O‘zLiDeP фракцияси «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олди

28.01.2019, 17:27

O‘zLiDeP фракцияси «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳамда O‘zLiDeP фракцияси олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат дастурининг лойиҳаси дастлаб жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, унда фуқаролар, тадбиркорлар, парламент аъзолари, маҳаллий депутатлар, ННТ ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз, экспертлар фаол иштирок этишди ва улар томонидан 4100 дан зиёд таклиф ва изоҳлар билдирилди. Дастлабки лойиҳа 253 та бандни ўз ичига олган бўлса, Давлат дастури қабул қилингандан сўнг, унинг бандлари 274 га етди. Лойиҳанинг энг кўп муҳокама қилинган бандлари сифатида коррупцияга қарши курашиш, парламентнинг норма ижодкорлиги ва назорат функцияларини кучайтириш, ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлашнинг янги амалиётини жорий этиш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Қайд этиш керакки, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан ҳам Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин изоҳлар қолдирилган ва улар ОАВда орқали кенг эълон қилиб борилди. Хусусан, депутатлар томонидан берилган таклифлар орасида республикада халқаро миқёсда тан олинган таниқли арбитраж ташкилотларининг филиалларини ташкил қилиш орқали уларнинг тажрибаларини мамлакатимизда кенг қўллаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда узоқ муддат давомида бенуқсон фаолият кўрсатаётган ўрта ва ўрта махсус маълумотли ёки бошқа мутахассислик бўйича олий маълумотга эга ходимларни кейинчалик мазкур органда камида беш йил ишлаб бериш шарти билан имтиёзли равишда шартнома асосида сиртқи бўлимларда олий юридик таълим муассасаларига қабул қилиш ва мақсадли тайёрлаш тизимини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Энергетика соҳасида давлат иштирокини камайтириб, босқичма-босқич хусусий секторга бериш тизимини жорий этиш ва бу орқали аҳоли талаби ва эҳтиёжига қараб энергия сифатини ошириб бориш тўғрисидаги таклиф эса, O‘zLiDeP Сайловолди платформасида назарда тутилган мамлакатимиз саноатининг барқарор, жадал ва мутаносиб ривожланишини таъминлаш, унинг асосий тармоқларида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш асосида корхоналар самарадорлиги ҳамда рақобатдошлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлган энергетика, йўл-транспорт, коммуникация инфратузилмаларини жадал ривожлантириш ва бунинг натижасида саноатни ривожлантириш каби устувор вазифалар партиямиз дастурий мақсадларида назарда тутилган. Шу боис, фракция аъзолари Давлат дастури лойиҳасига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг экспорт учун мўлжалланган товарларни етказиб бериш бўйича тўлов тарифларини камайтириш ва мазкур жараённи соддалаштириш, шунингдек темир йўлларининг Европа Иттифоқи давлатларига кириш ва маҳсулотлар етказиб бериш имкониятини ошириш натижасида логистика тизимини яхшилаш бўйича ҳам ўз таклифларини киритишган.

Бу борада шубҳасиз янги энергетика қувватлари, электр энергияси ўтказувчи тармоқларни яратиш, мавжудларини реконструкция қилиш, мамлакатимизнинг барча минтақаларини ягона транспорт тизимига уланиши, ташқи транспорт йўналишларига қулай тарзда чиқишни таъминлайдиган автомобиль йўллари ва темир йўл тармоқларини қуриш, шунингдек уларни реконструкция қилиш бўйича тизимли ва комплекс ишлар давом эттирилади.

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ушбу дастурий ҳужжатни қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг ҳар бир банди ва йўналиши ижросини таъминлашда парламент ва сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юкланганлигини, ҳар ойда сайлов округларида ўтказиладиган учрашувларда Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тарғиб қилиш, унда белгиланган устувор вазифаларнинг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.

Йиғилиш якунида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда партия фракцияси олдида турган аниқ позиция белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    1363
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+