Пойтахтлик тадбиркорлар ер олишда қийналяпти. OʻzLiDeP ишчи гуруҳи ўрганишда давом этади

01.02.2019, 16:26

Пойтахтлик тадбиркорлар ер олишда қийналяпти. OʻzLiDeP ишчи гуруҳи ўрганишда давом этади

Бундан бир ой аввал Президентимиз парламентга Мурожаатномасида Халқ қабулхоналари фаолиятида мутлақо янги тизимга – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилган эди. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан давлатимиз раҳбари Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни  имзолади.

Эътиборли жиҳати, мазкур Фармонга мувофиқ, жорий йил февраль ойидан Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.

Албатта ўтган давр мобайнида Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ёрдамида кўп сонли фуқароларимиз ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим, ўйлантираётган саволларига жавоб топди, мушкулини осон, оғири енгил бўлди. Асосийси, давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этишда амалда ўзини тўла оқлади. Аммо бугун замон ўзгаряпти, одамларнинг дунёқарашлари ўзгармоқда. Демак, биз ҳам замон билан ҳамқадам бўлишимиз, аҳоли дарду ташвишлари билан яшашимиз зарур.

Тадбиркорлар муаммоси қачон ҳал этилади?

Шу мақсадда OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари ва партиянинг парламентдаги фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Мурожаатномада илгари сурилган ғоялар ҳамда мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш учун барча ҳудудларда бўлгани каби пойтахтимиздаги тадбиркорлар ва ишбилармонлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда, аҳоли муаммоларини ўрганишяпти.

Партия фаолларининг дастлабки манзили Бектемир тумани бўлди. Ўрганишлар давомида жойларда бўлгани каби мазкур ҳудудда ҳам қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Шулардан бири инвесторларга ер ажратиш масаласидир.

Маълум бўлишича, 2018 йил 15 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган инвесторлар учун “Очиқ эшиклар” кунида “Regent Corp” МЧЖ раҳбари Илёсхон Азизов 2,4 млн. долларлик лойиҳа билан иштирок этиб, тендирда ютиб чиққан.

Таъкидланишича, И.Азизов инвестиция киритиш орқали савдо маиший бизнес мажмуаси ва кўп қаватли автомашина тураргоҳини қуришни режалаштирган. Ҳаттоки бу масала 2018 йил 21 декабръ куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессияси баённомасига ҳам киритилган. Бироқ баъзи сабабларга кўра, тадбиркорга ер ажратиш юзасидан қарор чиқарилмаган.

Бектемир туманида жойлашган “Inter Sok” МЧЖ кўп йиллардан буён фаолият кўрсатади. Ҳозирда корхонада 300 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қиляпти. Лекин МЧЖ раҳбари яна 5 гектар ер майдони олиб, фаолиятини кенгайтирмоқчи. Шу масалада тадбиркор Бектемир туман ҳокимлигига мурожаат қилган, аммо натижа бўлмаган.  

Ҳар иккала масала ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан атрофлича ўрганилди ва ижроси юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови чиқаришга келишиб олинди. 

Яккасарой туманидаги кичик саноат зонаси “Baby Toys Garden” МЧЖда ёш болалар учун турли ўйинчоқлар ишлаб чиқарилади. Эътиборлиси, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ички бозорда талаб юқори. Аммо МЧЖ раҳбари фаолиятини янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратмоқчи. Тадбиркор шу масалада бир неча маротаба туман ҳокимлигига ер сўраб мурожаат қилган, лекин негадир унинг мурожаати ҳалигача ҳал бўлмаяпти.  

 Ана шундай муаммо Юнусобод туманидаги “ABA Biznes grupp” МЧЖни ҳам қийнаяпти. Мазкур корхонада замонавий турдаги мебеллар ишлаб чиқарилади. Бироқ корхона раҳбари фаолиятини кенгайтириб, иш унумдорлигини оширмоқчи. Бу учун ер майдони керак.

Мазкур масалалар ҳам ишчи гуруҳ эътиборидан четда қолмади. Ҳар иккала масала юзасидан тегишли идораларга сўров чиқарилди.

Кейинги манзил пойтахтимиздаги Сергели туманида жойлашган “Ravshan Yoduk” МЧЖ бўлди. Корхона фаолияти билан танишиш, ишчи-ходимлар билан мулоқотлар пайтида бу ерда ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлиги аён бўлди.

Корхона раҳбари Рустам Бўриевнинг айтишича, МЧЖ ўтган йили Миробод туманидан Сергели тумани 2 мавзега кўчирилган. Аммо орадан бир йил вақт ўтсада кадастр рўйхатидан ўтмаган. Шу масалада тегишли идораларга мурожаат қилинганда “Бу масала бизни ваколатимизга кирмайди, яхшиси шаҳар ҳокимлигига боринг, муаммойингизни тезда ҳал этиб беришади” дея қайтариб юборишган.  

Пойтахт кўчасида чироқ йўқ,

мутасаддилар муаммога бефарқ қараган

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Олмазор туманидаги “Аҳил” ва “Гулзор” маҳаллалари бўлди. Ўрганишлар чоғида бу ҳудудда ҳам кўплаб муаммолар борлиги маълум бўлди. Аҳоли канализация ва тунги ёритиш чироқлари билан боғлиқ муаммолардан чарчаган.

“Гулзор” маҳалласи фаоли Болтабой Мирюсуфовнинг таъкидлашича, маҳаллада 6 120 нафар аҳоли истиқомад қилади. Лекин айрим кўчаларда тунги ёритиш чироқлари йўқ, борлари ҳам яхши ёритмайди. Ички йўллар эса таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Мазкур масалани ҳам жойида ўрганган ишчи гуруҳ муаммо ечими бўйича мутасаддилар билан суҳбатлашди, ижросини таъминлаш  чораларини кўрди.

“Асосий вазифамиз - халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, унинг дарду ташвишларини эшитиш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўришдан иборат. Шу мақсадда партиямиз фаолларидан тузилган ишчи гуруҳ маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб одамлар муаммосини ўрганяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, халқимизнинг фаровон ҳаётини, юртимиз равнақини таъминлашга қаратилган бу каби ишлар вақтинчалик эмас, аксинча бундан кейин ҳам давом этади”, – дейди OʻzLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, ишчи гуруҳ аъзоси Тўрабек Назаров.

Ҳа, одамлар муаммосини ўрганиш, уларга ечим топиш, халқни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад. Ана шундай эзгу мақсаднинг рўёбга чиқиши албатта, партиямиз вакилларининг фаоллигига боғлиқ. Ўйлаймизки, партиямиз фаоллари халқ билдирган юксак ишончни оқлаб, эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилаверади.

 Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,

OʻzLiDeP матбуот хизмати ходими

  • Кўрилди
    2340
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Жасурбек Алишерович2019-02-01 20:24:40

Ишчи гурух томонидан жойларда ахоли билан учрашув ва сайер кабуллар жараенида аникланган муаммоларни урганган холда мазкур муаммоларни жойида хал этишга эьтибор каратилаетганлиги билан алохида урин тутади. Бу эса ахоли ва сайловчиларнинг партиямиз ва депутатларимизга булган ишончи янада ортишига сабаб булмокда.


Бахтиёр Исмоилов2019-02-01 17:30:05

Албатта аҳоли билан юзма-юз бўлганда кўпгина муаммолар борлиги аниқланади. Биз партия фаоллари, депутатлар аҳоли билан ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга эътибор қаратишимиз лозим. Энг тўғри баҳони халқ беради.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+