“Ўзстандарт” қошида янги департамент ва илмий тадқиқот институти тузилади

18.12.2018, 16:36

“Ўзстандарт” қошида янги департамент ва илмий тадқиқот институти тузилади

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари тугатилиб, “Ўзстандарт” агентлиги қошида Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти ташкил этилади. Янги департамент техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунбузилишларини олдини олиш ва профилактика қилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология масалаларида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга масъул этиб белгиланди. Шунингдек, техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши, ўлчов бирликлари ягоналиги ва ишончлилигини таъминлаш, мажбурий сертификатлаштириш қоидалари талаблари бажарилиши устидан назорат ўрнатиш ҳам агентлик ҳузурида ташкил этилаётган департаментнинг асосий вазифаларидан биридир.

МАВЗУГА ОИД:

O‘zLiDeP тадбиркорларга Президент Қарори моҳиятини тушунтирди

Қарор доирасида Агентликнинг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ва “Ахборот-маълумот маркази” давлат корхонаси негизида “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти ҳам ташкил этилмоқда. Институт стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Шунингдек, институт стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга масъул ташкилот этиб белгиланмоқда.

Қарор O‘zLiDeP электорати бўлган тадбиркорлар учун ҳам қатор имтиёз ва имкониятлар яратмоқда. Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштириш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари тақдим этилганда, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади. Қарор билан тадбиркорлик субъектларига берилаётган бундай имкониятлар электоратимиз вакиллари фаолиятини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, корхоналарни модернизация қилиш ва маҳаллий маҳсулотларимизнинг сифатини янада оширишга хизмат қилади.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1325
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+