Қачонгача Ўзбекистонда туриб хорижлик ишлаб чиқарувчининг оиласини боқамиз?

08.11.2018, 17:58

Қачонгача Ўзбекистонда туриб хорижлик ишлаб чиқарувчининг оиласини боқамиз?

Маҳаллий матбуотда Президентимизнинг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақидаги мақолаларни катта қизиқиш билан ўқияпмиз. Мақолаларда фармон тадбиркорлик субъектлари олдида турган бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиши, уларнинг давлат идоралар билан муносабатларини тартибга солиши, солиқ ва божхона имтиёзларининг берилаётгани ҳақида сўз юритилмоқда.

Фармонни синчвоклик билан ўқиган одам Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида товар бозорларидаги нархлар, талаб ва таклифларни ўрганадиган марказ ташкил этилаётганидан яхши хабардор. Марказга республикамизда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари тўғрисида ахборот бериб борувчи электрон-ахборот порталини яратиш вазифаси юкланган. Аксарият нашрлар ва экпертларнинг эътиборидан четда қолаётган мазкур банд маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ, марказ ахборот порталида импорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхати бўлади. Бу эса тадбиркорлик субъектлари учун айни муддао. Чунки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ана шу рўйхатга қараб фаолиятини ўзгартиришлари ёки кенгайтириши мумкин. Бу эса импорт маҳсулотлар кўламини қисқартириши шубҳасиз. Бундан хулоса шуки, Президентимизнинг мазкур қарори нафақат товар бозорларидаги савдони эркинлаштиради, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ҳам янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Очиғини айтсак, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ана шундай кўмак керак эди. Чунки маҳаллий бозорларимизда хорижда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Айниқса, мебель сотадиган дўконларда. Кузатувларимиз асосида бир фикрни айтмоқчимиз: пойтахтимиздаги мебель дўконларида сотилаётган маҳсулотларнинг деярли 100 фоизи хорижда ишлаб чиқарилган. “Буни нимаси ёмон?”, дейишингиз мумкин. Ёмон томони шундаки, биз хориждан маҳсулот сотиб олиш эвазига мамлакатимиз вальюта захирасини камайтиряпмиз. Ўзимизда қолиши керак бўлган пуллар хорижлик ишлаб чиқарувчилар чўнтагига кетяпти. Яна ҳам соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, биз Ўзбекистонда туриб хорижлик ишлаб чиқарувчининг оиласини боқяпмиз. Умид қиламизки, Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида тузилаётган марказ хорижга оқиб кетаётган пулларимизни ўзимизда қолдиришга замин яратади. Тадбиркорларимизга импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга рағбатлантиради.

Хулоса ўрнида бир воқеани айтиб берсам. Яқинда нуфузли давлат идорасида ишлайдиган танишим Японияда ўқиётган ўғлига “Бизда ҳам ишлаб чиқариш корхоналари ривожланяпти. Ўзимизнинг маҳсулотларимизни Японияга сотишнинг бирор имконини қидирсанг бўлмайдими?”, деб маслаҳат солибди. Японияда таҳсил олаётган ўғил эса “Японлар фақат ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни олишади”, деб жавоб қайтарибди. Истардикки, яонларда шаклланган ана шу тафаккур бизнинг онгимизга ҳам тезроқ ўрнашса, “Хўрозқанд чет элники”, деса ётволиб ялайдиган одатимиздан тезроқ воз кечсак... Шу фикрларни айтяпмиз-у, янги тузилаётган марказ зиммасидаги вазифалар нақадар масъулиятли эканини ич-ичимиздан англаяпмиз. Ишонамизки, марказ ана шу вазифани шараф билан уддалайди.

Тўрабек НАЗАРОВ,

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар

Кенгаши раиси,  

“Тошкентмебель”

корхонаси раҳбари

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagram’даги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1216
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+