O‘zLiDeP депутатининг кўприк қурилиши бўйича ҳукуматга йўллаган мурожаати ижобий ҳал этиладиган бўлди

05.01.2019, 10:48

O‘zLiDeP депутатининг кўприк қурилиши бўйича ҳукуматга йўллаган мурожаати ижобий ҳал этиладиган бўлди

O'zLiDeP фракцияси аъзоларининг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги ўрганишлар ва мулоқотлар давомида “Калламозор” қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтадиган Шеробод дарёси ўзани селлар оқибатида кенгайиб, 100 метрдан ошиб кетгани, дарёда йил давомида сувнинг кўп миқдорда оқиши 2500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқ аҳолисига қийинчиликлар туғдираётгани аниқланди.

Шундан сўнг тумандаги “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Калламозор” қишлоғида йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммо — қишлоқ билан М-39 халқаро автомобиль трассасини боғловчи аҳоли ва автомашина ўтадиган, барча талабларга жавоб берадиган, хавфсиз, замонавий кўприк қурилиши бошлаб юборилди. Бу жараёнга етук кўприксоз мутахассислар ҳам жалб этилди.          

Бугунги кунга келиб, кўприкнинг қарийб 80 фоиз қисми қуриб битказилди. Аммо маблағ етишмаслиги сабабли қолган қурилиш ишлари тўхтаб қолди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси Муродулла Турсунов кўприк қурилишида кўп сонли фуқароларнинг вакили сифатида ушбу кўприкнинг битмасдан турган қисмини қурилиш меъёрлари асосида охиригача бунёд этилишида амалий ёрдам беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосарига мурожаат йўллади.

Депутатнинг ушбу мурожаатида кўрсатиб ўтилган масала ечими юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва “Кўприкқурилиш” трестига топшириқлар берилгани ҳақидаги жавоб хати олинди.

Унга кўра, мазкур масала назоратга олиниб, энди амалий ҳаракатлар бошланяпти. Демак, Шеробод тумани “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Калламозор” қишлоғида йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммо яқин-орада тўлиқ ўз ечимини топади.

  • Кўрилди
    565
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+