Германия Ўзбекистоннинг ишончли ва истиқболли шериги

22.01.2019, 21:32

Германия Ўзбекистоннинг ишончли ва истиқболли шериги

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди.  

Ташриф давомида қатор масалаларда музокаралар олиб борилди. Эътиборга молик жиҳати, кўплаб масалаларда икки мамлакат қарашлари муштарак эканлиги, ҳали ишга солинмаган имкониятлар кенглиги яққол намоён бўлди. Хусусан, Германия инсон ҳуқуқларини ўз сиёсатининг устувор жиҳати ва туб манфаати деб ҳисоблайди ва ўз навбатида уларга риоя этиш бўйича қатъий чоралар кўради. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг бугунги кунда олиб бораётган ҳуқуқий давлат барпо этиш ва қонун устуворлигини таъминлашга оид саъй-ҳаракатлари икки давлат алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар Германия билан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга сифат жиҳатдан янгича руҳ бағишлайди. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётнинг барча жабҳасида, шу жумладан ташқи сиёсат масаласида ҳам самарали ўзгаришларни амалга ошириш, иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилган ҳолда республикада тадбиркорлик муҳитини такомиллаштиришга алоҳида урғу берилган.  

Сир эмас Германия тараққий этган индустриал-технологик мамлакат бўлиб, иқтисодиётнинг саноат ва технологик тармоқлари бўйича жаҳонда етакчи давлатлардан бири саналади. Шу маънода ушбу мамлакат билан илмий ва инновацион тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, корхоналар бошқарувида инновацион ёндашувлар, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда илм-фан соҳасида юқори савиядаги кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш ниҳоятда муҳимдир.

Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида кечган музокараларда Ўзбекистон иқтисодиётига илғор технологиялар ҳамда “ноу-хау”ларни жалб қилиш, шунингдек, таълим, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилингани эътиборга моликдир.

Барчамизга яхши маълумки, ХХI аср кўпроқ ахборот асри сифатида эътироф этиб келинмоқда. Айни пайтда инсониятнинг кейинги ҳаёт тарзи эса инновацион асрдан ҳам дарак бермоқда. Шу боис, ҳар бир мамлакат ўз тараққиёти пойдеворини инновация асосида мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу масала давлатимизнинг доимий эътибор марказида. Ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмаганидек, инновация ҳам шунчаки ривожланмайди. Бунинг учун мамлакатда замонавий билимларни эгаллаган, улар негизида янгиликлар яратишга қодир етук кадрлар бўлиши сув ва ҳаводек зарур. Бусиз инновацион тараққиётга эришиш мушкул. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз”.

Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси Президентлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда ана шу йўналишга алоҳида эътибор қаратилиб, мактаб таълимида самарали немис технологияларидан фойдаланиш, жумладан, “Мактаблар: келажак шериклари” (PASCH) ташаббусини амалга ошириш, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш, халқларимиз ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Мазкур йўналишдаги келишувлар Ўзбекистонда илғор хориж тажрибаларни кенгроқ жалб қилиш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун замонавий шароитлар яратиш, Ватанимизнинг дунёда тутган ўрнини юксалтириш йўлида яна бир тарихий қадам бўлди.

Дилрабо Сайдуллаева,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

етакчи консультанти

  • Кўрилди
    1426
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев Нуробод туман Кенгаши депутати2019-01-23 23:12:13

Немис халқи билан ўзаро манфаатли алоқалар узоқ тарихга эга. Илғор немис технологиясининг Ўзбекистонга кенг кириб келиши мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиздир. Яна бир муҳим жиҳат -немис халқи менталитетига хос ўз ишига, касбига, вазифасига, бурчига ва ватанига ниҳоятда содиқлик ва принципиалик. Бу соҳада ўхшаш томонларимиз ва улардан ўрнак олишимиз мумкин бўлган жиҳатлари мавжуд.


Otaboyev Abror2019-01-23 11:47:39

Икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги натижасида инвестиция миқдори янада ошади


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+