Ёш фермерлар тақдирланди

05.12.2017, 14:56

Ёш фермерлар тақдирланди

Мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларининг ривожи кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигига боғлиқ. Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос хамда зарур шарт-шароитлар яратилди.

Натижада бу соҳа ўзининг иқтисодиётдаги ниҳоятда муҳим ва салмоқли улуши, роли ва таъсири ҳамда ҳеч қайси соҳа ва йўналиш ўрнини боса олмайдиган катта аҳамияти билан давлат ва жамиятни ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилган съайи ҳаракатлар натижасида айни пайтга келиб фермер хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизини ишлаб чиқармоқда, балки улар қишлоқ тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олган, халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай хизмат қилаётган, қудратли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланди.

Шу маънода, O‘zLiDeP ҳам ўз электорати бўлган фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни тадбиркорликка, хусусан, фермерликка жалб этиш борасида муайян ишларни амалга ошириб, қатор ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этмоқда.

Хусусан, юртимизда жадаллик билан ривожланиб бораётган фермерлик ҳаракатида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, теран фикрлайдиган, ташаббускор, дунё қараши кенг бўлган, қишлоқ инфратузилмасининг ривожланиши ва аҳолисининг фаровонлигини ўсиши учун масъулият билан меҳнат қилаётган ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг юртимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишлари, жамоат ишларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида  2015 йилдан буён  анъанавий тарзда “Ёш фермер” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

2017 йил 1-2 декабрь кунлари Хоразм вилоятида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги билан  ҳамкорликда “Фаровон ҳаётни биргаликда қурамиз!”  шиори остида “Ёш фермер” кўрик-танловининг якуний республика босқичи ташкил этилди.

Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларида 1000га яқин ёш фермерлар ўзаро беллашдилар. Улар орасидан энг муносиблари кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир давомида қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, уларга янги имтиёз ва имкониятларни яратиш зарурлиги борасидаги масалалар муҳокама марказида бўлди, шунингдек, тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда фермерлик ҳаракати жадаллик билан ривожланиб, нафақат пахта ва ғаллачилик, балки боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик, асаларичилик каби ўнлаб йўналишларда янги иш ўринлари яратилиб, бу орқали қишлоқ ободончилигига салмоқли ҳисса қўшаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи тобора кенгайиб бораётганини эътироф этдилар.

Кўтаринки руҳда ташкил этилган мазкур танловнинг биринчи кунида Хоразм вилоят “Маънавият ва маърифат” маркази биносида тадбирнинг очилиш маросими ва иштирокчиларнинг ўз фермер хўжаликларида етиштирган қишлоқ-хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмадан сўнг вилоятлардан саралаб олинган энг намунали, иқтидорли ва ўз фаолиятида юксак марраларга эришган 18 дан -35 ёшгача бўлган 39 нафар фермер хўжалик раҳбарлари ўзлари бошқараётган фермер хўжалигида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги натижалари, янги иш ўрни яратиш, коллеж битирувчиларини тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига жалб қилиш, қишлоқ ёки маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани  ривожлантириш ва тегишли муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз лойиҳаларини тақдимотлар асосида намойиш этишди. Шунингдек, кўрик танлов доирасида иштирокчиларни иккинчи - савол-жавоб ва учинчи - нотиқлик шартлари асосида баҳолаш босқичлари ўтказилди.

Танловнинг иккинчи куни Хива туманидаги “Ниёзмат бобо”, “Рахимберган Хожиамбар”, “Йўлдош Мажид” номли кўп тармоқли Фермер хўжаликларига ташрифи уюштирилди. Унда тажрибали фермерлар танлов иштирокчиларига маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш жараёнлари ва уни экспорт қилиш масалалари борасида атрофлича маълумот бердилар. Ёш фермерлар малакали соҳа мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашиб, эгаллаган билим ва малакалари ўз фермер хўжаликларининг истиқболида фойдаланишида қўл келишини таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг иштирокчилар Хива шаҳридаги Ичанқалъа тарихий обидаси билан яқиндан танишдилар.

Юқори савияда ташкил этилган кўрик-танлов якунида хакамлар ҳайъати томонидан ғолибликка муносиб кўрилган иштирокчиларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Касби туманидаги “Акмал Оролов” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Оролов 1-ўрин, Қизилтепа туманидаги “Кубара Диёр” фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Раҳмонов, Янгибозор туманидаги “Достонбек” фермер хўжалиги раҳбари Ўктамбек Раҳимов 2-ўрин, Избоскан туманидаги “Якка тут Абдуллажон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Аббосбек Хожиматов, Зомин туманидаги “Файзли ғолиб даласи” фермер хўжалиги раҳбари Хидирбой Жўраев, Олтинсой туманидаги “Туроб Бердимуратов” фермер хўжалиги раҳбари Ниёзали Бердимуратов 3-ўринга муносиб деб топилди. Танлов ғолибларига O‘zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси дипломи, партия вилоят Кенгаши ва бошқа ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

O’zLiDeP матбуот хизмати

          

  • Кўрилди
    1917
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Shodlik2020-07-09 20:26:04

Bu imtiyozdan foydalanish uchun qayerga murojat qilishimiz kerak. Javob uchun oldindan raxmat


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+