Давлат бюджети маблағлари қандай мақсадларга сарфланмоқда?

14.11.2018, 17:23

Давлат бюджети маблағлари қандай мақсадларга сарфланмоқда?

2018 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Давлат бюджетининг жорий йил тўққиз ойлик якунлари бўйича ижроси, шунингдек 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Давлат бюджетининг ижроси 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилган. Бу борада давлатимиз раҳбарининг фармони билан қабул қилинган, ўзида солиққа тортиш тизими тубдан ислоҳ қилинишини, солиқлар ва мажбурий тўловлар қисқарти-рилишини, шунингдек, самарасиз солиқ имтиёзлари бекор қилинишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тарихий аҳамият касб этди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,1 фоизга ўсиб, белгиланган режа ортиғи билан 115,3 фоизга бажарилди, бюджет даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 22,2 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджетининг харажатлари ўтган йилга нисбатан қарийб 30 трлн. сўмга (1,6 баробарга) яқин оширилганлиги, харажатларнинг қарийб 60 фоиз қисми ижтимоий йўналтирилганлиги ва бу айниқса, тиббиёт ва маориф соҳасини қамраб олганлиги, бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга, уларнинг ойлик маоши 30 фоиздан 100 фоизгача кўпайтирилганлиги йиғилиш иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.

Президент фармони асосида қабул қилинган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ҳамда «Ёшлар – келажагимиз» дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар жорий йилда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, «Обод қишлоқ» дастурининг ижроси бўйича салкам 18 минг аҳолига эга қишлоқ жойларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланиб, намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар барпо этишга қарийб 0,5 трлн. сўмлик маблағ йўналтирилди. «Обод маҳалла» дастурида доирасида 214,2 млрд. сўм, шунингдек қўшимча манбалар ҳисобидан яна салкам 3,5 трлн. сўм маблағ ажратилиши таъминланди. Мамлакатимиздаги ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, янги иш ўринлари яратиш, ёш авлоднинг бандлигини таъминлаш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» дастури доирасида тижорат банклари орқали 7 фоизлик кредитлар ажратилди.

Мамлакат иқтисодиётига давлат бюджетидан 5,3 трлн. сўмлик маблағ сарфланиши натижасида янги 691 корхона томонидан 11 трлн. сўмлик миллий маҳсулот, шундан 1,4 млрд. АҚШ долларга тенг бўлган импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ташқи савдо айланмаси 23,0 млрд. АҚШ долларни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга ўсди. Экспорт ҳажми 9,3 млрд., ўз ўрнида импорт ҳажми 13,7 млрд., ташқи савдо сальдоси минус 4,3 млрд. АҚШ долларни ташкил қилди.

Хусусан, янгидан экспорт фаолиятига жалб қилинган 1400 та тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган умумий қиймати 502,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 1185 турдаги маҳсулотларнинг экспорт қилиниши тўлиқ таъминланди. Натижада, даромадларнинг бир маромда тушишини ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 57,2 млрд. сўм миқдорида профицит билан ижро этилди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун қатъий белгиланган даромад солиғи ставкалари ўртача 30,0 фоизга камайтирилиши ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятининг айрим турларига ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимга тўланадиган қатъий белгиланган солиқни тўлашдан озод қилиниши натижасида, ушбу солиқ тури бўйича тушумлар 764,2 млрд. сўмни ёки режага нисбатан қарийб 100 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 млрд. сўмга камайди.

Иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси сифатида савдо айланмаси ўсиб бориб, Давлат бюджети даромадлари ижросига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Бу эса, иқтисодиётда жонланиш кузатилаётганидан ва ишбилармонликни фаоллашувидан далолат бермоқда.

Ўз навбатида, ҳисобот даврида мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш баробарида замонавий хизмат турларини кенгайтириш, туризм соҳаси салоҳиятидан кенг фойдаланиш, шунингдек, харажатлар ва таннархнинг пасайиши, рақобат муҳитининг ошиши, кичик бизнес субъектлари томонидан экспорт ҳажмининг кўпайиши ҳисобига микрофирма ва кичик корхоналардан давлат бюджетига ажратмалар миқдори ўсиши таъминланди. Мазкур даромад тури бўйича тушумлар 1 803,4 млрд. сўмни ёки режага нисбатан 116,9 фоизни ташкил қилиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 44,7 фоизга ўсди.

Жорий йилининг 30 октябрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда халқ ва давлат манфаатлари йўлида тайёрланиб, парламентга киритилган келгуси йил бюджетномаси лойиҳаси кенг муҳокама этилиши, ушбу муҳим ҳужжатда халқимизнинг аниқ таклифларини ўзида ифода этилиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланган эди.

Ушбу йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, O‘zLiDeP фракциясининг бугунги тадбирида депутатлар келгуси йил бюджет-номасини ҳам ҳар томонлама батафсил муҳокама қилдилар.

Фракция аъзолари аниқланган давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ўртасидаги тафовутни йил якунига қадар барча резервларни тўлиқ ишга солиб бартараф этиш ва энг муҳими, бюджет сиёсатини юритишда илк маротаба 2017 йилда қўлланилган молиялаштириш механизмлари натижасида барча маҳаллий бюджетлар ихтиёрида ўтган йилга нисбатан 6 баробардан кўпроқ, яъни 5,5 трлн. сўм маблағ тўпланишини қайд этдилар. Шу билан бир қаторда, мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатида ўтган қисқа давр мобайнида жойларда халқ билан бўлган очиқ мулоқотлар чоғида фуқаролар билдирган кўп йиллик истаклар, таклифлар ва талабларни акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар келгуси йил бюджетномаси лойиҳасида бюджет даромадлари изчил ошиши, солиқ тизимида жорий этилиши кутилаётган ўзгаришлар натижасида аҳоли ва бизнесга катта енгилликлар яратилиши назарда тутилаётганига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу жумладан, тушумдан олинадиган мажбурий ажратмалар тўлиқ бекор қилиниши ҳисобидан корхоналарда яна 5,2 триллион сўм даромад қолдирилиши, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошиши кутилмоқда.

Юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 трлн. сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилиши кутилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, жорий йилнинг октябрь ойида мазкур бюджетнома лойиҳаси O‘zLiDeP фракцияси томонидан дастлабки тарзда ўрганиб чиқилиб, масъул Қўмитага йигирмага яқин таклифлар билдирилган ҳамда Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда ошкоралик ва шаффофлик механизмларини қўллаш тавсия этилган эди. Таъкидлаш лозимки, фракция томонидан тақдим этилган мазкур таклиф ва тавсиялар бюджетнома лойиҳасида ўз аксини топганлигини кўриш мумкин.

Тадбирда сўз олган фракция аъзолари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш – халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида парламент назоратини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир якунида Давлат бюджетининг 2018 йил тўққиз ойлик якунлари бўйича ижроси ва 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари O‘zLiDeP фракцияси депутатлари томонидан маъқулланиб, мазкур масалалар юзасидан фракциянинг позицияси ишлаб чиқилди ҳамда тегишли қарорлари қабул қилинди.

  • Кўрилди
    1653
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+