашилади. Корхонада ишга кирмоқчи бўлган киши текстил саноатида муайян тажрибага эга бўлиши керак. “Ҳамма жойда шундай-ку” дейишга шошилманг. Зотан, “Katqala teks”да ишлаш учун 2-3 йиллик тажрибанинг ўзи етарли эмас. Янги келган ходимлар 4 ойлик ўқув курсларида ўқитилади. Энг қизиғи, курсларда таҳсил олаётган ходимларга корхона томонидан стипендия берилади. Бу тартиб эса ҳамма жойда ҳам йўқ. Шундайми?

– Корхонамизда айни кунда 750 нафар киши меҳнат қиляпти, – дейди У.Абдуллаев. – Уларнинг ҳаммаси ўқув курсларида стипендия олиб, таҳсил кўришган. Очиғини айтсак, ўқув курсларини ташкил этиш корхонамизга бироз қимматга тушган. Чунки курс ўқитувчисига ойлик, ўқувчисига эса  стипендия бериш ҳар қандай иқтисодий жиҳатдан бақувват корхонага ҳам оғирлик қилади. Бошида биз ҳам қийналганимиз рост. Аммо бугун ўша қийинчиликлар орқада қолди. Биз ўқув курсларини ташкил этиб, биринчи навбатда “Katqala teks” учун малакали мутахассисларни тайёрладик. Иккинчидан эса бу ишчиларимизга катта ёрдам бўлди. Улар бошқа жойда ишга ўтсалар ҳам, ўқиган ва билганлари ўзларида қолади. Текстил саноатидаги исталган корхонада ишлаб кетишлари мумкни.

Корхонада чет элдан келган меҳмонлар учун европа стандартлари асосидаги меҳмонхона ҳам фаолият юритади. Бундан ташқари, ходимларнинг ишдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спектакл ва театрларга саёҳатлар ҳам уюштирилади.

– Раҳбаримиз  ҳафтанинг душанба куни ходимлар билан йиғилиш ўтказиб, ўтган хафтада бажарилган ишлар ва олдимиздаги режаларимиз билан таништириб, ходимларнинг таклифларини ўрганади, – дейди “Katqala teks” ходими Света Собирова. – Шунингдек, йиғилишда корхонамиз ҳузурида ташкил этилган O'zLiDeP бошланғич ташкилоти аъзолари томонидан янги қабул қилинган қарор ва қонунлар, давлат дастурларининг мазмун-моҳияти тушунтирилади.

“Katqala teks” айни кунларда инновацион ғоялар асосида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва иш янги ўринлари яратишни режалаштиряпти. Яқин орада корхона ҳузурида болалар юмшоқ ўйинчоқларини ишлаб чиқарадиган ёрдамчи хўжалик ташкил этилади.  

– Ишлаб чиқаришни чиқиндиларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди Умрбек Абдуллаев. – Айниқса, текстил саноатини. Корхонамизда ишлаб чиқариш давомида чиқиндилар “уюм”и ҳосил бўлади. “Полистр”, “Польями”, “Иластан”, “Спандикс” пайпоқ учун керак бўладиган ипларларнинг маълум қисми чиқиндига чиқади. Энг ёмони, бу иплар хориждан, вальюта ҳисобига келади. Шу пайтгача чиқиндиларни диван, кресло ва юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқараётган корхоналарга сотаётган эдик. Энди уларни ўзимиз қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. Яқин келажакда корхонамиз ҳузурида юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарадиган миницех фаолиятини йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Бу ҳам корхонамизга қўшимча даромад олиб келади, ҳам янги иш ўрни яратиб, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшамиз.

Мақоламиз сўнггида бир фикрни таъкидламоқчимиз. “Katqala teks” O'zLiDeP учун ҳам бегона эмас. Гап шундаки, мазкур корхонада партия қуйи бўғини фаолият юритади. Ишчиларнинг 100 нафарга яқини БПТ аъзоси ҳисобланади. Шундай экан, “Katqala teks”нинг манфаатларини ҳимоя қилиш, корхона муаммоларини партиявий воситалар орқали ҳал этишга кўмаклашиш, фаолиятини ривожлантиришга ёрдам бериш O’zLiDePнинг ҳам  устувор вазифасидир.

 Ҳасан САЛОМОВ,

журналист

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

 

  • Кўрилди
    2164
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара УзЛиДеП Тахтакупир туман Кенгаши ижрочи котиб 2018-10-31 14:53:31

Тажрибали тадбиркор, Умрбек Абдуллаевнинг уз ишига ахамият билан карагани ва албатта ишчиларни хар тамонлама куллаб кувватлаши бугинги кундаги самарали ишларига асос булмокда. Уз унимларини экспорт килаетган корхона фаолиятига куз тегмасин ва келгуси ишларида омад яр булсин!


Д.Юлдашева Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати ЎзЛиДеП Ш.Рашидов туман Кенгаши раиси2018-10-31 14:13:40

“Katqala teks”ҲАҚИДАГИ МАҚОЛА БИЛАН ТАНИШИБ, БУ ЖАМОАНИ ИШ ФАОЛИЯТИГА ХАВАС БИЛАН ҚАРАГАН ҲОЛДА УЛАРГА ДОИМО ОМАД ҲАМРОҲ БЎЛИШИНИ ТИЛАЙМАН.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+