Мўйноқни энди дунё танийди

31.01.2019, 19:36

Мўйноқни энди дунё танийди

Орол денгизининг қуриган майдонидан чучук сув чиққани ҳақидаги хушхабар саноқли сониялар ичида бутун оламга тарқалди

Шағала – Мўйноқ тумани марказидан қарийб 200, Нукус шаҳридан эса 400 чақирим узоқда эканлигини маҳаллий аҳоли ҳам, мутахассислар ҳам яхши билишади. Билмаганларга Возрождение ороли бор эдию, десангиз дарров эслайди. Ана шу жойда чучук сув топилгани чиндан-да кутилмаган воқеада, ахир!

Бийдай чўлда фонтан янглиғ отилиб чиқаётган сув ҳаж­ми секундига 7 литрга етаётгани кўпчиликнинг ақлини шошириб қўйгани рост. Шунинг учун ҳам бу ерда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов иштирокида ўзига хос тадбир ташкил этилди. Юз берган воқеликнинг долзарб аҳамияти ҳақида сўз юритилган мулоқот сўнгида кўпни кўрган нуронийлар “Сендан ҳаракат, мендан баракат” деганларининг амалий исботи бу, дея дуога қўл очганларида барчанинг кўнгли энтикиб кетгани ҳам ҳақиқат.

Оқсоқоллар “Сендан ҳаракат...” деганда Оролнинг қуриган майдонига саксовул экиш жараёни умуммиллий ҳаракатга айланганини назарда тутишгани табиий. Дарҳақиқат, жорий йилда 500 минг гектар ерга саксовул экиш белгиланган бўлиб, ҳозирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан мингдан ортиқ ишчилар, маҳаллий аҳолининг аксарият қисми ушбу тадбир билан банд. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мўйноқ туманига алоҳида эътибор қаратаётгани уларга куч-қувват бағишламоқда.

Аслида бу эзгу интилиш 2016-2017 йилларда Мўйноққа 101 километрлик масофадан тоза ичимлик суви қувури тортилганда бошланган эди, десак муболаға бўлмайди.

– Орол денгизи 45-50 йил давомида бир авлоднинг кўз ўнгида йўқолиб кетди, – дейди Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгаши депутати А.Тилеўов. – Ҳозирда денгизнинг қуриган майдонида жуда катта саҳро пайдо бўлиб, ундан йилига 100 миллион тонна тузли чанг кўтарилади. Бу зарралар ҳатто олис-олис музликлар, Европа давлатларигача етиб бораётгани рост. Айниқса, ўтган йили юз берган туз бўрони кўпчиликни ташвишга солиб қўйганди. Туз аралаш чанг тўзонининг қишлоқ хўжалигига зарари катта бўлиб, шўр қумлар экинлар баргларининг устки қисмини қоплаб,  уларни куйдириб юборган эди. Шундан сўнг ҳудудда бронхиал астма ва аллергик ренит касалликлари кучайганлиги ҳақида мутахассислар бонг уришганди.

Лекин жаҳон муаммосига айланган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш юзасидан юртбошимиз ташаббуси билан самарали ишлар олиб борилаётгани одамларнинг кўнглини ёритяпти. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик  асосида Траст фонди ташкил қилингани, унга Япония, Норвегия, Қатар ва Саудия Арабистони каби давлатлар маблағ йўналтиргани яна умид уйғотяпти.

Президентимизнинг 2017 йил ноябрь ойида Оролбўйи ҳудудига ташрифи чоғида аҳолининг истак ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган Қорақалпоғистон Рес­публикасини ривожлантириш дастурига 973 та лойиҳа киритилган. Ушбу дастур асосида қарийб 12 триллион сўм маблағ ажратилиб, 12-13 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. 2017 йил 28 февралда эса давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Икки йилга мўлжалланган ушбу дастур бўйича бу ҳудудда замонавий меҳмонхоналар, ижтимоий объектлар, кичик саноат зоналари ташкил этилди. Оролбўйида экологик вазиятни барқарорлаштириш учун 5,5 миллиард АҚШ доллари сарфланади.

Ярим асрдан ортиқ вақт давомида 5,5 миллион гектарлик ҳудуди саҳрога айланган денгиз тубини ўрмонга айлантириш глобал муаммонинг мақбул ечимидир. Сўнгги йилларда Оролнинг қуриган тубида саксовул ва тузга чидамли бошқа ўсимлик турларидан 350 минг гектарлик ўрмон барпо этилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Орол денгизининг сувсиз ҳудудида келаси йилда 500 минг гектарлик ўрмонзор барпо этилиши таъкидлангани бежиз эмас.  Айни пайтда бу ерда саксовул экишни самарали ташкил этиш бўйича бошланган ишлар қизғин давом этмоқда. Бир чизиққа тизилиб, симметрия ҳосил қилган ҳолда ҳаракатланаётган техника воситаларини кузатган киши инсон ҳар қандай муаммони енгиб ўтишга қодирлигини ҳис қилади. Шу кунга қадар 77 минг 997 гектар майдонда қум сақловчи ариқлар тортилиб, 27 минг 215 гектар майдонга саксовул уруғлари сепилди ва кўчатлари ўтқазилди.

Самолётлар ёрдамида 18 марта парвоз амалга оширилиб, жами 4 минг 400 гектар майдонга саксовул уруғлари сепилди. Ушбу ишларга олимлар ҳам жалб қилиниб, тупроқ таҳлиллари олинмоқда. Мўйноқ далаларида ўсиб турган саксовул уруғларини йиғиб, штабга етказиб беришда 600 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакилларининг кўмаги катта бўлаётир.

Умуман олганда, саксовул лойиҳасига жами 1 минг 300 дан ортиқ фуқаро жалб қилинган бўлиб, улардан 900 нафари уруғ териш ишларида фаол иштирок этмоқда. Бу борада партиямиз электорати вакиллари бўлган тадбиркор ва фермерлар ҳам баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиб, эзгу амалга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP аъзоси, Беруний туманидаги “Шукурулло Бабажанов” фермер хўжалиги раҳбари З.Бабажанов Мўйноқ аҳолисига 3 тоннадан зиёд гўшт маҳсулотларини бепул етказиб берди.

Жорий йилнинг 30 январь куни O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарати ва Мўйноқ туман Кенгаши ходимлари томонидан маҳаллий кенгашлар депутатлари билан биргаликда денгизнинг қуриган ҳудудидаги ерларни ўрмонзорга айлантириш бўйича саксовул уруғини йиғиш ва экиш ишларида иштирок этиш учун “Мақсадимиз – Оролбўйи халқларининг фаровонлиги” шиори остида акция ташкил этилди.

Қуриган ерларда ўрмонзорларнинг барпо этилиши ҳудудда яйловлар пайдо бўлиб, чорвачилик ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг ижтимоий аҳволи яхшиланишига хизмат қилади, минтақанинг иқтисодий-ижтимоий масалаларига ечим бўлади.

Юқорида тилга олинган ҳужжатларга мувофиқ, Мўйноқ тумани маркази барча зарурий инфратузилмага, жумладан, инновацион мактаб, спорт объектлари, даволаш-профилактика муассасалари, замонавий аэропорт, меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар дам олиш марказлари, “селфи объектлари”, оптик толали интернет тармоғи, IP-телевидениега эга бўлган замонавий шаҳарга айлантирилади. 

– Чучук сув кўзларининг очилиши Мўйноқда чорвачилик соҳасини ривожлантиришга асос бўлади, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. – Шунингдек, экологик вазият яхшиланади. Ҳудудни тарк этган қушлар, ёввойи ҳайвонлар кўпая бошлайди. Биохилмахиллик ривожланади. Пайдо бўлган намлик эса тузнинг ҳавога кўтарилишига ҳам тўсиқ бўлади.

Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни Возрождение ороли, Сургил, Ахантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очиш режалаштирилган. Бу ҳозирча биринчиси. Сув кўзларининг очилиши Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида чорвачиликни ривожлантиришга замин яратади. Шунингдек, 2021-2023 йилларда Жанубий Оролнинг қуриб қолган қисмини геологик жиҳатдан ўрганиш ишлари олиб борилиши ҳам алоҳида дастур сифатида қабул қилинган. 

Хуллас, Мўйноқдаги улкан бунёдкорликни, эзгу ҳаракат таърифини сўз билан келтириш қийин. Уни фақат бориб кўрмоқ, иш кўламининг нақадар улканлигини, одамларнинг шижоати нечоғли улуғворлигини нигоҳлар ила илғамоқ, юракдан англамоқ мумкин.

Гулжан ХАЛМУРАТОВА,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси масъул ходими

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1516
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Дилором Раимовна Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг ижрочи котиби2019-02-01 17:05:28

Ушбу ҳабарни эшитган ҳар бир юртдошимиз сингари мен ҳам бу ҳабарни қувонч билан қарши олдим. Ҳақиқатдан ҳам орол денгизининг қуриши натижасида ҳаттоки эшитмаган ҳасталиклар инсонлар умрининг завол топишига сабаб булаётган бир пайтда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сай ҳаракатлари натижасида яна бир шукроналик кунлар насиб этиди. Эндиликда ушбу заминни гуллаб яшнаши, ҳалқимизнинг тоза экологик муҳитига салбий таъсир ўтказмаслиги келажак авлодни соғлом камол топиши учун замин яратади. Ушбу заҳматли, шарафли ишга ўз ҳиссасини қушаётган барча юртдошларимизга Оллоҳимнинг ўзи куч-қувват, ишларига ривож ҳамда кўзлаган мақсадларига етишларида улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламан. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.


Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-01-31 20:45:48

Чучук сувининг топилиши бу Яратган Эгам-Оллоҳнинг халқимизга қилган инояти бўлса не ажаб. Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган бу каби буюк ишларга ҳисса қўшиш ва шахсан иштирок этиш-ҳар бир инсоннинг бугунги бош мақсадига айланиш зарур ва шарт.


Шавкат Сафарбаев ЎзЛиДеП Хоразм вилоят Кенгаши раиси2019-01-31 20:35:44

Мухтарам Президентимизнинг Буюк Имом Бухорийдан келтирган "Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади" дейилган ҳадислари бу ерда ҳам ўринли деб ўйлайман, чунки Президентимиз БМТда Орол денгизига, шу денгиз бўйларида экологик ҳалокат ёқасида ҳаёт кечираётган халқимиз вакилларига муносиб ҳаёт тарзини яратишни ният қилиб гапирган эдилар, мана эзгу ниятлар амалга ошиб, траст фонди очилиб дунё давлатларининг нигоҳи, эътибори шу ҳудудга қаратилди, саксовуллар экилиб яйловлар яратила бошланди ва мана энди шу эзгу амаллар ва ниятлар ижобати сифатида яратган чучук сув хам берибди. Эзгуликлар давомли бўлсин, Орол бўйи янада гуллаб яшнайверсин деймиз...


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+