Шўрланган ва қурғоқчил ерларнинг ҳар гектаридан 100-120 минг долларгача фойда олишнинг имкони бор

04.12.2017, 18:28

Шўрланган ва қурғоқчил ерларнинг ҳар гектаридан 100-120 минг долларгача фойда олишнинг имкони бор

Фарғонада бўлиб ўтган илмий амалий конференция бизни ана шундай хулоса қилишга ундади

“...фақат битта қишлоқ хўжалик экинига қарам бўлиб қолмасдан, даромад, фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз. Лекин бу ишларни изчил ва самарали амалга ошириш, уларнинг пировард натижасини таъминлаш учун барча масъулият ва жавобгарликни фақат ижро органларига ташлаб қўйиш ҳам тўғри бўлмайди. Бу масалаларда тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилиши зарур.”

Давлатимиз раҳбари бу фикрларни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган  видеоселектор йиғилишида айтган эдилар.

Очиғини айтамиз: парламентимиз тарихида туб бурилиш ясаган мазкур йиғилиш ва унда белгиланган вазифалар ҳақида жуда кўп ва хўп ёздик. Айниқса, депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашаётгани, халқ билан мулоқот қилиши ва аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топаётгани ҳақида кунда-кунора даврий ва интернет нашрлари орқали ўқиб боряпмиз. Аммо маърузада тилга олинган бошқа масалалар бўйича ёзишга улгурмаганимиз рост. Инчунун ўша учрашувда белгилаб берилган вазифаларни бажариш учун сиёсий партиялар ҳам, давлат ташкилотлари ҳам ўзларини тайёрлаб олишлари керак эди. Режа тузиб, ҳамкорлик ҳужжатлари ва қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ва тараққиётимизнинг янги босқичига мослашиш ҳаммамиздан озгина вақт талаб этгани рост гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса мазкур йиғилишда тилга олинган масалалар мамлакатимиз тараққиётининг бир-икки йиллик ривожланиш дастури эмас. Унда белгиланган вазифалар беш-ўн йилларга татийди.

Вақт ўтгани сайин, олдимизда қўйилган вазифаларнинг улканлигини англаганимиз сари партиямизнинг нафақат сиёсий ҳаётда, балки ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлиши кераклигини тушиниб боряпмиз. Жумладан, аграр соҳада ҳам. Партиямиз мазкур йўналишда янги ғоялар билан майдонга чиқиши, соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиши ва шу орқали асосий электоратимиз бўлган – фермер ва ер эгаларига елкадош бўлиши лозимлигини борган сари теранроқ англаяпмиз.

“Марказий Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш истиқболлари” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани ана шундай хулосаларимизни янада мустҳкамлади. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Ўзбекистон фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ўтказилган илмий-амалий анжуман партиямизнинг ердан фойдаланиш масаласида масъулияти юксак эканини яна бир бор намойиш этди.

– O’zLiDeP фермерлар, интеллектуал мулк эгалари ва ижро ҳокимияти вакиллари учун мулоқот майдонини яратиб бериши керак, – дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Якубов. – Хусусан, Марказий Фарғонадек иқлим шароити оғир, ернинг унумдорлиги паст бўлган ҳудудларда экин экишда олимлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг тавсиялари билан ерга уруғ қадасак нур устига аъло нур бўлади. Бу бир тарафдан тадбиркорлик субъектлари – фермерларнинг ердан кўпроқ даромад олишларини таъминласа, иккинчи томондан ерларнинг мелеоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланиш даражасини камайтириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини яратади. Кўр-кўрона шўрланган ва қурғоқ ерларда ҳам пахта ёки ғалла экадиган даврлар ўтиб кетди.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида нафақат аграр соҳадаги, балки барча тизимдаги муаммолар очиқчасига муҳокама этиляпти, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф-тавсиялар, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланмоқда. Фарғонада ўтказилган илмий-амалий амалий конференцияда ҳам ана шу руҳни сезиш мумкин эди. Амалий мулоқотларда ўртага ташланган ҳар бир фикр қизғин муҳокама этилди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур тадбирда қатнашган маърузачи ҳам, ташкилотчи ҳам, тингловчи ҳам зерикиб қолмади.

– Конференцияда айтилган ҳар бир фикрни ён дафтаримга қайд этиб бордим, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Исломжон Зокиров. – Яна бир фикрни эътироф этсам: иқлим шароити оғир, шўрланган ерларда тадбиркорлик қилаётган электоратимиз вакилларига имтиёзларни янада кўпайтириш тарафдориман. Шунингдек, сувсизликка чидамли экинларни экиб деҳқончилик қилаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашимиз керак. Уларга қонунчилик йўли билан кўрсатилган ҳар қандай кўмак аграр соҳа тараққиётини кафолатлайди. Бу йўналишда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи имкониятларидан ҳам кенгроқ фойдаланамиз.

Конференцияда Марказий Фарғонада ерларнинг шўрланиш даражасини камайтиришга хизмат қиладиган ва сувсизликка чидамли экин турлари ҳақида ҳам сўз борди. Олимлар ва соҳа мутахассисларининг фикрича, ҳудудда писта, ёнғоқ, чилонжийда, оқ жўхори, дайкон, чучукмия, гожи сингари экинларни экиш ҳам катта даромад келтиради, ҳам Марказий Фарғона иқлим шароитларига тўла мос келади.

– Писта бошқа ўсимликлар ўса олмайдиган сувсиз жойларда ҳам мева беради, – дейди Ўзбекистон фанлар академияси ходими Қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Акром Абдураҳмонов. – Минг йилдан зиёд яшайдиган писта дарахти баргидан илдизига қадар инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Мағзида 60 фоизгача ёғ, 20 фоиз оқсил, қанд моддалари ва инсон учун фойдали ўнлаб микроэлементлар бўлиб, юқори калорияли парҳез маҳсулот ҳисобланади. Инсон танасида холестерин миқдорини меъёрига солиш, простата ва кўкрак бези саратонининг олдини олиш хусусиятига ҳам эга. Жазирама, қуруқ об-ҳавога ва совуққа чидамли бу дарахтлар табиатни асраш, микроиқлимни яхшилашга ҳам ижобий таъсир қилади. 

Конференция иштирокчилари пистачиликни сердарамод соҳа эканига алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидланишича, 1 килограм пистанинг жаҳон бозоридаги нархи 10 доллардан 24 долларгача баҳоланади. Жумладан, 1 килогарм писта Чехияда 11, Туркия ва Германияда 12 доллардан сотилмоқда.

Тўғрисини айтамиз: конференция тугагандан сўнг Марказий Фарғонада етиштириш мумкин бўлган маҳсулотларнинг дунё бозоридаги нархлари билан қизиқдик. Билганларимизни айтсак, конференция аҳамиятини сиз ҳам теранроқ ҳис этсангиз керак. Дарвоқе, мақоламизнинг қолган қисмини тушунишингиз учун қўлингизга калькулятор олишингизга ва биз ёзган рақамлар устида қўшиш ва кўпайтириш амалларини бажаришингизга тўғри келади. Мониторида пайдо бўлаётган рақамлар конференциянинг аҳамиятини тушунишингизга ёрдам беришига мана биз кафилмиз. 

Ўзбекистон фанлар акдемияси томонидан Марказий Фарғона ерларида экиш тавсия этилган ёнғоқнинг 1 килограмми АҚШда нақд 14 доллардан сотиляпти. 15-20 ёшли бир туп ёнғоқ дарахти 180-200 килограм мева беришини инобатга олсак, битта ёнғоқ дарахтидан 2800 долларгача даромад олиш мумкин. Энди шундай дарахтдан ўнта бўлса-чи, юзта бўлса-чи...

Ҳудудда экиш тавсия этилган дарахтлардан яна бири – Чилонжийда. 400 йилдан ортиқ яшайдиган 44 градус саратон ва 28 градусли қаҳратонда ҳам чидамли бу ўсимлик ёзёвонлик фермерлар учун даромад “калити”дир. Чилонжийданинг дунё бозоридаги нархини биласизми? 8-10 доллар атрофида. Бир туп чилонжийда 1 тоннагача ҳосил беради. Қолганини ўзингиз ҳисоблайверинг.  

Кунда кўриб кўзимиз ўрганиб қолган оқ жўхори ҳам ёзёвонлик тадбиркорларнинг чўнтагини пулга тўлдириши аниқ. Дунё бозорида оқ жўхорининг бир килограми 4-8 доллар туради. Яхши омилкор бўлсангиз, бир гектар ердан 20 тоннагача ҳосил оласиз.

Юқоридаги рақамлардан шундай хулосага келамиз: шўрланган ва қурғоқчил ерларнинг ҳар гектаридан 100-120 минг долларгача фойда олишнинг имкони бор. Ишонмасангиз, юқоридаги рақамларни яна бир бор кўздан кечиринг, ҳисоблаб чиқинг. “Нега бу ҳақида олдинроқ ўйламаган эканмиз?” деяпсизми. Конференция иштирокчилари ҳам айни шу фикрда. Улар ҳам худди сиз ва биз каби Президентимизнинг “фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз” деган фикрлари оқил, одил ва тўғри эканига ишонч ҳосил қилишди.

Конфенренция сўнггида айтилган фикр билан мақоламизга ҳам якун ясаймиз. “O’zLiDeP ҳар бир ҳудуднинг тиббий иқлим шароити, ер унумдорлиги ва сув манбаларини инобатга олган ҳолда бу каби илмий-амалий учрашувларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратади.” Оддий қилиб айтганда, O’zLiDeP илмий жамоатчиликнинг интеллектуал салоҳиятидан кенг фойланган  ҳолда ўз электорати даромадларини янада кўпайтиришга астойидил бел боғлаган. Демак, бу каби конференциялар ҳали бошланиши. Ҳали партиямизнинг ердан самарали фойдаланиш ҳақидаги амалий ишлари ҳақида кўп ёзамиз. Бизни кузатишда давом этинг!

Ҳасан САЛОМОВ,

O’zLiDeP матбуот хизмати    

 

  • Кўрилди
    2190
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+