O‘zLiDeP фаоли Германиядан узумни қайта ишлайдиган технология олиб келмоқчи

30.11.2018, 16:38

O‘zLiDeP фаоли Германиядан узумни  қайта ишлайдиган технология олиб келмоқчи

Президентимиз шу йил Жиззах вилоятига ташрифи чоғида пахта майдонларини қисқартириш эвазига мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар ташкил этиш, экспортни кенгайтириш бўйича аниқ тошириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Айтиш жоиз, бу йўналишда вилоятнинг энг чекка тумани – Янгиобод туманида ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилди, янги-янги боғлар, экинзорлар барпо этилди.

– Ўтган йили олхўридан 6 тонна ҳосил олган эдик, бу йил 10 тоннани мўлжаллаяпмиз, – дейди “Совот мевазори” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Мавлонқул Тоғаев. – Дарахтлар чангланишини яхшилаш учун асаларичиликни йўлга қўйдик. Ҳали боғимиз тўлиқ мевага киргани йўқ. Токзор ҳам янги. Агар улар тўлиқ ҳосилга кирса, даромадимиз бир неча баробар ортади. Айни чоғда паррандачилик ва чорвачилик йўналишидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш устида иш олиб боряпмиз. 

Аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат маҳсулот етиштиришда эмас, балки уни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тармоқларида ҳам кенг қулоч ёймоқда. Масалан, “Совотагроголд” МЧЖ 100 гектар майдонда узум, 500 экспортбоп сабзавот етиштиришни ҳамда 1000 тонналик мева-сабзавотни сақлаш имкониятига эга совутгич қуришни режалаштирган.

Фақат шугина эмас. Туманда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда ер ости сувларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам кенг. Шу мақсадда ҳозиргача 50 та қудуқ ковланди, 2019 йилда ҳам 50 та қудуқ қазилади. Бу эса 45 минг гектар лалми майдонни сув билан таъминлаш имконини беради. 

“Янгиободузумсервис” МЧЖ тумандаги ер ости сувидан самарали фойдаланаётган хўжаликлардан. Жамият ўз тасарруфидаги 4 та қудуқдан фойдаланган ҳолда, 295 гектарда узум етиштираётир. Келгуси йилдан ҳар гектар токзордан 10 тоннадан узум олишни мўлжаллаётган жамоа ҳосилнинг бир қисмини сақлаб қўйиш учун 177 миллион сўмлик совутгич қурмоқда. Ҳосилнинг қолган қисмини майиз сифатида экспорт қилиш режалаштирилган. 

– Германиядан 135 миллион сўмлик технология келтириб, узумни қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз, – дейди “Янгиободузумсервис” иш бошқарувчиси O‘zLiDeP аъзоси Шуҳрат Қўлдошев. – Бунинг учун бино ҳам ҳозирлаб қўйдик. Шунингдек, 35 миллион сўмга ток устунлари – шпалерлар ишлаб чиқарадиган ускуна келтириш бўйича ҳам иш олиб боряпмиз. Келгуси йилдан 95 гектар майдонда томчилатиб суғоришга ўтамиз. 

Сардор ИСАЕВ,

O‘zLiDeP Янгиобод туман

 Кенгаши ижрочи котиби

  • Кўрилди
    1152
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+