Ер ҳақиқий эгасини топади

17.01.2019, 23:45

Ер ҳақиқий эгасини топади

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 январда “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда белгиланган муҳим вазифалардан бири ерни ҳақиқий эгасига топширишдир.  Бу – ўта муҳим масала. Чунки  соҳани мукаммал биладиган, қишлоқ хўжалик технологияларини пухта эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновацион усуллардан хабардор фермерларгина соҳанинг бугуни ва келажагини белгилаб беришлари, олдимизга қўйилган вазифаларни тўла-тўкис адо этишлари мумкин.

Бугунги кунда соҳада йиғилиб қолган муаммолар талайгина. Афсуски, уларни фақат хоҳиш билангина ҳал қилиб бўлмайди. Масалан, бир ҳудудда, бир хил ер ва сув ресурсларига эга фермер хўжаликларининг ҳосилдорлик даражаси, демакки, даромади турлича бўлаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Шунингдек, узоқ йиллардан буён фермерлик билан машғул, моддий-техник базаси тўлақонли шаклланган тажрибали фермерлар об-ҳаво инжиқликларига қарамай мунтазам равишда юқори ҳосилдорликка эришиб келаётган бир пайтда баъзи ер майдонларида фермерлар бир неча марта алмашганига гувоҳ бўлиш мумкин.  Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, аграр соҳада энг катта муаммо – фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир. Шу маънода айни пайтда ҳудудларда бошланган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир чора-тадбирлар давомида ҳар бир ҳудуд шароити ўрганилиб, белгиланган мезонларга кўра очиқ танлов асосида фермер хўжаликларига ер участкаларининг ажратиб берилаётгани ижобий самара бериши аниқ.

Ҳудудларга бириктирилган ишчи гуруҳлар, туманларнинг тўртта сектор раҳбарлари, ер участкаларини реализация қилиш масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан биргаликда экин майдонларини мақбуллаштириш жараёнида фермер хўжаликлари фаолиятига холисона баҳо берилишига, шаффофлик, ошкоралик, очиқлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя қилинишига эришишлари муҳим.

Дилшод ТУРСУНБОЕВ,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

бизнес тузилмалари ва фермерлар билан

ишлаш бўлими консультанти

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    789
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

А.Хатамов2019-01-28 17:03:25

Ерлардан унумли фойдаланиб, ҳосилдорлик ошириш зарур


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+