Ёрқин келажагимиз сари қўйилган яна бир дадил қадам

05.01.2019, 16:01

Ёрқин келажагимиз сари қўйилган яна бир  дадил қадам

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар бир соҳада замонавий дунёқарашга эга малакали ёш кадрлар сафини кўпайтириш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг асосий мақсади ҳисобланади. Шу боис, Президентимизнинг ҳар бир нутқ ва маърузаларида ёшлар масаласи алоҳида ўрин эгаллайди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам ёшлар ҳаётига доир кўплаб долзарб вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшларнинг муносиб таълим олиши, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини доимо рағбатлантириб бориш мақсадида аввало мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, ўрта ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини яхшилаш кераклиги таъкидланди. Ёшлар учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, таълим дастурлари ва ўқитиш услубларини халқаро стандартларга яқинлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Мурожаатномада қиёсий таҳлил келтирилиши билан бирга, мамлакатимизда умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш бўйича вазифалар ҳам кўрсатилди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 2019 йилда мамлакатимизда таълим сифатини баҳолашга доир халқаро изланишларни, ёшларнинг ижодкорлик қобилиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи бундан буён ҳам энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Таъкидлаш керак, ёшларни узлуксиз таълим жараёнига қамраб олиш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга йўналтириш, шу орқали улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш энг асосий вазифамиздир. Шу боисдан жойларда замонавий дам олиш масканлари барпо этилиб, уларда спорт майдончалари, амфитеатр ва кичик саҳналар, кутубхона, “Китоб кафелари” ташкил этилиши белгиланди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгиланган, ёшлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу вазифалар ижроси эртанги ёрқин келажагимиз сари қўйилган яна бир дадил қадам бўлишига ишонамиз. Зеро, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига навбатдаги қадамни ташлади.

Гулшана ХУДОЯРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O‘zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1119
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+