Кабинети, курсисини қўриқлаб ўтирадиган раҳбарлар замони ўтди

16.11.2018, 17:31

Кабинети, курсисини қўриқлаб ўтирадиган раҳбарлар замони ўтди

дейди O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши раиси, вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон МЎМИНОВ

– Солижон, хўп десангиз, гурунгимизни ташкил топганининг 15 йиллигини нишонлайдиган, мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз мавқеи ва нуфузига эга бўлмиш етакчи куч – O‘zLiDeP фаолияти, қолаверса, ўзингиз раҳбарлик қилаётган вилоят Кенгашидаги янгилик, ўзгаришлардан бошласак, нима дейсиз?

– Бажонидил, партиямиз вилоят Кенгашининг фаолият доираси шунчалар кенгки, йўналишларнинг қайси бири ҳақида гапиришга ҳам ўйланиб қоласан киши.

– Энг сўнггиларидан эшитайлик.

– Аввало, бугун аъзоларимиз сони 30 мингга етганини мамнуният билан таъкид­лаб ўтмоқчиман. Улар 950 та бошланғич ташкилот атрофида бир ғоя, бир мақсад йўлида бирлашган. Партиямиз аъзолари, фаоллари, депутатлик гуруҳларимиз, депутатларимиз янги инновацион ғояларнинг, янги технологияларнинг фаол тарғиботчиси, ташаббускори, тадбиркор ва ишбилармон инсонларнинг чин дўсти, ҳамкори сифатида майдонга чиқмоқда, эл орасида кун сайин нуфузи, обрў-эътибори ошиб бормоқда. Август-сентябрь ойларида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурларига киритилган манзилларда бўлиб, жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, коммунал, ижтимоий-ҳуқуқий ва тадбиркорлик соҳасидаги 760 дан ортиқ муаммоларни аниқлаб, қарийб 80 фоизига ечим топишга эришдик. Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан” лойи­ҳаси доирасида 400 га яқин йигит-қизларни тадбиркорлик субъектлари ва бош­қа ташкилотларга ишга жойлаштирдик. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ўтказилган амалий тадбирлар натижасида 200 дан зиёд опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди. Меҳнатда ва жамоат ишларида ибрат кўрсатган 1,5 мингдан ортиқ хотин-қизлар партия аъзолигига қабул қилинди. Партиянинг 15 йиллигига бағишлаб барча ҳудудларда “Сиз O‘zLiDePни биласизми?” акциясини ўтказяпмиз. Бу билан ўзимиз мансуб бўлган сиёсий кучнинг мақсад ва вазифаларини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш билан бирга, маслакдошларимиз сафини янада кенгайтиришни ният қилганмиз.

– Сизнинг назарингизда бугунги кун раҳбари қандай фазилатларга эга бўлмоғи керак?

– Бу саволингизга Президентимизнинг давлат тадбирларидаги сўзларидан, халқ билан юзма-юз учрашувларидан, барча раҳбарларга сабоқ бўлгулик шахсий ибратларидан бемалол жавоб топиш мумкин. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак... Ҳар бир раҳбар юриши, халқ билан мулоқот қилиши керак. Оёғи ердан узилмаслиги керак... Халқнинг оғирини енгил қилишимиз керак”, деяпти юртбошимиз. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда, кабинетини, столини қўриқлаб ўтирадиган раҳбарларнинг даври аллақачон ўтди. Ҳақиқий раҳбар шу юртга, шу элга чин дилдан, виждонан, фидойилик билан хизмат қилиши, тинмай юриши, ўқиб-ўрганиши, изланиши, янгиликка интилиб ишлаши керак. Самимийлик, камтарлик, оқиллик, ҳалолу поклик... одамларни тинг­лай билиш... каттадир-кичикдир раҳбарни безайдиган, ҳурматига ҳурмат, обрўсига обрў қўшадиган фазилатлардир. Ҳар бир раҳбар кундалик фаолиятини якунлаш олдидан “Бугун мен халқ учун нима қилдим? Нечта одамга яхшилик қилдим? Қайси муаммони ҳал этдим?” дея ўзини ўзи имтиҳон қилиб кўриши керак. Таъбир жоиз бўлса, давримиз учун энг даҳшатли иллат жамиятни, давлатни оёғидан тортадиган иллат бу – лоқайдлик, беғамлик, бепарволикдир!

– “Саломатлик – туман бойлик”, деганларидек, суҳбатимизни энди бевосита ўзингизнинг фаолиятингиз билан боғлиқ соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича давом эттирсак. Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари билан сўнгги икки йилда тизимда жуда катта ўзгаришлар рўй берди...

– Келинг, ана шу тарихий ишларнинг айримларини вилоятимиз мисолида сизга айтиб берай. Вилоятимиз қишлоқ врачлик пунктлари негизида 62 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилиб, педиатр, акушер-гинеколог, терапевт, хирург, стоматолог каби мутахассислар билан таъминланди. Барча оилавий поликлиникалар УЗИ аппаратлари ва бош­қа зарур ашёлар билан жиҳозланди. Уларнинг ҳар бирида тез ёрдам шохобчалари, кундузги даволаш бўлимлари очилиб, фаолият кўрсата бошлади. Эътибор беринг, шу йилнинг ўзида Давлат дастури бўйича вилоятимиздаги 20 дан зиёд даволаш профилактика муассасаларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига 22 та қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар қайта реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди. “Обод қишлоқ” дастури бўйича 15 та муассасамизда 8,7 миллиард сўмлик иш бажарилди. Стационар билан бирламчи тизим ҳамда “Тез ёрдам” билан бирламчи тизим ўртасида узвий боғлиқлик жорий этилди. Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ихтисослашган автобазамизга сўнгги икки йил ичида 111 та “Хундай”, “Ниссан”, “Дамас” русумли “Тез ёрдам” автомашиналари олдик. Бугун беморларга вилоятимиз бўйича 200 та “Тез ёрдам” автомашинаси хизмат қилаётган бўлса, буларнинг ҳаммаси GPS ва навигаторлар, зарур дори-дармонлар билан таъминланган. Авваллари бир чақирув учун атиги 600 сўмдан ажратилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 5 минг сўмни ташкил этмоқда.

Соҳага “ақлли тиббиёт”ни, инновацияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ҳозиргача Наманган шаҳридаги 13 та оилавий, туманлардаги 8 та кўп тармоқли поликлиникада ва 5 та қишлоқ оилавий поликлиникасида “Электрон поликлиника” тизимини жорий этдик. Бу шаффофликни таъминлаб, аҳолига тез, юқори сифатли бирламчи ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Эндиликда мазкур янгиликни барча туманлар миқёсида оммалаштириш устида ишлаяпмиз.

Она-бола саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида барча туманларда скрининг кабинетлари ташкил этганмиз. Бу кабинетлар вилоят скрининг маркази билан онлайн тизимида боғланган. Етакчи мутахассисларимиз тумандаги оналар ва болалар саломатлигини доимий равишда кузатиб, лозим пайтда зарур маслаҳат ва амалий ёрдамларини бериб бормоқдалар.

Ихтисослашган тиббиёт марказлари фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Кардиология марказимиз энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, бу ерда бир-икки йил бурун республикада биринчи бўлиб коронарография ва аорта коронал шундлаш амалиётини ўтказишни бошлагандик. Ҳозир ҳам шу иш муваффақиятли давом этяпти. Вилоятдаги собиқ онкология диспансери республика онкология ва радиология илмий тиббий марказининг Наманган филиалига айлантирилди. Юз минг АҚШ долларлик давлат грантини қўлга киритиб, аёлларда учрайдиган сут бези саратонининг олдини олиш учун маммограф аппаратини ўрнатдик. Айни кунларда водийда ягона бўлган ушбу ускуна ёрдамида пилотлойиҳа амалга оширилиб, вилоятдаги барча аёллар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Яна бир янгилик: ҳозирда брахитерапия учун нур аппарати ўрнатяпмиз. Шунингдек, яқин орада гамма-нур аппарати келтиришни ҳам режалаштириб турибмиз. Хабарингиз бўлса, ўтган йили онкологик касалликлар ва унинг олдини олиш, даволаш масалаларига бағиш­ланган халқаро анжуман ҳам бизнинг вилоятимизда ўтган, унда дунёнинг йигирмадан зиёд давлатидан етакчи олим ва мутахассислар қатнашганди. Ўшанда хорижлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда беморларни кўрикдан ўтказган, биргаликда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариб, яхши натижаларга эришган эдик.

– Бундай ҳамкорлик алоқалари ҳозирда ҳам давом этяпти, чоғи?

– Шундай. Япония, Англия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Польша, Россия каби давлатлардаги йирик даволаш муассасалари, етакчи мутахассислар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаганмиз. Яқинда Жанубий Кореядан келган 63 нафар мутахассис вилоят кўп тармоқли шифохонасида мингдан ошиқ аҳолини бепул тиббий кўрикдан ўтказди. Шу кунларда Туркия давлатидан яна 10 нафар мутахассис келишини кутяпмиз. 2018 йилнинг ўзида 20 дан ортиқ мутахассисларимиз Япониянинг Токио шаҳрида, Германиянинг Уильям университетида ўз малакаларини ошириб қайтишди. Пойтахтимиздаги етакчи олимлар, кўзга кўринган шифокорлар график асосида вилоятимизга тез-тез ташриф буюриб, шаҳар, қиш­лоқ тиббиёт муассасаларида беморларни қабул қилиши анъана тусини олганини ҳам айтиб ўтишни истардим.

– Давлатимиз раҳбари қарорига асосан мамлакатимизда нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бу бежиз эмас. Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Ҳозирда вилоятимизда 316 та катта-кичик хусусий тиббиёт муассасаси аҳолига хизмат қиляпти. Шу йилнинг ўзида шаҳар-қишлоқларимизда 39 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди, 21 тасининг фаолият доираси кенгайтирилди. Бунинг натижасида 567 та янги иш ўрни яратилди. Келгуси йили яна 13 та лойиҳа режалаштирилган. Шулардан иккитаси хориж инвестицияси иштирокида бунёд этилса, 8 тасининг фаолияти худди шу йўсинда кенгайтирилади. Бошқармамиз бу соҳада фаолият юритаётган ёки иш бошламоқчи бўлган тадбиркор ва ишбилармон инсонларни ҳар доим қўллаб-қувватлайди, керак бўлса амалий ёрдам беради. Улар учун ҳафтасига бир марта бошқармамизда “Очиқ эшиклар куни” ўтказишни йўлга қўйганмиз. Иш юритиш, муомала маданияти, санитария қоидалари бўйича машғулотлар олиб борамиз.

– “ХХI asr” газетасини ўқиб борасиз, албатта...

– Бусиз бўлар эканми? Ахир, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги партиядошларимиз амалга ошираётган энг яхши ишларни, ибратли ташаббусларни, фаол тадбиркор, ишбилармон инсонлар ҳаё­ти-фаолиятини, жойлардаги ечимини кутаётган муаммоли масалаларни шу газетадан ўқиб биламиз-да. Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр демоқчи, газетада чиқаётган мақолаларни ўқиб, кўп нарсани ўрганиш, маълум ечим-хулосаларга келиш мумкин. “Ҳаёт ҳақиқатлари” серия­сида ёритилаётган маънавиятимизга оид мақолалар ҳам жуда ёқади. Қизиқиб ўқийман. Баъзи теша тегмаган ибораларни ён дафтаримга ёзиб оламан. Мана, яқинда бугунги матбуотнинг жамиятдаги мавқеи, баъзи раҳбарларнинг оммавий ахборот воситаларига муносабати ҳақида жуда аччиқ, аммо очиқ гаплар айтилди. Қониқиб ўқидим. Афсуски, бугун ҳам катта-кичик раҳбарлар орасида газета ўқимайдиган, матбуотдаги чиқишларга эътиборсиз қарайдиган, оёғини тагига қараб яшайдиганлари йўқ эмас. Қанийди, улар юқоридаги мақолани ўқиб, хулоса чиқаришса.

– Бу гапингиздан шифокор-раҳбардан кўра матбуотнинг ичида юрган тажрибали журналистнинг “ҳид”и кел­япти...

– Мана бир неча йилдирки, бошқармамиз муассислигида “Шифокор ва ҳаёт” газетаси чиқиб турибди. Шу газетанинг таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида кардиологияга оид мақолаларини кўриб, таҳрир қилиб беришимга, баъзида мақолалар ёзишимга ҳам тўғри келади.

– Гап бу ёқда экан-да... Эл сиҳат-саломатлиги, юрт ободлиги ва фаровонлиги йўлидаги яратувчилик ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз, омон бўлинг!

“XXI asr” мухбири

Ортиқали НОМОЗОВ

суҳбатлашди.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagram’даги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+