Ютуқлар хотиржамликка асос бўлмаслиги керак

29.11.2018, 16:44

Ютуқлар хотиржамликка  асос бўлмаслиги керак

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси
Актам ХАИТОВ билан суҳбат

– Партиянинг кечагина бўлиб ўтган Сиёсий Кенгаш йиғилишида асосан қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратилди, қолаверса, ҳисобот даврида амалга оширилган ишларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат? 

– Партиямизнинг 15 йиллик байрамига биз нафақат унутилмас кун сифатида, балки ушбу сана муносабати билан барча фаолларимизни чорлаган ҳолда ўтган даврдаги фаолиятимизни сарҳисоб қилиб, олдимизда турган истиқболли режаларни ҳам белгилаб олишга эътибор қаратдик. Зеро, O‘zLiDePнинг “Биргаликда биз кучмиз” шиорининг ҳаётий ифодаси ҳам айнан мана шунда ўз аксини топади, деб ҳисоблаймиз.

Эслайлик, 2003 йилда мулк эгалари бўлган ўрта синф вакиллари – тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида мамлакат сиёсий майдонига кириб келган O‘zLiDeP бугун парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги энг катта депутатлик ўринларига эга бўлган, сафларида 540 мингдан ортиқ аъзоларни ҳамда 12 мингга яқин бошланғич партия ташкилотларини бирлаштирган катта сиёсий кучга айланди.

Ортда қолган ўн беш йил ичида вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда, қолаверса, мамлакат Президенти сайловларида муттасил етакчилик мавқеини сақлаб келмоқда. Хусусан, партия 2016 йилда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида ҳам фаол қатнашди. O‘zLiDeP номзоди – Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг мутлақ кўпчилиги томонидан мамлакат Президентлигига сайланди. Бу партиямиз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеликдир. Чунки муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг партиямизнинг вужудга келиши ва унинг мамлакатимиз сиёсий майдонида етакчи кучга айланишида жуда улкан тарихий ҳиссаси бор.

Президентимиз ушбу партияни тузишга бағишланган Таъсис съездида бевосита иштирок этиб, ташкилий жараёнларга бош-қош бўлган. Партиямиз ташкил этилган илк кунлардан бошлаб O‘zLiDeP раҳбар органи бўлмиш партия Сиёсий Кенгашининг фаол аъзоларидан бўлиб келган.

Ушбу сайловлар билан боғлиқ яна бир ниҳоятда муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим: Президентимизнинг Сайловолди дастурлари партиямизнинг VIII съездида қабул қилинган бўлиб, O‘zLiDePнинг мамлакатимиздаги президентлик сайловлари оралиғидаги дастурий ҳужжати ҳисобланади ҳамда ана шу муҳим тарихий ҳужжат – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилишига асос бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси O‘zLiDeP зиммасига тамомила янги вазифаларни юклади. Бу тарихий ҳужжат бугунги кунда партиямиз фаолиятининг сиёсий-ҳуқуқий ва ғоявий асосини ташкил этмоқда. Бундай дейишимизнинг боиси, Ҳаракатлар стратегияси тизимли ва изчил либерал ислоҳотлар орқали барча соҳаларда янгилаш ва модернизация қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган “йўл харитаси”дир. O‘zLiDeP мазкур стратегияда белгиланган йўналишларни амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг жадаллиги ва барқарорлигини таъминлаш бўйича сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олган партиядир.

Биз бу орқали олдимизга аниқ вазифа, яъни Ўзбекистонни иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, “билимлар иқтисодиёти”, “инновацион ва рақамли иқтисодиёт”га эга бўлган 50 та тараққий этган давлатлар қаторидан босқичма-босқич ўрин эгаллашини мақсад қилганмиз.

Биринчи масала, бу – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш масаласидир. Бу борада ўтган вақт давомида 28 та, шу жумладан 2017 йилда 19 ва жорий йилда 9 та қонунчилик ташаббуслари илгари сурилиб, улар парламент томонидан қабул қилинди.

Фракция томонидан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорлари асосида Иқтисодиёт, Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан конструктив ҳамкорликни амалга ошириш бўйича меморандумлар имзоланди.

Ушбу вазирликлар фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга оширган ҳолда фракция томонидан 15 та очиқ эшитувлар ташкил этилиб, давлат органларининг мансабдор шахсларига 189 та депутатлик сўровлари чиқарилган.

Қонунчилик палатаси мажлисларида муҳокама қилиш учун O‘zLiDeP ташаббуси билан “ҳукумат соати” доирасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг республика аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминланишида ҳамда ичимлик сувини тежамкорлик билан ишлатишнинг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилган.

 

Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг фармойишга кўра, партия ташкилотлари томонидан тадбиркорлик соҳасида учраётган муаммолар, ечимини кутаётган ҳар бир масалани ёки умуман ижтимоий-иқтисодий ҳаётда тартибга солиниши лозим бўлган масалаларни ўрганиш асосида таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, ана шундай амалиётга таянган ҳолда, “Технопарклар тўғрисида”ги, “Кичик саноат зоналари тўғрисида”ги, “Хусусий тиббий хизматлар тўғрисида”ги, “Ота-оналар кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг регламенти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Бу борада қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепцияни амалга ошириш, турли дастурлар ижроси доирасида қонун қабул қилиш амалиётини қайта кўриб чиқиш, “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига “Маҳаллий кенгашлар депутатларининг фикрларини ўрганиш” механизмини тўлақонли жорий этиш масалалари юзасидан аниқ таклифлар тайёрланади.

Иккинчидан, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги устувор вазифамиз – қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳаёти, эркинликлари, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият, деб эълон қилинган конституциявий меъёрларни ҳаётга татбиқ этиш, одил судловни таъминлаш, якуний ва барқарор суд ҳукмларини қабул қилиш масалалари бўйича самарали натижаларга эришишдан иборат.

Ушбу соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш борасида депутатлар ва партия фаоллари 150 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, 14 та қонун, хусусан, Бош қомусимизнинг 7 та моддасига ўзгартишлар киритишга оид қонунларни ишлаб чиқишда ўз таклифлари билан фаол қатнашди. Депутатларимиз, шунингдек, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, 2018 йилнинг апрелида ташкил этилган парламент ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг самарали фаолиятини ташкиллаштиришда ҳам фаоллик кўрсатди.

Бундай эшитувлар жойларда тизимли давом эттирилмоқда.

Учинчидан, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш масаласи партиямиз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларга хорижий сармояларни жалб этиш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бундан ташқари партия фаолиятида бир қатор янги услублар ҳам жорий этилмоқда. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ишчи гуруҳлар шакллантирилди ва жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим Давлат дастурлари ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад нафақат аҳоли мурожаатларига партиявий воситалар орқали ечим топиш, балки жойларда тадбиркор ва фермерлар муаммоларини бевосита ўрганишдан иборат бўлди. Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик йўналишларида микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда Президентимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган ҳудудлардаги инвестиция йўналишида маҳаллий тадбиркор ва фермерлар олдида турган камчиликлар, сунъий тўсиқ ва ғовлар жойида ўрганилди.

Фикримиз тасдиғи сифатида баъзи рақамларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур жараёнда август-сентябрь ойларида 24 мингта хонадонга кириб боришди, ўн минглаб инсонлар билан мулоқот қилди. Жумладан тадбиркорликни йўлга қўйиш масалаларида қийинчиликка учраган 1 700 нафар фуқарога кўмаклашилди.

 Бундан ташқари, “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида 23 819 та хонадонга кириб, уларга томорқада иш бошлаш бўйича ҳам назарий, ҳам амалий кўмак берилди. Борилган хонадонларнинг 11 642 тасига амалий ёрдам кўрсатилган. Шундан, 3 088 хонадон эгасига уруғлик ёки кўчатлар ҳомийлик асосида олиб берилган, 2 495 тасининг ерига ишлов берилган. 1 491 хонадонга ўз томорқасида тадбиркорликни бошлаши учун имтиёзли 7 фоизлик кредитларни олиб беришда ёрдам кўрсатилган.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир вилоятда тадбиркор ва фермерларнинг инвестиция билан боғлиқ масалалари аниқланди. Ҳозирда уларни ҳал этиш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда. Энг асосийси, амалий саъй-ҳаракатларимиз билан электорат вакилларининг йўлига тўсиқ бўлаётган муаммоларга тегишли ташкилотларнинг эътиборини қаратибгина қолмай, уларни ижобий ҳал этиш бўйича барча партиявий воситалар ишга солинмоқда.

Муҳими, тадбиркорлар ва фермерлар билан мулоқотда шунга амин бўлиш мумкинки, уларнинг партияга ишончи баланд. Уни оқлаш учун эса тинимсиз изланишимиз, ҳар қандай шароитда ҳам уларнинг манфаатларини муносиб ҳимоя қила олишимиз шарт.

O‘zLiDeP ишчи гуруҳлари томонидан “Обод қишлоқ” дастурига киритилган 370 та қишлоқ ва маҳаллага чиқилиб, уларда истиқомат қилаётган 24 минг хонадон вакиллари билан учрашилди. Аниқланган муаммоларнинг ҳудудлар кесимидаги таснифига кўра, Андижон ва Наманган вилоятларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиш истагида бўлган ёшлар кўплиги, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида томорқа юритиш билан боғлиқ муаммолар кўп ҳолларда учраши, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит олиб, тадбиркорлик қилмоқчи бўлганлар кўпчиликни ташкил этганини кўриш мумкин.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш ва ўз тадбиркорлигини бошлаши учун имтиёзли кредитлар олмоқчи бўлганларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан партия ташкилотлари, депутатлик корпуси ҳамкорлигида “Туман йўл хариталари” (дастурлари) ишлаб чиқилиб, тегишли туман ҳокимликлари томонидан тасдиқланди ва ижрога қаратилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан тегишли ташкилот ва идораларга 800 дан зиёд депутатлик сўрови чиқарилди. Жойларда тадбиркорлар, фермерлар иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди.

Тўртинчидан, ижтимоий соҳани либераллаштириш ва ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш соҳасида партия шундай ижтимоий сиёсат олиб бориш тарафдорики, натижада фуқаролар нафақат иш билан таъминлансин, балки фуқароларнинг ушбу масаладаги масъулияти ҳам ошсин, бундай сиёсат ҳар бир инсоннинг шахсий ҳолатини инобатга олсин, ўзига мустақил равишда ёрдам бера олмайдиганларга кўмак берсин.

Бунда аҳолини, энг аввало, ёшлар ва аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, фуқароларнинг бизнес кўникмалари ҳамда билимларини ошириш пировард мақсадимиздир. Хусусан, бу борада ёш тадбиркорлар билан ишлаш уларнинг муаммоларини кўтариб чиқиш, партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини такомиллаштириш, ёшларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, уларнинг дарду ташвишларига ечим топиш, интернет сайтларида ёшлар билан интерактив алоқа тизимини йўлга қўйиш, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондириш, уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган ёшлар билан ишлашга эътибор бериш, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини кучайтириш, шу орқали раҳбарликка, депутатликка тайёрлаб бориш, Ёшлар иттифоқи ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифалари белгиланган.

Ўтган даврда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан мазкур масалаларга бағишланган тадбирлар орқали 320 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди. “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!” лойиҳаси доирасида “Ёшлар бандлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиз” шиори остидаги ёшлар форумлари барча ҳудудларда ташкил этилди.

Ёшларни интернетдаги таҳдидлардан асраш, аянчли оқибатларни ва веб-сайтлар орқали кириб келаётган салбий, ёт ғояларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”дан ҳимояланишга қаратилган “Хавфсиз интернет” лойиҳаси ўтказиб келинмоқда. Лойиҳа доирасида ўтган 9 ой давомида 451 та турли тадбирлар, ёшлар билан учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, 27 455 га яқин ёшга шу масалаларда зарур тушунтириш ва йўналишлар берилди.

Партиянинг кадрлар захирасини мунтазам равишда тўлдириб бориш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жойлардаги муаммоларнинг ҳал этилишида ёшлар иштирокини таъминлаш мақсадида “Ёш либераллар” клублари ва унинг “Келажак депутатлари” гуруҳлари тузилди ва ушбу гуруҳларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти йўлга қўйилди.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлаш юзасидан инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, мазкур соҳада истиқболли ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида O‘zLiDeP Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда “Ёш инновациячи” кўрик-танловини ўтказди.

Ушбу лойиҳада қатнашиш истагини билдирган 16 мингга яқин коллеж ўқувчиларидан 600 нафарга яқини танловнинг ҳудудий бочқичларида муносиб иштирок этди. Танловнинг якуний республика босқичида иштирок этган жами 41 нафар коллеж ўқувчилари партиянинг махсус бир ўқув йили мобайнида бериб бориладиган стипендиялари билан мукофотланди. Шунингдек “Энг ёш инновацион ғоя муаллифи”, “Энг самарали инновацион лойиҳа муаллифи”, “Кичик бизнес учун энг истиқболли инновацион лойиҳа муаллифи”, “Энг яхши инновацион ишланма муаллифи” каби номинациялар бўйича совриндорлар тақдирланди.

O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан ҳам мазкур масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Бунёдкор аёллар”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Ишбилармон аёл”, “Фаровон оила” каби йирик партиявий лойиҳалар татбиқ этиб келинмоқда. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида янги тадбиркор, фермер хотин-қизларни кашф этиш, жойларда, айниқса, чекка қишлоқларда янги иш ўринлари яратиш мақсадида ташкил этилган 408 та ўқув-семинарларида 22 мингдан ортиқ хотин-қизлар иштирок этди. Ушбу лойиҳа натижасида республикамиздаги етакчи тижорат банклари томонидан ҳудудларда истиқомат қилаётган 738 нафар хотин-қизга 15 миллиард 73 миллион 400 минг сўм миқдорида кредитлар ажратилди, натижада 2 000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, мазкур соҳага хусусий капитални жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, жойларга чиқиб хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни профилактика қилишга қаратилган “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси ҳам самарали амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, биз бундан кейин ҳам фуқаролар, энг аввало, ёшлар ва аёлларнинг интеллектуал меҳнат соҳасида ўз қобилият ва истеъдодини намоён этишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида аниқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз.

Бешинчидан, кейинги йилларда партиянинг асосий дастурий йўналишларидан бири ташқи сиёсат соҳасида ҳам сезиларли даражада олдинга силжиш сезилмоқда. Шу йилнинг август ойида Туркия пойтахти Анқара шаҳрида мамлакатдаги етакчи сиёсий куч – “Адолат ва тараққиёт” партиясининг VI съезди бўлиб ўтди ва унда O‘zLiDeP номидан иштирок этдик. Музокаралар чоғида Туркиянинг етакчи сиёсий партияси O‘zLiDeP билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди. Қолаверса, партиялараро амалий мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва соҳаларини белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, 2018 йил 6 сентябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси ва Венециан комиссия вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси доирасида ўзаро фикр алмашилди.

Жорий йилнинг май ойида Хитой Халқ Республикасининг Шенжень шаҳрида ўтказилган ШҲТ давлатлари сиёсий партиялари учун илк марта ташкил этилган форумда партиямиз вакиллари иштирок этди. 20 та давлатдан 30 га яқин сиёсий партияларнинг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этган форум доирасида мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бозор ислоҳотлари ва уларда O‘zLiDePнинг ўрни тўғрисида иштирокчиларга маълумотлар тақдим этилди.

Қолаверса, шу йилнинг 24-27 октябрь кунлари Осиё-Тинч океани минтақасидаги 53 мамлакатнинг 360 дан зиёд парламент партияларини бирлаштирган Осиё сиёсий партиялари Халқаро конференцияси (ICAAP) Бош Ассамблеясининг Москвада бўлиб ўтган 10-йиғилишида “Единая Россия” партияси раҳбариятининг алоҳида таклифига биноан O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакили ҳам қатнашди.

 

– Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтган йилнинг 12 июлида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан партиялар фаолияти, хусусан, O‘zLiDeP ҳам жиддий танқид қилинган эди. Камчиликларни бартараф этиш бўйича шу вақтга қадар қандай ишлар олиб борилди? Партиявий ишларни янада жонлантириш учун нечоғлик чора-тадбирлар амалга ошириляпти?

 

– Президентимиз маърузасида бирламчи даражада кўрсатиб ўтилган масалалардан бири – партия тизимида кадрлар билан ишлаш, кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш, партия сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг тегишли қарори асосида Тошкент шаҳри ва барча ҳудудлардаги тегишли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Янги авлод кадрлари” лойиҳаси ўтказиб келинмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида бугунги кунга қадар 40 дан ортиқ олий таълим муассасаларида партия фаолиятига оид тақдимот ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб, мазкур таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди, иштирокчи талабалар ва битирувчилар орасидан энг фаоллари сараланиб, партиянинг истиқболли кадрлар захирасига киритилди, бугунги кунда улар партиявий тадбирларга кенг жалб этиб келинмоқда ва айримларининг ташкилотларимизда стажировкаси йўлга қўйилди.

Маърузада яна бир муҳим масала – партиямизнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган эди. Хусусан, мамлакатимиз вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор дастурларни тайёрлашда жойлардаги партия гуруҳларининг иштирокини кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифалар ижросини депутатлик назоратига олиш, депутатлар томонидан сайловчиларни безовта қилаётган муаммоларга ечим топиш, шунинг ҳисобидан электорат сафини кенгайтириш лозимлиги таъкидланганди.

Бугунги кун ҳолатига Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида 2 295 нафар O‘zLiDeP депутатлари фаолият олиб бормоқда. Ҳисобот даврида Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ва шахсан депутатлар томонидан жами 10 946 та депутатлик сўровлари турли ташкилотлар мансабдор шахсларига юборилган.

Ўтган даврда ҳудудлардаги муҳим масалалар юзасидан муаммоларни ўрганиш ва улар юзасидан депутатлик сўровлари чиқариш бўйича Фарғона (1 832 та), Тошкент (924 та), Наманган (949 та) Самарқанд (907 та) ва Жиззах (991 та) вилоятларидаги депутатлик гуруҳлари ва депутатлари бошқа вилоят вакилларига нисбатан фаоллик кўрсатишди.

Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, айрим жойларда ҳисоботларни эшитиш кўпроқ умумий, яъни танишув ҳолатига эга бўлиб, бу олдимизда турган мақсадларга эришишга хизмат қилмайди. Эшитувларга бўлган муносабатни бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган талаблар даражасида ташкил этишимиз лозим.

Масалан, жорий йилнинг 15 май санасида Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ижроси юзасидан туман солиқ инспекцияси ва туман молия бўлими раҳбарининг ҳисоботи эшитилган бўлса-да, бу номигагина расмиятчилик учун ўтказилган. Эшитув якуни бўйича бирор бир ҳужжат қабул қилинмаган. Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида жорий йилнинг 3 май куни депутатлик гуруҳи йиғилишида Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси бўйича туман солиқ инспекцияси бошлиғининг ҳисоботи эшитилган. Лекин, депутатлик гуруҳи йиғилишининг қарори қабул қилинмаган.

Партия ташкилотларига янги кадрларни жалб қилишда кейинги вақтда ёшлар ўртасида кузатилаётган партияга қизиқиш, сафларимизга келиб қўшилаётган кўплаб ёш фаоллар ичидан бўлғуси партиявий кадрларни топиш ва тарбиялашга алоҳида эътибор билан қарашимиз зарур. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, жорий йил давомида 154 минг янги аъзо партиямиз сафига қўшилди. Албатта, бу катта кўрсаткич.

Таҳлилларга кўра, 2017 йилнинг 9 ойига нисбатан 2018 йилнинг шу даврида республика бўйича бошланғич партия ташкилотлари сони 11 160 тадан 11 594 тага етди. Бир йил давомида бошланғич партия ташкилотлари сони 434 тага кўпайди.

 

– Табиийки, ўтган даврдаги ишларни сарҳисоб қилиш баробарида кейинги босқичда партия олдида турган энг муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинган. Шу маънода O‘zLiDeP келгусидаги фаолияти давомида қандай устувор вазифаларга эътибор қаратиши лозим деб ҳисоблайсиз?

 

– Партиямиз зиммасидаги масъулият юки доим залворли бўлган. Бундай жавобгарлик ҳисси йилдан-йилга ортса ортадики, лекин камаймайди. Айниқса, кейинги йил олдимизда жуда синовли давр турибди. Яъни, парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган депутатлик сайловларида муносиб қатнашиш ва етакчи деган мавқени сақлаб қолиш вазифаси аниқ чора-тадбирлар асосида иш кўришни талаб этади. Шуни яхши тушуниб олишимиз керакки, бу йилги сайловлар олдингиларига қараганда шиддатлироқ, кучли рақобат шароитида ўтиши табиий. Шундай экан, биз партиямиз олдида қандай масъулиятли давр, қандай оғир юк турганлигини яхши англаб, қуйидаги йўналишларда ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорларимиз кутаётган, қолаверса, халқимиз кутаётган, ислоҳотлар талабларига жавоб берадиган қонун ташаббускорлиги фаолиятини жонлантиришимиз даркор. Шу қаторда ҳудудий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз фаоллигини ошириш механизмларини ишлаб чиқишимиз керак.

Шунингдек, муҳим қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилгандан кейин уларни жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама этиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиб, лойиҳаларни такомиллаштирган ҳолда иккинчи ўқишга киритиш бўйича ишларимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим.

Иккинчидан, қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ишларимиз ҳам Президентимиз 12 июлдаги видеоселекторда қўйган талаб даражасида ташкил этилаётгани йўқ. Шу боис бу борадаги фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб, янги йўналишларни белгилаб олишимиз лозим.

Депутатларнинг ҳудудларга навбатдаги чиқишларини ташкил этишдан олдин уларнинг ўтган галги сафари давомида аҳоли мурожаатларини ҳал этиш бўйича қилган амалий ишларини таҳлил этиш тизимини кучайтиришимиз лозим бўлади.

Учинчидан, бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида иштирок этар эканмиз, бунда бошқа фуқаролик жамияти институтлари, хусусан Касаба уюшмалари федерацияси, республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, хуллас, қарийб 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур.

Тўртинчидан, жойларда тадбиркорлик ва фермерликнинг ривожига тўсиқ бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, хусусан, қишлоқ ҳудудларида одамларнинг ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш борасидаги ишларни янги поғонага олиб чиқишда ҳам O‘zLiDeP ўзининг етакчи сиёсий куч эканлигини кўрсатиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Қолаверса, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим дастурлар ижроси, аҳоли мурожаатларига партиявий воситалар орқали ечим топиш, жойларда ўз электоратимиз муаммоларини бевосита ўрганиш ишларини давом эттиришимиз керак.

Бешинчидан, ёшлар орасига янада чуқурроқ кириб бориш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш ҳам олдимиздаги муҳим вазифалардан бўлиб қолаверади. Чунки, тадбиркор ва фермерлар бугун мамлакат иқтисодиётида, шу асосда бошқа барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда етакчи кучга айланган экан, унинг таркибини ёшлар ҳисобига янада кенгайтириб бориш бўйича қилинаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишимиз лозим. Ёш тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳукумат даражасигача олиб чиқиш, тегишли вазирлик ва идоралар орқали ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш ишларини изчил давом эттиришимиз керак.

Олтинчидан, мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида, “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси”га мувофиқ Ўзбекистонни 2030 йилгача инновацион ривожлантиришга кўмаклашиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этишига ҳисса қўшиш бош мақсадимизга айланган.

Дарҳақиқат, партия олдида турган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг ва уларни амалга ошириш барча партиядошларимиздан белни маҳкам боғлаб, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда иш олиб боришни тақозо этмоқда.

Умуман олганда, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да белгиланган вазифаларни охирига етказиш ҳамда Ҳаракатлар стратегияси асосида галдаги муҳим вазифаларни белгилаб олиш партиянинг барча бўғиндаги раҳбар ва масъул ходимларидан шахсий жавобгарликни талаб қилади. Шундай экан, Ҳаракатлар стратегияси ва Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни кўнгилдагидек амалга ошириш учун ҳар биримиз ўз жойимизда масъулиятни чуқур ҳис қилиб, жиддий иш олиб боришимиз керак.

–  Партиядошларимизга байрам тилакларингиз?

– Партиямиз томонидан ўтган йиллар давомида, айниқса кейинги икки йил ичида амалга оширилган ишларга холис баҳо берадиган бўлсак, ишда силжиш, турли муваффақиятларни кўришимиз мумкин. Лекин, биз ҳали катта йўлнинг бошланишида эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Олдимизда ҳали эътибор қаратилмаган масалалар, вазифалар жуда кўп. Бу билан айтмоқчиманки, ютуқлар ўзимизники, улар хотиржамликка асос бўлмаслиги лозим. Зиммамиздаги вазифаларни тўла англаб, уларни босқичма-босқич амалга ошириш эса барча фаолларимиздан, хайрихоҳларимиздан бирдек масъулият талаб этади. Ана шу юкни, бошқача айтганда, етакчилик масъулиятини бир зум бўлса-да, унутмасдан ҳаракат қилишда барча-барча партиямиз фаолларига куч-қувват ва зафарлар тилайман.

  • Кўрилди
    1674
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Даврон Темиров O‘zLiDeP Бўка туман Кенгаши ижрочи котиби2018-11-30 09:10:38

Партиямиз рахбарининг белгилаб берган асосий вазифаларни тўла англаб, етакчилик масъулиятини бир зум бўлса-да, унутмасдан, уларни босқичма –босқич амалга оширишда, кадрлар захирасини шакллантириш, партия сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдириш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда биргаликда ҳаракат қилишимизни талаб этади. Зеро, O‘zLiDePнинг “Биргаликда биз кучмиз” шиорининг ҳаётий ифодаси ҳам айнан мана шунда ўз аксини топади. Шундагина, партиямизнинг мамлакатимиз сиёсий майдонида етакчи кучга айланишида жуда катта ҳисса қўшган бўламиз.


Ғ.Пўлотов-O‘zLiDeP Ғиждувон туман Кенгаши аппарати раҳбари2018-11-29 17:28:08

Партиямиз раҳбари Актам Ҳайитов томонидан белгилаб берилган олтита устувор вазифаларни биз ўзимизга дастурий амал деб белгилаб, бу вазифаларни амалга оширишга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+