Конституция – ҳуқуқларимиз кафолати (+видео)

06.12.2017, 17:38

Конституция – ҳуқуқларимиз кафолати (+видео)

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Тошкент темир йўл муҳандислари институтида “Конституция – мамлакатимиздаги либерал-демократик ислоҳотларнинг асоси ва гарови” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, Судьялар Олий Кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот Маркази ходимлари, Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.        

Тадбирда таъкидланганидек, Асосий қонунимиз улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжат бўлиб, унда суверен давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга оид тамойиллар мустаҳкам ўрин олган. Энг муҳими, унинг қоидалари мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар сари кенг йўл очди.

Бош қомусимизнинг халқчил ва инсонпарвар моддалари замирида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида кечаётган ислоҳотлар, юртимиздаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигининг ортиб бораётгани, фуқаролар ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларидаги улкан муваффақиятларимиз акс этиб турибди. Айниқса, Конституциямизда мустаҳкамланган нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида давлатимизда халқ ҳокимияти, қонун устуворлиги, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлиги ва қонун олдида бирдек жавобгарлиги, ҳокимиятнинг суд, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига бўлиниши каби принциплар таъминланиб, мамлакатимизни изчил тараққий эттириш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўз олган партиямиз фаоллари эътироф этганидек, ўтган йилларда мамлакатимиз тараққиёт босқичларига ҳамоҳанг тарзда Конституциямизга ҳам муайян ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса мамлакатимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Асосий қонунимизнинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани мамлакатимизда сиёсий партиялар ролини кучайтириш ҳамда кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш бўйича охирги ўн йилликда амалга оширилган­ демократик ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бунинг натижасида жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва роли мустаҳкамланмоқда, ўз электорати ҳаётини янада яхшилаш бўйича масъулият ва жавобгарлик ҳисси ошмоқда.   

Тадбирда O‘zLiDePнинг Сайловолди Дастуридаги қонун устуворлиги, инсон манфаатларининг олий қадрият эканлиги каби дастурий мақсадлар айнан Бош қомусимизнинг асосий тамойилларига ҳамоҳанг экани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан партия ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, конституциявий билимларини юксалтириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш O‘zLiDePнинг асосий мақсадларидан бири экани эътироф этилди.  

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга депутат ва мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1187
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+