Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади

07.01.2019, 11:58

Мурожаатнома келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади

Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки ва тинчлиги унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади. Ўз мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш – барча ютуқларимиз гарови эканлиги таъкидланди.

Ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, ҳарбий қурилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг самарасини оширишда янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринаси муҳим роль ўйнайди. Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади. Зеро, унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган.

 Яна бир гап. Армиямиз мамлакатимиз аҳолиси, айниқса ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда намуна бўлмоқда. Ёш авлодимизда қатъий ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олиб, мамлакатимизда ўрта мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилмоқда. Ушбу тизимда мутлақо янги Қуролли Кучлар академияси шакллантирилди, ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар фаолияти такомиллаштирилиб, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари ташкил этилди.

Мурожаатномада айтилганидек, мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошлаган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш керак. Мудофаа ва қуролли кучларни ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширилиши Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, республикамиз аҳолисининг осуда ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашга, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Президентимизнинг Мурожаатномаси келгусида қилинадиган барча ишлар учун дастуриламал вазифасини бажаради.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

 O‘zLiDeP фракцияси аъзоси,

Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    1032
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+