Пойтахтдаги бошқарув механизмлари тубдан ўзгартирилмоқда

13.12.2018, 17:02

Пойтахтдаги бошқарув механизмлари  тубдан ўзгартирилмоқда

Мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган. Бу борада аҳолининг кенг қатламлари иштирокини таъминлаш, ҳокимиятнинг барча бўғинларида бошқарувнинг янги шаклларини жорий этиш масалалари ҳам ана шу вазифалар сирасига киради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармони айни шу мақсадларнинг ҳаётий ифодаси сифатида бошқарув соҳасида тамомила янгича ислоҳотларни бошлаб берди. Унга кўра, пойтахтдаги бошқарув механизмлари, шаҳар ва туманлардаги ҳокимиятлар ижро аппаратининг ташкилий тузилмалари ҳамда функциялари тажриба тариқасида тубдан ўзгартирилмоқда. Хўш, бу ўзгаришлар нималарда намоён бўлади?

Ушбу эксперимент жорий этилгунга қадар ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашув, ҳокимлар ва ўринбосарларининг давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари билан яқин ўзаро ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаган, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўзига хос бўлмаган бир қатор вазифа ва функциялар юклатилган эди. Қизиқ томони, ушбу функция ва вазифаларни амалга оширишнинг на ташкилий-ҳуқуқий, на молиявий механизмлари мавжуд эди. Оқибатда ҳокимликлар ҳузурида маъмурий-бошқарув функцияларига эга бўлган алоҳида “квазидавлат”, яъни давлат бўлиб муҳри йўқ, хусусий бўлиб ваколати йўқ корхона ва ташкилотлар тузилаётган эди.

Маълумотларга қараганда, пойтахтимизнинг ўзида 38 та ана шундай давлат унитар корхонаси мавжуд бўлиб, шундан 21 таси бевосита шаҳарда, 17 таси эса туманларда фаолият кўрсатиб келаётганди. Бундан ташқари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари раислигида турли масалаларни қамраб олган 51 та комиссия тузилган. Ёнғин хавфсизлиги, метал ёки қоғоз парчалари йиғиш, ВИЧ инфекциясига қарши курашиш ёки коммунал хўжаликдаги нархни баҳолаш бўйича тузилган бунақа комиссияларнинг ишлаш тартиби кўпчиликка яхши маълум. Кўпинча бу тузилмалар фақатгина имзо кўпайишига, ортиқча қоғозбозликка хизмат қилган, холос. Президентимизнинг август ойида қабул қилинган юқоридаги фармони билан Тошкент шаҳридаги 12 та давлат унитар корхоналари – “квазидавлат”лар, шунингдек, 30 та комиссия тугатилмоқда.

Танганинг ҳам икки томони бўлади. Шу маънода ҳақли савол туғилади. Хўш, уларнинг озми-кўпми шу пайтгача бажариб келган функциялари кимга ўтди? Шуни айтиш керакки, улар зиммасидаги вазифалар эндиликда тегишлилиги бўйича аниқ давлат ташкилотларига берилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ушбу функциялар юкланган ҳар бир ташкилотнинг масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда, ортиқча қоғозбозликларсиз сидқидилдан фаолият юритишини таъминлашдан иборатдир.

Фармон билан республика миқёсидаги бешта, яъни Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Тошкент шаҳридаги тузилмалари бевосита Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқарувига ўтказилади. Аҳамиятга молик жиҳати, юқоридаги ташкилотлар иқтисодий комплексга алоқадор ҳисобланади. Демак, улар пойтахтимиздаги иқтисодий вазифалар, кўрсаткич ва параметрларнинг ўсишида, бу борада мавжуд муаммоларни тизимли бартараф этиш мақсадида бевосита шаҳар ҳокимияти таркибига киритилди.

Яна бир гап. Номлари тилга олинган иккита вазирлик ва битта қўмита билан O‘zLiDeP доимий ҳамкорликни ўрнатган. Ушбу давлат тузилмаларининг мутасаддилари ҳисоботи партиямиздан сайланган депутатлар томонидан доимий тарзда эшитиб келинмоқда. Эндиликда ушбу вазирликлар қаторида ҳокимлик мутасаддилари эътиборини бевосита иқтисодий муаммоларга, хусусан, тадбиркорларни ўйлантираётган тизимли муаммоларга қаратиш имкони янада яхшиланди.

Шу ўринда бошқарув масаласидаги ўзгаришларга ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқ жоиз. Давлатимиз раҳбарининг фармони билан Тошкент шаҳар ҳокими ва туман ҳокимликларининг янги намунавий тузилмалари тасдиқланди. Уларга мос равишда айрим ҳоким ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди. Айримлари эса долзарблигига қараб янгидан ташкил этилди. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Янгидан ташкил қилинган каналлардан фойдаланиш ва уларнинг чегара олди ҳудудларини ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳам бир вақтнинг ўзида ҳоким ўринбосари мақомига эга бўлади. Бошқарма, жумладан, каналларни санитар тозалашни комплекс ва тубдан яхшилайди, каналларга туташ ҳудудларни санитар, экологик меъёр ва қоидаларга мувофиқ ободонлаштиради. Шу билан бирга, шаҳар ижро этувчи ҳокимият тузилмасида асосий вазифалари аниқ белгиланган Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Албатта, ушбу ваколатларни Тошкент шаҳар ҳокими ва туман ҳокимликларига бериш билан фақатгина уларни ваколат доирасини кенгайтириш ва назоратсиз қолдириш эмас, балки эндиликда халқ депутатлари кенгаши ва жамоатчилик назорати механизмларини янада яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу замон талаби! Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва туман кенгашларида алоҳида котибиятларнинг ташкил этилгани эса депутатларнинг тизимли фаолият юритишига хизмат қилади. Қолаверса, ваколатлари кенгайган ҳокимликларни бевосита халқнинг ўзи томонидан назорат қилиш функцияси депутатлар зиммасига юклатилади. Бу эса ҳокимликлар фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга олиб келади.

Ижтимоий соҳадаги, хусусан, мактабгача таълим муассасаларида ўринларнинг етишмаслиги ёки бўлмаса таълим сифати билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, эндиликда уларни назорат этиш ва бевосита ижро ҳокимияти эътиборига ҳавола қилиш функцияси тизимли равишда халқ депутатлари кенгаши томонидан янги ташкил этилган котибият орқали амалга оширилади. Бу эса маҳаллий кенгаш депутатларини янада фаол ва ташаббускор бўлишга ундайди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу эксперимент пойтахтда намуна сифатида старт олди. Эксперимент муваффақиятли якунлангандан сўнг республикамизнинг барча ҳудудларига бирин-кетин жорий этилади.

Жасур РАҲМОНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитасининг

ташкилий-партиявий

ишлар бўлими мудири 

  • Кўрилди
    1111
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Иброхим Саттаров2018-12-14 14:49:57

Хакикатдан хам ушбу маколада Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга Тошкент шахри мисолида кенг тухталиб утирган. Бундай тахлилий тушунтиришларга каратилган маколаларни янада купрок бериб борилса максадга мувофик буларди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+