Мамлакат тараққиётининг янги босқичига навбатдаги қадам

29.12.2018, 18:59

Мамлакат тараққиётининг янги босқичига навбатдаги қадам

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга қилган Мурожаатномаси тагмазмунидан келиб чиқсак, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” кейинги вақтларда мамлакатимизда кенг қулоч ёза бошлаган, тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг изчил давоми бўлади. Бошқача айтганда, келгуси йил жамият ҳаётида инновация, инвестиция ҳамда модернизация йўналишларидаги ва айни пайтда ижтимоий соҳадаги ривожланиш янги босқичга кўтарилади. 

Кўтаринки руҳда якунланаётган 2018 йил сарҳисоби ҳақида сўз юритарканмиз, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” каби давлат дастурлари ижросини тўлақонли юзага чиқаришда ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилиб келаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам муносиб ҳисса қўшганини фахр билан таъкидлашимиз жоиз. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида партия қуйи бўғинлари, депутатлик гуруҳлари ва электоратимиз кўмагида хайр­ли ишлар амалга оширилди. Янги йилда кенг кўламли фаолиятимизни янада ривожлантириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз.

Давлатимиз раҳбари маърузасида инвестицияни мамлакатга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келишининг асосий шарти дея таъкидлагани бежиз эмас. Замонавий дунёда бу содда аксиома ўз исботини турли мамлакатлар бошқаруви мисолида қайта-қайта исботлаб келмоқда. Айниқса, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ниҳоятда аҳамиятлидир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, иқтисодиётимизга сармоя киритишга интиладиган инвесторлар учун ҳудудлар ва тармоқлар бўйича инвестиция лойиҳаларини пухта шакллантириш эртага тотли мевасини бермай қолмайди. Бу тенденциянинг яна бир томони – давлатнинг экспорт салоҳиятини оширишдир. Президентимиз ўз нутқида экспортга йўналтирилган иқтисодиётга ўтиш тараққиётимизнинг муҳим, ажралмас қисмига айланиши лозимлигини яна бир бора эслатди.

Янги йил режалари мамлакат иқтисодиётининг етакчи кучларидан бирига айланаётган фермерларимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Инчунин, кейинги йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга кўтариш, шу билан бирга, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш уларнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқдир. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш таклифини билдиргани жуда ўринли, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонларини ажратиш бу соҳада чиниққан, серғайрат заҳматкашларни қўллаб-қувватлашда оқилона ечимдир. Қолаверса, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги, Инновацион ривож­ланиш вазирликлари билан ҳамкорликни янада кучайтириб, қишлоқ мулкдорларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга самарали татбиқ этишга эришиши, шубҳасиз, малакали кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал этишда муҳим тадбир бўлади.

Сўзимиз сўнгида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига навбатдаги қадамни ташлади. Бу йўл халқимиз орзу-истак­ларини чин маънода рўёбга чиқарадиган нурафшон манзилларга элтишига асло шубҳа йўқ.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    1410
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Бобожонова Р. Шовот туман Кенгаши ижрочи котиби2019-01-04 10:52:10

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга қилган Мурожаатномаси хар бир соха вакилларига янада ғайрат шижоат бағишлаганига хеч шубхамиз йўқ.


Даврон Темиров O‘zLiDeP Бўка туман кенгаши ижрочи котиби2018-12-30 12:00:30

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга қилган Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган фикрлари, мамлакат иқтисодиётининг етакчи кучларидан бирига айланаётган партиямизнинг электорати бўлган фермерларимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонларини ажратиш бу соҳада чиниққан, серғайрат миришкорларни қўллаб-қувватлаш, малакали кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал этиш , соҳага инвестиция киритиш,аграр тармоқни ривожлантириш учун муҳим омил бўлади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+