Фермерларнинг ҳавога учган пулини ким қайтаради?

31.01.2019, 23:00

Фермерларнинг ҳавога учган пулини ким қайтаради?

ёхуд андижонликларни қандай муаммолар қийнаяпти?

Жойларда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади.

Партия фаолларининг дастлабки манзили Андижон вилояти, Избоскан тумани бўлди. Халқ билан мулоқотлар чоғида фуқаролардан турли масалаларга оид мурожаатлар қелиб тушди.

Масалан, избосканлик фермерлар “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тижорат банклари билан келишган ҳолда аҳолига чорва молларини етказиб берган. Бироқ орадан етти ой ўтса-да чўнтакдан чиққан пул “жойига” қайтмаяпти.

–Тумандаги 54 та хонадонга қўй берганмиз, – дейди фермерлардан бири. – Катта маблағ эвазига сотилган қўйларимизнинг пулларини олиш шунча мушкул бўлиб кетиши очиғи, ҳаёлимизга ҳам келмаган эди. Мурожаат қилмаган идорамиз, ташкилотимиз қолмади, ҳисоб. Лекин натижа бўлмаяпти.

Фермернинг гапида жон бор. Нигоҳидаги ишончсизлик шу вақтгача бўлган оворагарчиликлар асорати. Гап шундаки, чорва моллари тадбиркор бўлиш истагидаги аҳолига имтиёзли кредит эвазига сотилган. Лекин кредитлар ўз вақтида қайтарилмагани учун “ҳомий” фермерларнинг “бергани эҳсонга айлана қолди”.

Мазкур мурожаат жойида мутасаддилар иштирокида чуқур ўрганилди. Барча ҳужжатлар кўриб чиқилди. Масала ҳал этилиши учун ишчи гуруҳ аъзолари дастлабки қадамни ташлади. “Жавобгар” банклар “Агробанк”, “Миллийбанк”, “Халқбанк” вакиллари билан гаплашилди. Масала ижобий ечимини топгач, фермерларда ишонч уйғонди.

Кичик Хонободнинг катта муаммолари

Хонобод шаҳри вилоятга бўйсунувчи шаҳар мақомига эга. Ҳудуднинг белгиланган солиқлар коэффиценти Андижон шаҳрининг солиқлар коэффиценти билан тенг. Аммо шаҳарнинг чегара ҳудуд эканлиги, аҳолининг озлиги ва иқтисодий имкониятларининг нисбатан пастлиги бу масалада ҳисобга олинмаган.

Айни муаммо ишчи гуруҳнинг Меҳмонобод маҳалласи, Янги ариқ кўчасидаги ўрганишлар давомида фуқаро Адҳамжон Эгамбердиев томонидан кўтарилди. Қизиқ, оддий фуқаро аҳамият берган масаланинг жиддийлиги наҳотки мутасаддиларни мулоҳазага чорламаса?

–Солиқ коэффиценти юқорилиги сабабли тадбиркорлар ўз фаолиятини яқин ҳудуд, яъни Қўрғонтепа туманига кўчириб ўтказмоқда, – дейди А.Эгамбердиев. – Чунки туман ва шаҳарнинг солиқ юки бир-биридан тубдан фарқ қилади. Туманники шаҳарникига нисбатан паст кўрсаткичда. Агар ушбу муаммо ҳал этилса, солиқ коэффиценти камайтирилса, ҳудуднинг мавжуд имкониятлари янада тўлиқ юзага чиқишига замин яратилади.

Мулоқотлар чоғида ҳудуддаги кўп қаватли 138-уйда яшовчи фуқаролардан ҳам мурожаатлар келиб тушди. Маълум бўлишича, мазкур уйнинг 4-қаватида истиқомат қилаётган аҳолига ичимлик суви етиб бормайди. Аҳоли вакиллари бу муаммони ҳал этиш учун турли идораларга кўп бора мурожаат қилган, лекин ҳеч қандай самара бўлмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати томонидан “Сувоқова” Хонобод шаҳар бўлимига юборилган сўровдан сўнг, сув насоси ўрнатилди ва муаммо ҳал этилди.

Булоқбошиликлар кимлардан норози?

Буюк турон маҳалласи, Нақишбандий кўчаси 47-уйда яшовчи Одинахон Халилованинг яшаш жойидаги паспорт столига ҳужжат топширганига уч ойдан ошди. Лекин ҳозирга қадар фуқаролик паспортини ололмаяпти.  

Мазкур масала юзасидан шу куннинг ўзида туман паспорт столига сўров чиқарилди ва ижроси назоратга олинди.

“Ифор” кўчаси 56-уйда яшовчи Наргиза Нуримованинг қарамоғида ногирон фарзанди бор. Топгани рўзғор камларидан ортмайди. Дилбандининг парвариши, дори-дармони учун моддий кўмак керак. Бироқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳали у ҳужжат, ҳали бу ҳужжат керак, дея она шўрликни овора қилгани қилган. Сарсонгарчиликдан чарчаган фуқаро ишчи гуруҳдан кўмак сўради. Жойида “ишга” масъуллар билан суҳбатлашилиб, муаммо ҳал этилди.

–O’zLiDeP фаолларининг хизматидан миннатдорман, – дейди Н.Нуримова. – Мана, уларнинг кўмаги билан қонуний тарзда кейинги ойдан “ёрдам пули” оладиган бўлдим.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.

Зилола РАҲМОНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят

 Кенгаши матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+