Мурожаатлар ечимсиз қолмайди

08.02.2019, 23:37

Мурожаатлар ечимсиз қолмайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Зафар Ханиязов Қўнғирот туманидаги маданият ва аҳоли дам олиш масканида ўз сайловчиларининг таклифларини эринмай тинглади. Мурожаатларнинг аксарияти ишсизлик билан боғлиқлигининг сабаб­ларини таҳлил қилди. Шунингдек, ички йўлларнинг таъмирталаблиги ҳам энг кўп кўтарилган масалалар сирасига кирганига алоҳида эътибор қаратди.

Қўнғирот сода заводидаги юзма-юз суҳбатларда уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдаги сансалорликлар, банкоматларнинг яхши ишламаслиги билан боғлиқ муаммолар тез-тез такрорланди.

Депутатнинг ана шундай учрашувларидан яна бири Қонликўл туманидаги “Наврўз” овул фуқаролар йиғинида ўтказилди. Тадбирда туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳам иштирок этишди. Шу овулда яшовчи тадбиркор О.Бекниязов ташкил этаётган “Наўше гуллери” мактабгача таълим муассасасининг 45 фоиз қурилиш ишларини ўз ҳисобидан бажарганини айтар экан, қолгани банк кредитлари асосида амалга оширилиши режалаштирилганини таъкидлади. Лекин кредитни олишда муаммолар ечимини топиш осон кечмаяпти. З.Ханиязов ушбу масалани ижобий ҳал этишга ваъда берди.

Бескўпир ва Наврўз қишлоқларига хизмат кўрсатувчи врачлик пунктлари “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида таъмирланган бўлса-да, муолажа хонаси ва замонавий аппаратлар йўқлигидан арз этилди. Маҳалла аҳли ушбу ҳудудларда аҳоли сонининг кўплигини ҳисобга олиб, тегишли шифокор ва ҳамширалар билан таъминлашда депутатдан амалий ёрдам сўради. Учрашув доирасида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида олиб борилган ишлар ва 2019 йилги “йўл харитаси”га киритилган масалаларнинг бажарилиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг яна бир аъзоси Қутлимурат Бабашев партиянинг “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда фаол бўлди. “Президент Мурожаатномаси – ёшлар нигоҳида” мавзусида маъруза қилди. Қорақалпоқ давлат университети ва Нукус давлат педагогика институти талабаларининг фикрларини эшитди. “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш хусусида сўз юритди. Жорий йилда ушбу жамғарма орқали 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилгани, ёшлар учун 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши ҳақида маълумот берди.

Қ.Бабашев, шунингдек, O‘zLiDeP ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази томонидан тарғиботчи лидерлар ва бошланғич партия ташкилотлари етакчиларнинг малакасини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигида ташкил этилган ўқув-семинарда ҳам қатнашди. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг аҳамияти ҳамда уларни амалга ошириш механизмларига урғу берди.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон

Республикаси матбуот хизмати

  • Кўрилди
    2143
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+