Ўн беш йиллик тажриба

09.11.2018, 10:43

Ўн беш йиллик тажриба

икки йиллик синовли муддат ва эришилган  ютуқлар хусусида айрим мулоҳазалар

Бугун мамлакатимизда иқтисодиётни тубдан ўзгартириш, замонавий тармоқларни барпо этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, бозор инфратузилмасини ҳозирги талаблар асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда фаоллик кўрсатаётганларнинг аксариятини, табиийки, ишбилармонлар қатлами ташкил қилади. Айнан мана шу қатлам – мулкдорлар, кичик бизнес, хизмат кўрсатиш соҳаси, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, моддий ва интеллектуал мулк эгалари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни мақсад қилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси таъсис этилганига ҳам 15 йил тўлмоқда. Ўтган вақт давомида мазкур сиёсий куч фуқаролар ишончини қозониш билан бир қаторда сиёсий майдонда ҳам, жамиятда ҳам ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаб улгурди. Дастлаб партия тадбиркорлар ва фермерларни қамраб олган бўлса, бугунга келиб фуқароларнинг барча қатламлари ўз ташаббуслари билан сафимизни кенгайтирмоқда.

Айниқса, сўнгги икки йилда амалга оширилган ислоҳотлар шиддати O‘zLiDeP учун ҳам янги бир даврни бошлаб берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси олдимизга қўяётган долзарб вазифалар фаолиятимизни тубдан такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Тарихга назар

2003 йил... Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мулкдорлар қатлами, кичик бизнес вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ишлаб чиқариш соҳалари мутахассислари ҳамда ўз ташаббусларини ривожлантириш эвазига халқ фаровонлигига эришишга ҳаракат қилаётган барча фуқароларнинг манфаатларини ва сиёсий иродаларини ифодаловчи сиёсий ташкилот тузилган эди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш мақсадларини ўзида ифода этган ушбу сиёсий куч дастлабки фаолиятиданоқ ижтимоий тоифа номидан мамлакат сиёсий саҳнасига чиқишга, муносиб ўрин эгаллашга ҳаракат қилди. Ўтган давр мобайнида партия парламент сайловларида давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи турли даражадаги органларига номзод сифатида кўрсатиладиган юқори малакали, етарли сиёсий ва ҳуқуқий малакага эга аъзолари сиймосида сиёсий элитани шакллантириб улгурди.

Ҳозир... партия кўмаги қандай?

Айни вақтда O‘zLiDePга муаммолари ечимини ишонадиган ишбилармонлар қатлами билан бир қаторда бошқа соҳа вакиллари, оддий фуқароларнинг ҳам борлиги, улар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта. Партия ташкил топишининг илк кунлариданоқ сафда бўлганим боис ўтаётган йиллар шиддатида кеча ва бугунни ёрқинроқ сарҳисоб эта олишдан мамнун бўламан. Тўғри, бу маррага етиб келишнинг ўзи машаққатли кечди.

Айни вақтда қай гўшага, қай масканга бормайлик, аҳоли мурожаатлари билан ишлашга тўғри келади. Халқ дарди билан яшашни, инсон манфаатлари ҳимоясига бел боғлашни ўргатди партия аслида... Бугун  аҳоли хоҳ коммунал, ижтимоий бўлсин, хоҳ иқтисодий ва ҳатто оилавий муаммолари ечимини ҳам партияга, унинг депутатларига ишонаётганини фаолиятимиз давомида гувоҳи бўляпмиз. Партия энг чекка манзилларга ҳам кириб бораётгани бор гап.

Андижон томонларда...

O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши замон билан ҳамнафас бўлишга, ишбилармонлик муҳитининг янги йўналишларида жонбозлик кўрсатишга, айни кунга қадар эришилаётган ютуқлар ва камчиликларни сарҳисоб қилишга интилмоқда. Етакчи сиёсий куч сифатида вилоятнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллади. Андижонда бозор инфратузилмасини шакллантириш, ишбилармонларга қулай муҳит яратиш, уларнинг оғриқли нуқталарига малҳам бўлиш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш сингари долзарб ва эзгу ишларни олиб бормоқда. Партия лойиҳалари асосида кенгаш бўлимлари самарали фаолият юритиб, салоҳиятли, кенг дунёқарашга, чуқур билимга эга кадрларни ҳам кашф этмоқдаки, улар бугун мутасадди ташкилотларда партия нуфузини ошириш йўлида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар.

Тадбиркорларимиз нафақат вилоятнинг иқтисодий тараққиётини ривожлантиришга, балки экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам ҳиссаларини қўшишяпти. Жумладан, “Бахт имкон ривож” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов, “Равон тараққиёт ор­зуси” корхонаси раҳбари Абдуҳошим Исмоилов, “Сезгин плюс” МЧЖ раҳбари Муҳаммадиброҳим Ваҳобов, “Капитал Белла” хусусий корхонаси раҳбари Муҳаббат Йўлдошева каби тадбиркорларимизнинг хорижий ҳамкорлар билан йўлга қўйган фаолияти тараққиётимизга тамал тоши бўлиб зеб бермоқда.

Икки йил аввал ва бугун

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 12 июлида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида барча партиялар қаторида бизнинг фаолиятимизга ҳам асосли равишда танқидий баҳо берган эди. Шундан сўнг ҳаммамиз учун масъулиятли бир давр бош­ланди.

Ўша танқиддан кейин Кенгаш ходимлари бир ёқадан бош чиқариб астойдил ишладик, депутатлар, бош­ланғич партия ташкилотлари, фаолларимиз асосий суянч бўлдилар. Икки йил муқаддам вилоят миқёсида сафдошларимиз сони 17 минг 314 нафарни ташкил қилган бўлса, айни кунда уларнинг сони 31 минг 867 нафарга етгани қувончлидир. Қуйи бўғинларимиз фаолиятида ҳам сезиларли ўсиш бўлди: ўтган вақт 589 та таян бўғинни 647 тага етказганининг ўзиёқ сарҳисобни юзага чиқаради. 

Аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг ўзи машаққатли вазифа. Бу йўналишда депутатлар билан елкама-елка меҳнат қиляпмиз. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги 125 нафар, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 4 нафар куйинчак депутатларимиз кўмаги билан аксарият мурожаатларга ижобий ечим топяпмиз. Рақамларга  юзлансак: биргина учинчи чоракда фуқаролардан келиб тушган 170 та мурожаатнинг (77 таси депутатлик гуруҳларидан, қолганлари депутатлик гуруҳлари аъзоларидан (якка тартибда) ҳеч бири эътибор ва назоратдан четда қолмади. Бу эса айрим мудраётган депутатларнинг жонлангани, фаолият тубдан ислоҳ қилинаётгани натижасидир.

Хулоса қилиб айтганда, ўтган 15 йиллик давр O‘zLiDeP ўзига ишонган бунёдкор, тадбиркор халқимизга сиёсий майдонда ўз сўзи, ҳуқуқий дунё­қараши, собит аҳдига эга бўлишда чинакам ҳаммаслакка айланди.

Тоҳиржон ТОЛИПОВ,

O‘zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши раиси, халқ депутатлари

Андижон вилоят Кенгаши депутати

Теглар
#uzlidep15
  • Кўрилди
    1328
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Гулматова Мухаррам2018-11-13 15:15:28

Партиямизнинг 15 йиллик байрами билан барча партиямиз аъзоларини табриклайман, Партиямиз сафи кенгаяверсин


Бобурмирзо ХОЖИАКБАРОВ2018-11-09 11:21:19

Битта мақсад бизни бирлаштиради - Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+