O‘zLiDeP фракцияси Бош қомусимизнинг 26 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ўтказди

30.11.2018, 15:44

O‘zLiDeP фракцияси Бош қомусимизнинг 26 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ўтказди

Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда шулар ҳақида сўз юритилди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Бош қомусимиз халқимиз қўлга киритган улкан муваффақиятлар, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёт йўлига чиқиб олишида мустаҳкам замин бўлаётганини таъкидладилар. Конституцияда белгиланган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши алоҳида қайд этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси Конституциямизда белгиланган ҳаётий нормаларнинг амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу эса, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституция жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги самарали ислоҳотлар қаторида жамият иқтисодий негизларини шакллантириш, айниқса, шахснинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи, шунингдек, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги орқали мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга имкон яратди.

Ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унинг 53-моддасида қайд этилишича, «хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир». Ушбу қоиданинг амалий ифодаси сифатида ҳозирда мамлакатимизда мулкни хусусийлаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бош қонунимизда айнан бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, иқтисодий фаолият олиб бориш, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза этилишини кафолатлаши, шунингдек, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги қайтъий белгилаб қўйилган.

Конституция яратиб берган имкониятлар асосида кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий мулк ва инвестициялар дахлсизлигини таъминлашнинг ишончли ҳуқуқий-меъёрий асосларини яратиш ва уларнинг ҳимояси учун кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси сингари тармоқлар, уй-жой фонди тўлиқ хусусий мулк эгалари тасарруфига ўтказилди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқарадиган, озиқ-овқат, тикувчилик маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель ва фармацевтика саноати тармоқларида давлатнинг улуши бир мунча озайтирилгани шулар жумласидандир.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар Конституциямиз фуқаролик жамиятининг таркибий қисми бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партияларнинг шаклланиши, уларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратганлигини ҳам алоҳида таъкидлашди. Шу билан бирга, Конституция – қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати эканлиги қайд этилди.

  • Кўрилди
    1072
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+