O‘zLiDePнинг Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқувчи устувор вазифалари муҳокама қилинди (+фото)

08.01.2019, 17:55

O‘zLiDePнинг Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқувчи   устувор вазифалари муҳокама қилинди (+фото)

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз Мурожаатномасидаги барча фикрлар ва ташаббуслар ягона эзгу мақсад – халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги эркин, обод ва фаровон Ўзбекистонни қуришга йўналтирилган тарихий ҳужжатдир. Унда барча соҳаларда кўплаб муваффақиятларга эришилган 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар сарҳисоб қилиниб, 2019 йилда унинг давомийлиги юзасидан дастурий йўналишлар белгилаб берилди.

Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилгани O‘zLiDeP зиммасига улкан масъулият юклаши таъкидланди. Хусусан, Мурожаатномада белгиланган қонун устуворлиги, адолат ва либерализм тамойилларига асосланган очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, жамият интеллектуал капиталини юксалтириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олинишини кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, муносиб турар жой, иш билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада ошириш каби стратегик аҳамиятга эга вазифалар мамлакатимизни нафақат яқин келажакда, балки узоқ муддатларда ҳам рақобатдошлигини, барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг, авваламбор тадбиркорлар  ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк эгалари ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, орзу-истаклари билан муштарак бўлган вазифалардан келиб чиқиб, O‘zLiDeP ҳам ўз фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқди.

Қайд этилганидек, фаол инвестицион сиёсат юритмасдан, фаол тадбиркорлик муҳитини яратмасдан туриб, иқтисодий тараққиётга эришиб бўлмайди. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг энг мақбул ва ўз навбатида, мураккаб йўли айнан иқтисодиётга хорижий сармояларни фаол жалб этиш, бунинг учун қулай шароит яратиш масаласига бориб тақалади. Натижада мамлакат иқтисодиётини юқори босқичга олиб чиқади, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилади. 

Мурожаатномада тилга олинган мазкур фикрлардан келиб чиқиб,  O‘zLiDeP мамлакатимизга инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш, инвесторларга қулай муҳит яратиб бериш, уларга эркин иқтисодий зоналари ва кичик саноат зоналарида ўз тадбиркорлигини бошлашларига яқиндан кўмаклашиш ва бу орқали кўплаб янги иш ўринларини яратишга қаратилган турли партиявий лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган.

Шу билан бир қаторда мамлакатимиз иқтисодиётини энг юқори босқичга олиб чиқишда асосий омиллардан бири бўлган “экспортга йўналтирилган, рақамли, ақлли ва инновацион иқтисодиёт”га ўтиш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш, “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш, барқарор монетар сиёсатни амалга оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш муҳим вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди. Қолаверса, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билимини ошириш, пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш каби соҳаларда дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга самарали татбиқ этиш партиянинг 2019 йилга мўлжалланган иш режасидан ўрин олган.

Мурожаатномада алоҳида тилга олинган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурлари ижросини тўлақонли юзага чиқаришда ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилиб келаётган O‘zLiDeP ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида партия қуйи бўғинлари, депутатлик гуруҳлари ва электоратимиз кўмагида хайр­ли ишлар амалга оширилди. Жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур дастурларини тўлиқ ижросини таъминлашда бор куч-ғайратини сафарбар этиши партиянинг галдаги фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

O‘zLiDeP, Мурожаатномада таъкидланган масала – ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, ёшлар ва хотин-қизларни  тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор билан ёндашади. Зеро, бу партия дастури ва сайловолди Платформасидаги устувор йўналишлардан биридир. Тадбирда партия бу йўналишда ҳам бир қатор янги лойиҳаларни режалаштираётгани таъкидлаб ўтилди. 

Қайд этилдики, Мурожаатномада барча соҳалар каби миллий парламент ва маҳаллий кенгашлар, сиёсий партиялар фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, жорий йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этиб, барча вакиллик органларида муносиб ўринларни эгаллашга бор кучини сафарбар этади.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида билдирилган фикрлардан келиб чиқилган ҳолда O‘zLiDeP томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2094
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+