Қаршидаги тадбирда 12 нафар хотин-қиз партияга аъзо бўлди

28.11.2018, 17:44

Қаршидаги тадбирда 12 нафар  хотин-қиз партияга аъзо бўлди

O‘zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши “Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори” лойиҳаси доирасида “Инновацион технологияларни ривожлантиришда таълим, фан ва бизнес тизимлари ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар” мавзуида амалий учрашув ташкил этди.

Унда тегишли соҳа вакиллари, партия шаҳар Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партия “Аёллар қаноти” фаоллари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар қатнашди.

– O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” ўз олдига хотин-қизлар бандлигини таъминлашда янгича ёндашув яратишни энг муҳим вазифа этиб белгилаган, – дейди O‘zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Сурайё Ўринова. – Бунинг учун тадбиркор аёллар маҳорат дарсларини ташкил этишга эътиборни кучайтиришимиз лозим. Шунингдек, ёш иқтидорли қизларимизнинг янги инновацион ғояларни ўрганиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзига бўлган ишончини кучайтириш орқали оилага, жамиятга кераклигини ҳис қилдириш асосий вазифаларимиздан биридир.

–Тадбиркорлик фаолиятимни 2003 йилда бошлаганман, – дейди “Dildora Invest Umumiy Qurilish Servis” Рухшона Йўлдошева. – 2016 йилда O’zLiDePнинг “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик танловининг Республика босқичида қатнашиб, 64 миллион сўмлик имтиёзли кредит соҳибасига айландим. Кредитни мақсадли йўналтириб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Тикув машиналари сонини 10 тага етказиб, 20 га яқин хотин-қиз бандлигини таъминладик.

Таъкидлаш керак, тадбиркор ҳозирда “Ақлли бекат” номли янги инновацион ғоя устида ишлаяпти. “Ақлли бекат”да “Wi-Fi” зона, қуёш батарейкалари билан ишловчи электр чироқлар, телефон ва ноутбукларни қувватлантириш учун махсус қурилмалар ташкил этилади. Қуёш батарейкалар кундуз куни қуёшдан энергия олади ва кечки пайтда бекатни ёритади. Бунинг натижасида анчагина электр токи тежалади.

Тадбир якунида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган 12 нафар хотин-қиз партия сафига қабул қилинди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

 Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    545
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+