“Ўзбекни излаганлар – Навоийдан топаркан...”

08.02.2019, 23:35

“Ўзбекни излаганлар – Навоийдан топаркан...”

O‘zLiDeP  Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ўзбек мумтоз адабиёти асосчиси, мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир  ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вилоят бўлими ҳамда ТАТУ Урганч филиали билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуман “Навоий ва замонамиз” дея номланди. 

– Сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-муҳаббат зиёсини таратиб келмоқда, – дейди тадбир қатнашчиси Отабек Сафарбаев.

Учрашувда воҳамизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари Қурбон Муҳаммадризо, Мадина Матёқубова, Гавҳар Ибодуллаева, Зулфия Амановалар улуғ бобокалонимизнинг ибратли ҳаёт йўли, ўлмас асарлари, ҳар бир инсон дилига муҳрланиб қолган ғазал ва рубоийлари тўғрисида гапириб, улардан мисоллар келтирди.

– Алишер Навоийни қанча эътироф этсак, қанча тилга олсак ҳам оз, – дейди ижодкор Гавҳар Ибодуллаева. – Бутун дунёда севиб ўқиладиган, 14 тилга таржима қилинган асарлари ўзбек номини, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, улуғ қадриятларимизни оламга танитишга асос бўлган.

Тадбирда, шунингдек, Урганч шаҳар маданият ходимлари томонидан Навоий ғазалига басталанган куй-қушиқлар ижро этилди. Ғазалхонлик кечаси ҳам бўлиб ўтди. 

Тадбир давомида партиямиз сафига қабул қилинган янги аъзоларга аъзолик гувоҳномалари ва эсталик совғалари топширилди.

Мушарраф РАҲИМОВА,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    1250
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+