Бирида яхши, бирида акси

31.01.2019, 19:39

Бирида  яхши,  бирида  акси

“Обод қишлоқ” дастури ижросига барча жойда бирдек масъулият билан ёндашилмаяпти

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони юртимиз қиёфаси янада чирой очиши, Ватанимизнинг ҳар бир гўшаси файзли, тароватли бўлиши учун катта имкониятлар яратди. Унинг ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий шаклу шамойилини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, шу асосда аҳолининг турмуш сифатини янада яхшилаш мақсадида Андижон вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоятда 110 дан ортиқ қишлоқ, 878 та маҳалла бор. Қурилишлар амалга оширилиши учун биринчи навбатда ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган чекка ҳудудлар танлаб олинган. Вилоятдаги 14 та тумандан 28 та маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига тушиб, жами 461 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Мазкур маҳаллалар 18 минг 114 та хонадондан ташкил топган. 101 минг 533 нафар фуқаро яшайди. Қарорда белгиланган ҳар бир вазифа бўйича аниқ ишлар режалаштирилиб, изчиллик билан амалга оширилмоқда. Дастур доирасида 2018 йилда ўзлаштирилиши белгиланган 298 миллиард сўмнинг 22 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланса, 125 миллиарди  вазирликлар, идоралар, халқаро молиявий институтлар ҳамда хорижий давлатларнинг кредит ва грант маблағларига тўғри келади. Шунингдек, 107 миллиард сўм тадбиркорлар маблағлари, ҳомийлик ва тижорат банкларининг кредити ҳисобидан маҳалла гузарлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо қилишга йўналтирилади. Ҳар бир маҳаллада мактаб, боғча, шифо маскани тўла таъмирдан чиқарилади ёки янги қурилади. Маиший хизмат масканлари барпо қилинади. Электр, газ, сув таъминоти – қўйингки, инсоннинг фаровон яшаши учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё қилиниши назарда тутилган. Бу масаланинг бир томони. Ана шу ҳудудларда яшаётган фуқаролар нима қилишлари керак? Албатта, қарс икки қўлдан чиқади. Лекин “ҳаммасини давлат қилиб бериши керак” қабилидаги боқимандалик кайфиятида юрган одамлар ҳам борлиги ачинарли. Энди янгича руҳ билан яшаш керак. Аммо ҳаётий тажрибада кўринадики, баъзи жойларда “берсанг ейман, урсанг ўламан...” дейдиган, ваҳоланки, тўрт мучаси соғ, уй-жойи бинойидек, фарзандлари меҳнатга шай, қўли тўрт томонга етадиган оилалар, фуқаролар бор. Ана шундайларнинг “Бизнинг маҳалламиз ҳам дастурга тушсин” деган илтимосларига мутасаддилар ҳайрон. Ахир ҳамма иш навбати билан – аввало шароити оғир ҳудудларга эътибор қаратилади. Албатта, бунёдкорлик ишлари барча маҳаллага етиб боради. Ўтган йили давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида “Обод қишлоқ” дастурига тушган маҳаллалар сафига яна 22 таси қўшилди. Демак, бугунга келиб, вилоятдаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғини мазкур дастурга киритилган.

Бунёдкорлик салоҳияти
амалий ишларда намоён

Дастур доирасида Пахтаобод туманидаги Учкўза ва Файзиобод маҳаллаларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 5 800 дан зиёд фуқаро яшайдиган 1 000 га яқин хонадоннинг ижтимоий аҳволи, таклиф ва мулоҳазалари ўрганилди. Йўллар асфальтланди, ичимлик суви таъминоти яхшиланди, 700 метр газ қувури тортилиб, тармоққа уланди. Мавжуд мактаб ва боғчалар реконструкция қилинди. Муҳими, 200 дан ортиқ хонадон эгаси банкдан олинган кредит эвазига тадбиркорликнинг турли йўналишларида ўз фаолиятини бошлади.

***

Чўл ҳудуди ҳисобланган Улуғнорнинг Шаҳриобод ҳамда Обод маҳаллаларида дастур доирасида амалга оширилган ишлар ҳам салмоғи билан ажралиб туради. Шаҳриободликларнинг аксарияти кўп қаватли уйларда яшайди. Қўшқаватли турар-жойларнинг фасадлари, томлари таъмирланди, йўлаклар қурилди, гулзорлар барпо қилинди. Ишсизлар ишга жойлаштирилди. Қувончли ўзгаришлардан яна бири шуки, аҳолининг неча йиллик муаммосига барҳам берилди – Шаҳриободдан Андижонга автобус қатнови йўлга қўйилди.

Ҳамжиҳатликда бажарилаётган ишлар кўлами кенгайди. Кўпчилик бирлашса, тоғни талқон қилиши бор гап. Маҳаллалар аҳли енг шимарди – ҳашарлар уюштирилди.

***

Бўзлик Ҳасанбой Раҳмоновнинг кўзи ожиз, 1-гуруҳ ногирони. “Обод қишлоқ” дас­тури доирасидаги эзгу ишлар натижасида саховатли инсонлар кўмагида янги уйли бўлди. Яна бир фуқаро Абдулло Носировнинг хонадони девор билан ўралди. Тадбиркор Зиёдбек Ҳамдамов 250 миллион сўмлик лойиҳа асосида ўз маблағи ҳисобига гузар қурди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 236 та хонадон эгаларига кредитлар ажратилди. Дастур доирасидаги ана шу хайрли ишлар Бўз туманидаги Ғолиб маҳалласида ҳам амалга оширилди.

***

“Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида вилоятда жами 307 километр йўлни талаб даражасига етказиш назарда тутилган бўлиб, шу кунгача 7,2 километр йўл асфальтланди, 48 километрига шағал ётқизилди. Дастурга киритилган маҳаллаларда 2 минг 760 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ишсизларнинг 2 минг 182 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Ҳудудлардаги 9 минг 292 та уй дастурга киритилган бўлиб, айни кунгача 5 минг 300 га яқин турар-жойни таъмирлаш якунланди. Ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар ва маҳаллаларда 779 та тозалов иншооти (оқава сув ҳандақлари) қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган эди. Амалда 180 таси таъмирланди.

Нега айримларнинг
ҳафсаласи пир
бўляпти?

Мақтову таҳсинлар ўз йўлига. Бироқ жараёнга холис назар ташлаш, хато-камчиликлардан кўз юммаслик керак.

Улуғнор тумани Обод маҳалласида 3,7 километрлик йўлни асфальтлаш, 14,9 километрга шағал ётқизиш режалаштирилган эди. Йўлсозларнинг бошқа ишлари кўпайиб кетганми, 1 километрдан нарига ўтишолмаяпти. Сув тармоғини тортиш, 110 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш масаласи ҳам очиқ қолаётир.

Пахтаободликларнинг ҳам арзи бор. Файзиобод маҳалласида сув тармоғини тортиш ишлари  чала бажарилган, 9 километрлик кўчага шағал қопланмаган, 120 та таянч ўрнига 10 та ўрнатилган, холос.

***

 Булоқбоши туманидаги Юксалиш ва Буюк Турон маҳаллалари аҳли ҳудуд давлат дастурига тушганини эшитиб, роса суюнишганди. “Қишлоғимиз ёшариб, бағримизга шамол тегадиган бўлди” деганларнинг бугун ҳафсаласи пир бўлгандай. Юксалиш маҳалласида чироқ ўчавериб... Бунинг ечими бор-йўғи 400 метр масофага тортиладиган электр сими, алмаштириладиган 120 та эски симёғоч эди. Бу ишлар режага ҳам киритилганди. Бироқ... ҳафсаласизликми ёки одамлар дардини ҳис қилмасликми, хуллас, муаммо муаллақлигича қолмоқда. Ҳудуддаги 140 та муҳтож оила ўнтасининг уй-жойлари ҳомийлар ёрдамида таъмирланиши керак эди, аммо мўлжал мўлжаллигича қолиб кетмоқда.

Туманнинг Буюк Турон маҳалласида айтишга арзийдиган ишлар бор. Аммо нуқсонлар ҳам талайгина.

–  Бизга яқин ҳудудда ҳарбий қисм жойлашган, – дейди маҳалланинг Оқибат кўчасида яшовчи Абдурасул Ҳайдаров. – Салкам 1,5 километр узунликдаги  канализация қувуридан келган оқовалар маҳалла ўртасидан оқиб ўтадиган катта ариққа тушяпти. Экология бузиляпти, атрофни қўланса ҳид тутяпти. Кўплаб идораларга қилган шикоятларимиз натижа бермаяпти. 

Дастурга тушган маҳалланинг ҳоли шу бўлса, бошқасида аҳвол қандай бўлиши мумкин?

***

Мамлакат миқёсида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастурида белгиланган ишлар халқимиз бугуни, эртаси учун хизмат қилиши барчамизга кундек аён. Бироқ бир жойда ишлар кўнгилдагидек. Бошқа жойда эса белгиланган ишлар “тошбақа юриш” қилаётир. Чала ишдан фаровон турмуш барпо бўладими?

Хуллас, дастур ижроси амалда ҳар доим ҳам кўзни қувнатмаяпти. Сабаби эса...

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1321
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+