Урганч шаҳридаги 22-сонли мактаб олдидаги серқатнов йўлда пиёдалар йўлакчаси йўқ. O‘zLiDeP ишчи гуруҳи муаммони ўз зиммасига олди

31.01.2019, 19:58

Урганч шаҳридаги 22-сонли мактаб олдидаги серқатнов йўлда пиёдалар йўлакчаси йўқ. O‘zLiDeP ишчи гуруҳи муаммони ўз зиммасига олди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

Навбатдаги ташриф Урганч шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиникаси бўлди. Партия фаоллари бу ерда тиббиёт муассасасининг бугунги кундаги аҳволи, поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун яратилган шароитлар, қулайликлар билан танишди. Ишчи-ходимлар, муассасада даволанаётган фуқаролар билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммоларни ўрганишди.

Ўрганишлар чоғида мазкур поликлиника лабораториясида қон таҳлили ускуналари, реактивлар, бошқа тиббий жиҳозлар, мебеллар етишмаслиги, борлари ҳам аллақачон эскиргани, муассаса биносининг таъмирталаб аҳволга келиб қолгани, тез тиббий ёрдам машинаси етишмаслиги аниқланди.

Тўғри, бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида бошланган ислоҳотлар бу шаҳарни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бироқ тизимда амалга оширилаётган ишлар суръатининг сустлиги туфайли бу ердаги ўзгаришлар, негадир сезилмаяпти. Шу сабабли, бу масала юзасидан партия депутатлари томонидан тегишли ташкилотларга сўров юборилди ва ижроси назоратга олинди.

Урганч шаҳридаги 22-сонли мактабда 1600 нафар ўқувчи таълим олади. Ушбу муассаса катта йўлнинг бўйида жойлашган. Лекин негадир бу йўлда пиёдалар йўлакчаси мавжуд эмас. Бу эса йўловчиларга ҳам, ҳайдовчиларга ҳам жиддий хавф туғдиради. Айниқса, икки томондан келаётган автомобиллар оқими пиёдалар ва ҳайдовчилар учун ўта хатарли тус олади, йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган ҳоллар бор. 

 Муаммони жойида ўрганган O‘zLiDeP фаоллари бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқарадиган бўлди.

“Наврўз” кўчаси маҳалла марказида жойлашган. Бир томонида заҳкаш, бир томонида мактаб ва мактабгача таълим муассасаси бор. Мактабда ўқувчилар икки сменада ўқишади. Аммо кўчада бирорта ҳам тунги ёритувчи чироқлар мавжуд эмас. Кечки пайтда аҳоли учун кўчага чиқиш муаммо.

Нурафшон кўчаси 34-уйда яшовчи Наримон Ўразбоевнинг 14 ёшли қизи Хуршида Ўразбоева 1-гуруҳ ногирони, мактабга бориб таълим олишнинг имкони йўқ.

 Наримон Ўразбоевнинг айтишича, қизига мактабдан ўқитувчилар бириктирилган, лекин улар ойда бир икки маротаба келишади, холос. Натижада эса фарзанди фанларни  вақтида ўзлаштиролмаяпти.

 Ҳар икки масала ҳам халқнинг ишончли вакили, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Клара Джумамуратова ташаббуси билан жойида ҳал этилди. “Наврўз” кўчасига тунги ёритувчи чироқлар ўрнатиладиган бўлиб, Х.Ўразбоевага ҳудуддаги мактабдан ўқитувчи бириктирилди.   

Урганч шаҳрида яшовчи Рахима Тўраниязова нон ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Аммо тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратмоқчи. Шу мақсадда фуқаро бундан 4 ой аввал “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида кредит олиш учун тижорат банкига мурожаат қилган эди. Бироқ орадан шунча вақт ўтсада фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилмаяпти.

Аҳоли, айниқса, тадбиркор ва фермерлар муаммосини ҳал этишга бел боғлаган партия фаолларининг саъй-ҳаракати билан муаммо жойида бартараф этилди. Энди тадбиркорга “Алоқа банк” Урганч филиали томонидан 30 млн. сўмлик кредит ажратилади.

Ўз бизнесини йўлга қўйиш ниятида юрган Зарифбой Эркаевнинг мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ечим топди. Фуқарога фаолиятини бошлаши учун зарур кўрсатмалар, тавсиялар берилиб, 30 млн. сўмлик кредит ажратилишига кўмаклашилди.

Учрашув ва мулоқотлар чоғида урганчлик Анабиби ая Маткаримованинг ҳудудда қатновчи автобусларни нафақахўрлар учун бепул қилиш бўйича берган таклифи шаҳар ҳокими Ш.Абдуллаев томонидан қўллаб-қувватланди. Энди  февраль ойидан бошлаб автобуслар нафақахўрлар учун бепул хизмат кўрсатади.

Нилуфар ДЖАББАРОВА,

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1595
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари2019-01-31 20:35:56

Муаммоларни жойида ўрганиб, ечими бўйича амалий кўмак бериш, партиямизнинг асосий электорати бўлган фермерлар ва тадбиркорларга яқиндан кўмакдош бўлиш -партиямиз нуфузининг халқ орасида янада кўпроқ ортишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, албатта.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+