Тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва истиқболдаги режалар фракция йиғилишида муҳокама этилди

21.11.2018, 09:49

Тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва истиқболдаги режалар фракция йиғилишида муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раислигида ўтказилган, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган O‘zLiDeP фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш борасидаги ислоҳотларни амалга ошириш устидан қатъий парламент назоратини ўрнатиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси зиммасига юклатилган. Кўрилаётган қатор чора-тадбирларга қарамасдан бу соҳадаги фаолият кутилган натижаларни бермаяпти. Бугун соҳада олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Ўтган вақт давомида тизимдаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш, соҳани ривожлантиришга хизмат қиладиган қонунчилик базасини такомиллаштириш борасида етарлича ишлар амалга оширилмади, парламент назорати имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмади.

Олис туманлардаги аҳоли ҳанузгача туб ўзгаришларни, ислоҳотларнинг натижаларини амалда ўз ҳаётида ҳис қилмаяпти. – Биз депутатлар ҳудудларга борганимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси бугунги кун талабига ҳали жавоб бермаслигини ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларда ҳам камчиликлар кўп. Жорий йилнинг тўққиз ойида республика бўйича 108 та оналар ўлимини қайд этилганлиги, айниқса бу кўрсаткични Самарқанд (14 та) ва Сурхондарё вилоятларида (14 та) юқорилигича қолаётганлиги ачинарли холдир. Жорий йилнинг тўққиз ойида қарийиб 5 мингга яқин бир ёшгача болалар ўлими содир бўлган. Бу кўрсаткич Андижон (615 та), Наманган (539 та), Хоразм (340 та) вилоятларида юқорилигича қолмоқда. Мазкур масалада Давлатимиз раҳбари томонидан мутасадди раҳбарларга бу салбий ҳолатларни сабабларини пухта ўрганиш, танлов асосида хизмат текширувларини ташкил этиш ва таҳлил қилиш, зарур ҳолларда, натижаларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш вазифаси топширилди. Бу борада фракция аъзолари томонидан ўз сайлов округларимизда аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз керак бўлади. Чунки, айрим ҳолатларда бундай салбий ҳолатларнинг қайд этилишига тиббий саводхонликнинг етишмаслиги, оиладаги маънавий мухитнинг носоғломлиги, оила аъзоларининг бефарқлиги туфайли инсоннинг ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда.

Айрим ҳудудларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ишлари ҳам қониқарли эмас. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида гепатит, ўпка сили билан касалланиш сони республика бўйича 20 фоизгача камайган бўлса-да, айрим ҳудудларда салбий кўрсаткичлар сақланиб қолмоқда. Президантимизнинг топшириқлари билан йил якунига қадар Қашқадарё вилоятидаги 0-18 ёшгача бўлган болаларни вирусли гепатитнинг “А” турига қарши эмлаш учун 10 млрд. сўм ажратиладиган бўлинди.

2019 йил 1 апрелдан бошлаб, тажриба синови тариқасида, 14 та ҳудудда 1 тадан туман тиббиёт бирлашмасида аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонидан келиб чиқиб, самарали ва манзилли молиялаштириш жорий этиладиган бўлди. Шу ўринда фракция аъзолари томонидан мазкур масалада депутатлик ва парламент назоратини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, фракция аъзолари томонидан ижроси кечикаётган инвестиция лойиҳалари, шу жумладан 6 та республика тасарруфидаги ҳамда 13 та ҳудудий бўйсинувдаги соғлиқни сақлаш объектларини қурилиш-таъмирлаш ишлари устидан парламент назоратини олиб бориш зарурлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, мамлакатимизда мажбурий тиббий суғурта тизимини 2021 йилдан бошлаб, босқичма-босқич жорий этиш чораларини кўриш назарда тутилмоқда.

Шу муносабат билан “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги Қонун ва тегишли қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш масаласида фракция аъзолари тегишли вазирлик ва идоралар, соҳа ходимлари, олимлар иштирокида давра суҳбатларини ўтказишни, мазкур масалада халқаро тажрибани пухта ўрганган ҳолда махсус ишчи гуруҳига ўзининг тегишли таклифларини тақдим этишга қарор қилди.

Хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини кенгайтириш, айниқса Самарқанд вилоятида уларнинг сонини 2019-2020 йилларда 500 тага етказиш чорасини кўришда фракция аъзолари, партиямиз фаоллари электоратимиз вакилларини, йирик тадбиркорларни бу ишга жалб қилишда, берилаётган имтиёзлар ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришда фаол иштирок этадилар.

Тадбиркорларга кичик ва замонавий хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш учун Тошкент шаҳрида барпо этилаётган “Business city”лар ҳудудидан жой ажратиладиган бўлди, шунингдек пойтахтдаги Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларининг бўш турган бино ва иншоотлари базасида ва ер майдонларида давлат-хусусий шерикчилик асосида хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш вазифаси ҳам топширилди. Тиббиёт соҳасидаги бу янгиликларни, имкониятларни кенг жамоатчиликка етказиш, соҳада амалга оширилаётган янги ислоҳотларни ижросини таъминлашда, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришда фракциямиз аъзолари, партиямиз фаоллари фаол иштирок этишига ишонамиз.

Мавлуда ХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagram’даги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1607
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+