Қирқ йиллик лоток қачон таъмирланади?

01.02.2019, 18:45

Қирқ йиллик лоток қачон таъмирланади?

ёхуд фермерлар ер суғоришда қийинчиликка дуч келяпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида бўлиб, халқ билан мулоқот қилди, аҳоли турмуш шароитлари билан яқиндан танишди.

Жойларда бўлиб ўтган мулоқотларда бир қатор камчилик ва нуқсонлар ошкора айтиб ўтилди. Учрашувларда кўтарилган долзарб масалаларнинг бир қисми жойларда ҳал этилди. Қолганлари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, вилоят ва республика даражасида ҳал этилиши белгилаб олинди.

Касбилик Олим Абдураҳмонов Майманоқ қишлоғида “Майманоқ шифо маскани” хусусий клиникасини барпо этган. Бироқ бешта қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган муассасани замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга келганда тадбиркорнинг қўли калталик қилиб қолди. Банкдан кредит ажратиш эса чўзилиб кетди.

Ишчи гуруҳ ташрифидан сўнг эса муаммо ҳал бўлди. Тадбиркорга хорижда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб – ускуналарни харид қилиш учун банкдан 60 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.

“Мадад шифо” хусусий ташҳис қўйиш ва даволаш маскани бундан уч йил аввал ишга туширилган. Эътиборлиси, муассаса барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Лекин малакали шифокорларнинг етишмаслиги сабабли улар ишлатилмасдан турибди. Депутатлар тиббиёт муассасини ёш ва билимдон шифокорлар билан таъминлаш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари билан боғланди. Тез орада бу муаммо ҳам ижобий ечимини топадиган бўлди.

Шаҳрисабз тумани Хазора қишлоғида яшовчи Дилнавоз Чоршанбиева ва Зебинисо Боқиевалар тикув цехи ташкил этмоқчи.  Манзура Ўринова эса иссиқхонада сабзавот етиштиришни режалаштираяпти. Жасур Соттиев балиқхонасини ишга тушириш ниятида.

Уларга Президентимизнинг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида банклардан имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашишни ишчи гуруҳ аъзолари ўз зиммаларига олишди.

Қарши тумани “Наврўз” маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Одил Шариповга балиқчиликни йўлга қўйиш ва савдо дўкони бунёд этиш учун  ДАТ “Халқ банк” туман филиалидан кредит ажратиладиган бўлди. Фазилат Эшонқулова эса ТАТУ Қарши филиалини тугатган бўлса-да, ҳамон ишсиз экан. Уни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш туман кенгашидаги депутатлик гуруҳи зиммасига юкланди.

Косонлик Ҳамза Бобошарипов ишчи гуруҳи кўмаги билан 150 млн. сўм кредит олишга эришди. Ушбу маблағ ҳисобидан Хитойдан замонавий технология келтириб, тунука ишлаб чиқаришни бошлаб юборди. Унинг цехида 5 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда.

Гулбоғ қишлоғида жойлашган 74-мактаб 320 ўринга мўлжалланган. Лекин ушбу муассасада ҳозирда 587 нафар ўқувчи таълим оляпти. Эски бинонинг совуқ ва тор хоналарида ёшларнинг билим олишини тасаввур қилаверинг. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари саъй-ҳаракати билан икки кун ичида мазкур мактаб ўқувчилари Косон Агро бизнес коллежи биносига кўчиб ўтди. Энди улар ёруғ ва шинам хоналарда билим олади.   

113-Бешкент сайлов округидан сайланган Ўткир Бўтаев аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланадиган “Шарофиддин Нурилло” МЧЖ  жамоаси билан мулоқотда ажиб бир манзарага дуч келди. Жамият ҳовлисида 50 та янги автобус чанг босиб ётибди. МЧЖ директори Нарзулла Намозовнинг айтишича, бу автобусларнинг қатнаши учун йўналиш йўқ.               

 “Бугун ҳамма машинасини сариқ рангга бўяб, киракашлик қилишни бошлаб юборди. Таксиларнинг нархлари автобусникидан 2 баравар қиммат бўлса-да, барча йўналишларни эгаллаб олишган. Аммо ярмидан кўпи ҳужжатсиз фаолият олиб бормоқда. Ҳеч ким улардан ҳужжатинг борми деб сўрамайди. Натижада аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш йўловчи хавфсизлигига кафолат бера олмайдиган қонунбузарлар қўлига ўтиб кетаяпти. Улар автобусларнинг ҳаракатланишига халақит  қилишяпти”,  – дейди тадбиркор.  

Халқ вакили Ўзбекистон Автомобиль транспорт агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармасига сўров чиқариб, муаммони назоратга олди. Ишонамизки, тўхтаб турган автобуслар тез орада Қарши шаҳри ва Қарши тумани аҳолисига хизмат кўрсата бошлайди.

Қарши туманида 797 фермер хўжалиги ҳозирга қадар 328 фермер хўжалигига мақбуллаштирилди. Аммо депутатларнинг фермерлар билан мулоқотида шу нарса аён бўлдики, бундан 40-45 йил илгари қурилган суғориш лотоклари бутунлай яроқсиз ҳолатга келган. 2018 йил 5 км, 2019 йил 8 км лотокларни алмаштириш лойиҳалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 100 метри  ҳам янгиланмади. Агар С.Раҳимов ва Я.Омонов ҳудудидаги Р-17 канали бетонлаштирилмаса суғоришда муаммолар пайдо бўлади.

Қамаши тумани Оқгузар массивидаги аҳоли табиий газ, ичимлик сув, алоқа линияси йўқлигидан азият чекмоқда. Устига-устак электр таъминоти ҳам яхши эмас. Ички йўллар тизза бўйи лой, таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Тумандаги 51-мактаб ва 15-сонли мактабгача таълим муассасасида иссиқлик тизими мутлақо ишламайди. Хоналар совуқ ва таъмирга муҳтож.

Шу ва бошқа муаммоларни жойида ўрганган партия фаоллари ва депутатлар муаммо ечими бўйича тегишли ташкилотларга сўров чиқарди. Ижросини эса назоратга олди.

Эслатиб ўтамиз, ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганишлари давом этмоқда.

Сайфулла ИКРОМОВ

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят

кенгаши фаоли

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1570
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+