Қарийб ўн етти триллион сўмлик дастур: унинг салмоқли қисми ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга йўналтирилади

28.01.2019, 17:42

Қарийб ўн етти триллион сўмлик дастур: унинг салмоқли қисми ижтимоий соҳадаги ислоҳотларга йўналтирилади

Президентимизнинг фармони билан 2017­-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, жамоатчиликдан келиб тушган таклифлар асосида такомиллаштирилди.

Умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи мазкур давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар, жумладан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш масаласи алоҳида ўрин тутади.

Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш режалаштирилган. Унда бозор иқтисодиёти талабидан келиб чиқиб, норасмий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар, ишнинг ўзига хос хусусиятига кўра, меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилишнинг соддалаштирилган тартиби, ходим билан бир вақтда иш берувчининг манфаатларини ифодалайдиган қоидалар ҳамда меҳнат муносабатларини тўғридан-тўғри тартибга солувчи нормаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Дастурда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш белгиланган. Унда иш берувчининг иқтисодий мустақиллиги тамойилларини кучайтириш, қонуности ҳужжатларидаги нормаларни имкон даражасида бевосита қонунда белгилаш, ўзини ўзи банд қилишнинг замонавий ва самарали шакллари, жумладан, масофавий меҳнат, фрилансинг каби фаолият турларини кенгайтириш ва бунинг ҳуқуқий мақомини белгилаш назарда тутилмоқда.

Давлат буюртмаси механизмини жорий этиш ҳисобига иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларида камида 221,5 минг доимий иш ўрни яратиш бўйича  лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган ишсиз фуқароларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия тақдим этиш тизими яратилади. Ушбу мақсадлар учун мазкур жамғарма ҳисобидан 6,3 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда норасмий секторда фаолият юритаётган фуқароларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларни расмий секторга ўтказишдаги қийинчиликлар борлиги ҳам барчага аён. Шу нуқтаи назардан иш билан банд ҳар бир фуқаро ва ҳар бир иш ўрнининг ҳисобини юритиш имконини берадиган “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий комплексни яратиш, электрон меҳнат дафтарчаси ва электрон меҳнат шартномаларини юритишни назарда тутувчи 6 ойлик ўтиш даврини инобатга олган ҳолда махсус ахборот тизими ишга туширилади.

Меҳнат вазирлигидан аккредитациядан ўтган нодавлат ташкилотларга фуқаролар малакасини ошириш ва касбий малакасини баҳолаш ҳуқуқини бериш орқали барча ишчи ва хизматчиларга касбий малакасини инобатга олган ҳолда табақалаштирилган ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.

Давлат дастурида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган тақдирда ижтимоий нафақа тайинлаш кўзда тутилмоқда. Айнан мазкур масалада биз депутатларга ҳам кўплаб мурожаатлар бўлган эди, эндиликда мазкур муаммо ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

Дастур доирасида жорий йилда 231 та тиббиёт объектида, жумладан, 13 та рес­публика, 44 та вилоят тасарруфидаги муассаса, 59 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 99 та қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси, ҚВПлар, 16 та бошқа тиббиёт муассасаларида 972,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга имкон яратади. Даволаш-профилактика муассасаларини жиҳозлашга 109,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилмоқда.

Бу йил республика бўйича 272 та, жумладан, 47 та чет эл инвестицияси иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасаси очилади. Ўзбекистондаги тиббиёт таълим муассасаларида Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Германия ва Италия тиббиёт университетларининг қўшма дас­турлари, қўшма факультет ва филиалларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича махсус скрининг дастурини, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини эрта аниқлаш бўйича скрининг тадбирларини ўтказиш, мажбурий тиббий суғурта механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи ҳам белгиланган. Тиббий суғурта дастурларини амалга оширишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини кенг жалб этиш назарда тутилмоқда. Тиббиёт муассасалари таркибида умидсиз оғир беморлар учун хоспис бўлимлари ташкил қилинади.

2019 йил давомида 1 584 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга имтиёзли ипотека кредити асосида арзон уй-жойлар берилади.

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш фонди орқали аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантиришга бу йил 100 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади.

Арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш борасида ҳам қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу йилги давлат дастури ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилалар фаровонлигини янада ошириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган. Дастур ижросини таъминлашда халқ вакили сифатида биз депутатлар ҳам бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этамиз.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис 

Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1001
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+