O‘zLiDeP раҳбари фракция аъзолари билан учрашди

09.11.2018, 09:15

O‘zLiDeP раҳбари фракция  аъзолари билан учрашди

Учрашувда асосий эътибор O‘zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан олиб борилаётган амалий ишлар, эришилган марралар ва ўз ечимини кутаётган  долзарб масалаларга қаратилди.

Таъкидландики, йилнинг ўтган даври мобайнида фракция аъзоларининг фаолияти 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган устувор вазифалар ҳамда партия дастуридан келиб чиққан ҳолда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан белгиланган асосий йўналишлар бўйича изчил олиб борилмоқда. Депутатлар томонидан Давлат раҳбарининг миллий парламент аъзоларига энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросига қаратилган, кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва янада мустаҳкамлаш бўйича режали ишлар олиб борилаётганлиги, авваламбор, халқ билан мулоқот тамойили асосида одамларни ташвишга солаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, тегишли давлат органлари мансабдор шахсларига депутатлик сўровлари воситасида парламент назорати амалга оширилаётгани ҳақида ахборот берилди.

Партия раиси томонидан «Ёшлар келажагимиз», «Ҳар бир оила тадбиркор», «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурлари ижроси, парламентдаги фракция аъзоларининг қонун ташаббускорлиги даражаси, парламент назорати фаолияти, жойларда сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш энг долзарб масалалардан эканлиги, шунингдек партиямиз электорати ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш ўта муҳим масала эканлиги айтиб ўтилди. Бу борада инвестиция оқимини кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳада илғор ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш, инновацион тажрибаларни татбиқ этиш, ер майдонларини томчилатиб суғориш тажрибаси, кластер тизимига ўтишни жадал ривожлантириш лозим.

Партия етакчиси Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида партия томонидан олиб борилган ишлар кўлами, партия электорати томонидан тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этишга қаратилган кўплаб ташаббус амалга оширилаётганлиги ва партия фракцияси аъзолари ва жойлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан мамлакатда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратишга ва шу аснода партия электорати ва тадбиркорлар сафини кенгайтириш O‘zLiDePнинг биринчи галдаги вазифаси эканлиги тўғрисида фикрларни билдирди.

Учрашувда шунингдек, ислоҳотларнинг самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролига алоҳида тўхталиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 12 июлида Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентнинг ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши, қабул қилинаётган қонунлар орқали парламент аъзолари одамларнинг оғирини енгил қилиш, соғлиқни сақлаш, экология, коммунал хўжалик, таълим ёки бошқа соҳаларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишда O‘zLiDePнинг етакчи роли ҳақида сўз борди.

Берилган ахборотда қайд этилганидек, фракция аъзолари томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 9 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Депутатларимиз томонидан яна 7 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланиб, уни такомиллаштириш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳисобот даврида 12 та парламент эшитувлари ташкил қилиниб (ўтган йилларга нисбатан қарийб уч баробар кўп), Молия, Иқтисодиёт, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Солиқ қўмитаси ва бошқа вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарларининг ахборотлари фракция йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди ҳамда фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

«Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, фракциямиз депутатлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 58 та депутат сўровлари юборишди.

O‘zLiDeP фракцияси Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар билан узвий алоқа ўрнатган. Фракциянинг турли тадбирларида, шу жумладан, фракция йиғилишларида маҳаллий Кенгаш депутатлари доимий равишда ўзларининг таклифлари билан фаол иштирок этиб келишмоқда.

Жойларда мунтазам равишда сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Жорий йилнинг январь-май ойлари давомида O‘zLiDeP фракцияси аъзоларидан иборат депутатлар 50 та туман ва шаҳарларга чиқиб халқ билан мулоқот қилишди. Фракциямиз аъзолари 12 мингдан ортиқ хонадонга ташриф буюриб, 6,5 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари билан бевосита суҳбат ўтказди.

Булардан ташқари, фракциямиз аъзолари «Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш  зарбдор ойлиги», «Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги», «Ўзбекистон аҳолисининг соғлом овқатланиши ҳолатини ўрганиш» ҳамда Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш каби тадбирларнинг бажарилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишди.

  • Кўрилди
    1484
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+