Қуйи вакиллик органлари фаолиятини тўла қонунлаштириш вақти келди
08.02.2019, 23:43
Маълумки, ҳуқуқий давлат мақоми – қонунлар ҳаётнинг барча қатламларига қай даражада кириб боргани билан белгиланади. Бизда ҳам ана шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида конституциявий мақомга эга вакиллик органлари фаолияти йўлга қўйилган.
Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенат (юқори палата). Асосий қонунимизга мувофиқ Сенат Ўзбекистон ҳудудий вакиллик палатаси саналади. Жўқорғи Кенгес эса Қорақалпоғистон Республикаси ҳокимиятининг олий вакиллик органидир. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари ҳисобланади.
Қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи асосий фаолиятини 6 та яхлит қонун ва қонун кучига эга палаталарнинг қўшма қарори тартибга солади. “Парламент назорати тўғрисида”ги ҳамда “Палаталарнинг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари эса назорат фаолиятини амалга оширишнинг тартиб-таомилларини белгилаб беради.
Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари ҳуқуқий мақоми ҳам юқорида айтилган қонунлардаги алоҳида нормаларда кўрсатиб ўтилган. Демакки, олий вакиллик органларининг қонунчилик ва назорат фаолияти ҳамда мажлисларни чақириш, уларга масала киритиш, киритилаётган масала объекти чегараси, субъект (депутат, қўмита, фракция) ваколатлари, кўриб чиқиш тартиби, регламенти яхлит қонунлар асосида тартибга солинган, десак муболаға бўлмайди.
Бироқ қуйи вакиллик органлари – халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятида эса назорат, кенгашлар мажлисларни чақириш, уларга масала киритиш, киритилаётган масала объекти чегараси, субъект (депутат, кенгаш аъзоси, депутатлик гуруҳи, тегишли комиссиялар) ваколатлари, масалани киритиш, кўриб чиқиш тартиби, регламенти яхлит қонунлар асосида конкрет белгиланмаган. Шу боисдан ҳам ҳудудларда халқ депутатлари кенгашлари ҳаракат йўналиши ягона амалиётга асосланмайди. Кенгашларнинг мажлисларни ўтказиш, масалаларни киритиш ва кўриб чиқиш, назорат фаолиятини олиб бориши ҳам турлича. Умуман олганда, халқ депутатлари кенгашларидаги депутатлар ва сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари ва тегишли комиссиялар фаолияти бугунги давр талабига жавоб бермайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида айтилган қуйидаги аччиқ ҳақиқатлар ҳам буни исботлайди: “Сиёсий партияларнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг таъсири мутлақо сезилмаяпти. Айтиш мумкинки, улар, кўп ҳолларда, номига фаолият кўрсатмоқда.
...Депутатларнинг иш услубини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида сиёсий партиялар орқали жойларда “Марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этиш айни муддао бўлар эди. Бу тизим орқали юқоридан пастга тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб бориш йўлга қўйилади. Шу тариқа Олий Мажлис иш услубини вилоят кенгашларига, вилоят кенгашлари иш услубини эса туман ва шаҳар кенгашларига ўргатиш имконияти пайдо бўлади”.
Шу ўринда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ижро ҳокимияти ёки бошқа органлар олдига масалани қатъий қўйиш, самарали ва асосли депутатлик назоратини ўрнатишда лозим бўлган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ўзида қамраб олган аниқ ҳуқуқий асос ишлаб чиқиш ва жойларда татбиқ этиш каби вазифалар ечимига қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг регламенти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини таклиф этмоқда.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасида давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш услуб ва шаклларини такомиллаштириш вазифаси белгилаб берилди. Яъни, парламент ва депутатлик назоратини олиб бориш воситаларидан бири сифатида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида партия гуруҳларининг фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарурати юзага келди.
Агар маълумотларни таҳлил этсак, 2018 йил якунига кўра, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида O‘zLiDePдан сайланган 2 269 нафар депутат фаолият юритмоқда. Рақамлар кесимида кўриб чиқсак, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида 295 нафар, халқ депутатлари туман Кенгашларида 1 691 нафар ва шаҳар Кенгашларида 283 нафар депутат ишлаяпти.
2018 йил давомида халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи ва аъзолари томонидан ижро органлари ҳамда мансабдор шахсларга жами 14 200 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Шуларнинг 1 860 дан ортиғи вилоят Кенгаши депутатлари томонидан, 13 300 дан ортиғи туман-шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда партия туман депутатлик гуруҳларидан жўнатилган.
Афсуски депутатлик гуруҳлари сўровлари натижалари кўзланган натижани бермаган. Айрим сўровлар жавобсиз қолдирилган бўлса, баъзиларида тегишли ҳуқуқий кузатувнинг мавжуд эмаслиги боис кўтарилган масала охирига етмай қолган. Яна айрим сўровларни йўллашда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ чора-тадбирлар кўрилиши лозим бўлса-да, депутатлик гуруҳлари сўров институтини қўллаб хатоликка йўл қўйишган.
Депутатлик сўрови институти ҳам барча ҳудудларда бирдек йўлга қўйилмаган. Чунки бу борада ягона амалиётни ҳаётга татбиқ этувчи яхлит ҳуқуқий механизм мавжуд эмас.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳудудларда партия гуруҳлари томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органларининг ҳисоботи ва ахборотини халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида эшитиш, ўтказилган эшитувлар натижалари бўйича аниқланган камчилик ва муаммоларнинг ечимини топиш, уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларни тегишли давлат бошқаруви органларига киритиш ва амалиётга татбиқ қилинишини назорат қилишни назарда тутади. Булар сирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ижро ҳокимияти идораларининг камчилик ва нуқсонлари ҳақида, давлат бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича, шунингдек, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, ҳокимларнинг ўз лавозимига нолойиқлиги юзасидан асослантирилган маълумотлар ва таклифлар киритиш бўйича ҳуқуқий муносабатларни қонун нормалари орқали тартибга солишдан иборат.
Алоҳида қайд этиш керак, партия гуруҳининг раҳбари сайланадиган лавозим ҳисобланади. Партиянинг халқ депутатлари Кенгашидаги аъзолари ўн ва ундан кўпроқ депутатдан иборат бўлса, партия гуруҳи раҳбарининг сайланадиган ўринбосари лавозими ташкил этилиши мумкин. Партия гуруҳига қабул қилиш ва ундан чиқариш тартиби, партия гуруҳи раҳбари ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тартиби белгилаб берилмоқда. Лойиҳада асосий эътибор партия гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмларини яратишга қаратилган. Яъни, партия гуруҳининг иш тартибига, партия гуруҳи ва ҳудудий партия ташкилотининг ўзаро муносабатларига доир ҳуқуқий муносабатлар яхлит тизимга келтирилмоқда.
Қонун лойиҳасида партия гуруҳининг асосий ҳуқуқлари сифатида:
– халқ депутатлари Кенгашининг сессияси кун тартибини тузишда иштирок этиш;
– халқ депутатлари Кенгашининг сессияси кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда гуруҳ вакилига кафолатланган сўз берилиши;
– ҳудуддаги давлат органлари раҳбарларига, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларга сўровлар билан мурожаат этиш;
– доимий ва муваққат комиссиялар раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;
– тегишли равишда халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини депутатлар орасида тарқатиш;
– халқ депутатлари Кенгашига ёки доимий комиссиясига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг бажарилишини текширишга доир таклифлар билан мурожаат этиш;
– фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли органлар ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат этиш;
– вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосли хулосалар тақдим этган ҳолда ташаббус билан мурожаат этиш;
– давлат ҳокимияти тегишли вакиллик органларининг депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.
Партия гуруҳининг назорат-таҳлил фаолияти борасида партия гуруҳи Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонуности ҳужжатларини жойларда ижросини назорат-таҳлил тарзида ўрганиши мумкин. Партия гуруҳи назорат-таҳлил шакллари унинг назорат фаолиятини амалга ошириш юзасидан тасдиқланган иш режасига киритилган масалаларни ўрганиш, таҳлил этиш, муҳокама қилиш асосида партия гуруҳининг амалий таклифларини ишлаб чиқиш мақсадлари учун қўлланилади. Партия гуруҳи назорат функцияларини амалга ошириш режалари партия томонидан ишлаб чиқилган кўрсатмалар, таклиф ва тавсиялар асосида тузилади.
Партия гуруҳи қуйидаги депутатлик назорати шаклларидан фойдаланиши мумкин:
– депутатлик назорат-таҳлил фаолиятини ташкил этиш;
– туман ҳокими, унинг ўринбосарлари ва мутасадди ва масъул идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
– масала юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига партия гуруҳи сўрови билан мурожаат қилиш.
Партия гуруҳи Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва қонуности ҳужжатларини жойларда ижросини ўрганиш бўйича саволнома ишлаб чиқади.
Партия гуруҳи Ўзбекистон Республикаси қонунлари, давлат дастурлари, Президент фармон ва қарорлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган дастурлар ижроси юзасидан халқ депутатлари Кенгашига ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахсга тааллуқли бўлган масалалалар юзасидан унинг ҳисоботи ёки ахборотини эшитиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Партия гуруҳи аъзолари эшитув масаласи юзасидан ўз округларида батафсил ўрганиш ишларини амалга оширади, сайловчилар билан учрашиб масала юзасидан уларнинг фикрларини ўрганади, мавжуд муаммоларни аниқлайди ва эшитувга жиддий тайёргарлик кўради.
Муҳокама якуни юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши раисига партия гуруҳи раҳбари номидан, муҳокама этилган масалага тегишли бўлган муаммолар ечимига доир партия гуруҳининг амалий таклифлари баён этилган расмий хат тайёрланади ва жўнатилади.
Партия гуруҳи ўз тавсияларини тегишли ташкилотлар томонидан бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради. Мониторинг натижасида тааллуқли органларга тақдимномалар киритиш тартиби белгиланмоқда.
Партия гуруҳи фаолиятига доир муҳим ҳуқуқий механизмлар назарда тутилмоқда. Бинобарин, гуруҳ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақлидир. Сўров предмети сифатида эса қонунлар, давлат дастурлари, Президент фармон ва қарорлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, халқ депутатлари кенгашларининг қарорлари, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган дастурларга киритилган вазифаларнинг ижроси, партия электорати ва сайловчиларни ўйлантираётган ижтимоий-маиший муаммо кабилар бўлиши мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат ёки партия гуруҳи сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборади. Сўровга кўрсатилган муддатда жавоб берилмаган тақдирда бу борада вилоят, туман (шаҳар) прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиш мумкин.
Шунингдек, партия гуруҳи сўров натижалари муҳокамасини халқ депутатлари Кенгаши ёки доимий комиссиясининг йиғилиши муҳокамасига киритиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Халқ депутатлари Кенгашига ёки доимий комиссиялари йиғилишига ушбу масалани олиб чиқишга доир норма кўрсатилмоқда.
Яна бир муҳим маълумот: жойларда қонунлар ижроси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши юзасидан ижро этувчи ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари эшитилиб муҳокама этилмоқда.
Таҳлиллар эшитувларнинг асосий қисми номига, расмиятчилик учун ўтказилганини кўрсатмоқда. Айрим долзарб масалалар Кенгаш сессияларига олиб чиқилмаган. Кўтарилган баъзи масалалар юзасидан тегишли хулосалар қилинмаган.
Бу кўрсаткич барча ҳудудларга ҳам тааллуқли эмас, албатта. Негаки, эшитув институти ҳам ягона амалиётга асосланмаган. Айрим ҳудудларда мавжуд ҳуқуқий асос доирасида эшитувлар ташкил этилган бўлса, қатор ҳудудларда олиб чиқилган масалаларнинг саёзлиги, пухта ўрганилмаганлиги, эшитувнинг ташкил этиш, тайёрлаш, амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий асоси мавжуд эмаслиги намоён бўлади.
Мазкур йўналишда ечимини кутаётган асосий масала, депутатларнинг масъулияти ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибига мувофиқ белгиланади. Бироқ, мазкур нормани амалга оширишнинг қонун даражасидаги ҳуқуқий механизмлари яратилмагани республикамиздаги барча халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини бир хилда, тўғри ва самарали ташкил этилишида муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ана шу камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.
Қонун лойиҳасида халқ депутатлари Кенгаши сессияларини чақириш ва ўтказиш, сессия муҳокамасига масалалар киритиш ва уларни қараб чиқиш, халқ депутатлари Кенгаши органларини ташкил этиш ва сайлаш, улар фаолиятига доир ҳисоботларни тинглаш, депутат сўровини, қарор лойиҳаларини қараб чиқиш, овоз бериш, қарорларни эълон қилиш, сессияга таклиф этиладиган шахслар сонини аниқлаш тартиби, шунингдек, депутатларнинг масъулияти ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар тартибга солинади. Жумладан, халқ депутатлари Кенгаши ўз фаолиятининг асосий йўналишларини халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида тасдиқланган иш режаси – жорий, йиллик ёки Кенгашнинг ваколатлари муддатига мўлжалланган иш режаси асосида белгилаб олиши, халқ депутатлари Кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларини ўз ичига оладиган халқ депутатлари Кенгашининг иш режаси асосида халқ депутатлари Кенгаши доимий комиссияларининг йиллик иш режалари тузилиши назарда тутилмоқда.
Бинобарин, халқ депутатлари Кенгашининг асосий иш шакли сессия бўлиб, сессия Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан халқ депутатлари Кенгаши ваколатига киритилган ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақлидир.
Сессия муҳокамасига киритилган кун тартибидаги ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот, ҳоким ва унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бўлимлари, бошқармалари ва бошқа бўлинмалари, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.
Муҳокама жараёни муайян масала юзасидан ҳоким, унинг ўринбосарлари, доимий комиссиялар раисларининг, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлимлари маърузалари ва қўшимча маърузаларини ёки депутатларнинг маърузалари ва қўшимча маърузаларини тинглаш, шунингдек, таклиф этилган шахсларнинг фикр билдириши шаклида амалга оширилади.
Айрим ҳолларда муҳокама этилаётган масаланинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, сессия мазкур масаланинг мазмунига доир қисқача ахборотни тинглаб ёки доимий комиссиялар раислари ёхуд депутатларнинг тушунтиришлари билан чекланиб, уни муҳокама этмасдан қарор қабул қилиши мумкин.
Умуман олганда лойиҳаларда назарда тутилган нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари кенгашлари фаолияти билан боғлиқ муҳим масалаларнининг янги таъсирчан механизмларини жорий этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шу ўринда эътиборга молик муҳим жиҳатни қайд этиш зарур. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини янада ошириш, келгусида ҳокимнинг айни вақтда халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилиниши лозимлиги белгилаб берилди.
Демакки, ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш юзасидан Асосий қонунимизнинг тегишли нормаларига ҳамда амалдаги бир қатор қонунларга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси устида пухта ишлаш бугуннинг кечиктириб бўлмайдиган талабидир.
Яна бир жиддий масала қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепцияни амалга ошириш, турли дастурлар ижроси доирасида қонун қабул қилиш амалиётини қайта кўриб чиқиш, давлатимиз раҳбари белгилаб берган қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт эканидан келиб чиқиб, “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига – “Маҳаллий кенгашлар депутатларининг фикрларини ўрганиш” механизмини жорий этишга доир қўшимча киритиш мақсадга мувофиқдир.
Нуриддин МУРОДОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий
Кенгаши Ижроия қўмитаси
котибият мудири,
Экспертлар гуруҳи раҳбари
Фикрингизни қолдиринг
Ўхшаш янгиликлар
-
Бувайдалик сайловчилар қонунчиликдаги янгиликлар билан таништирилди
17.04.2024, 22:12
-
Депутат деҳқон бозорларда нарх-наволарни ўрганди
17.04.2024, 17:21
-
Шофирконда партия фаоллари хусусий МТТлар фаолиятини ўрганмоқдалар
17.04.2024, 15:40
-
O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Сайхунободда аҳоли даромадларини ошириш бўйича қилинаётган ишларни ўрганяпти
17.04.2024, 13:20
-
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш учун янги имкониятлар яратилмоқда
16.04.2024, 18:26
Билдирилган фикрлар
Дилрабо Рахманова2019-02-14 14:31:15
Хақиқатдан хам маҳаллий кенгашдаги депутатлик гуруҳи аъзолари мукаммал ҳуқуқий асослар йўқлигидан депутатлик иш фаолиятини тўлиқ олиб боришмайди. Ўз ваколатларидан тўлалигича фойдалана олишмайди. O`zLiDeP томонидан “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг регламенти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари таклиф этилаётганлиги айни муддао бўлди. Келгуси чақириқдаги маҳаллий кенгашдаги депутатлик гуруҳи аъзолари мазкур ҳужжатдан ўз депутатлик фаолиятини самарали олиб боришади деган умиддаман.
Асем Сиримбетова Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходими 2019-02-11 18:07:14
Юқоридаги мақолада жуда долзарб мавзу кўтарилган. Чунки "қуйидан-юқорига" тамойили асосида партиянинг олиб бораётган ҳар бир иши депутатлик гуруҳлари билан чамбаршас боғлиқ. Шу боис ҳам юқоридаги депутатлик сўровномалар юбориш, депутатлик гуруҳи эшитувларини ташкил этиш ва сессияларга масалалар олиб чиқиш бўйича кўтарилган ҳар бир таклиф ва фикрлар лойиҳаларнинг қабул қилиниши ўринли деб уйлайман.
Узоқжон Хамираев Пахтачи туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари 2019-02-11 11:25:58
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ижро ҳокимияти ёки бошқа органлар олдига масалани қатъий қўйиш, самарали ва асосли депутатлик назоратини ўрнатишда лозим бўлган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ўзида қамраб олган аниқ ҳуқуқий асос ишлаб чиқиш ва жойларда татбиқ этиш каби вазифалар ечимига қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг регламенти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини таклиф этилганлиги депутатлк гурухи фаолиятини янги услубда ишларни ташкил этишга олиб келади.
Тошонов Яздон Каттақўрғон туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари2019-02-11 10:22:32
Мақола автори жуда долзарб мавзуни кўтарибдилар.Айниқса депутатлик сўрови ва депутатлик гуруҳи эшитувлари бўйича таклиф ва мулоҳазаларини тўлиғича қўллаб қувватлайман.
Xursandov Xurshid2019-02-11 09:28:49
Avvalombor assalomu alaykum hurmatli yurtdoshlar partiyadoshlar! Yuqoridagi maqolada keltirilgan fikrlar haqiqatdan fuqarolik jamiyatini poydevorini mustahkamlashga asos bo‘lib xizmat qiladi. Shu o‘rinda nafaqaf quyi vakillik organlaring huquqiy maqomini mustahkamlash kerak bilaks ularni moliyaviy maqomini ham mustahkamlash! zarurdir. 1.Quyi vakillik organlariga saylangan deputatlarni muntazam faoliyat olib borishini ta'minlash va ularga maosh berish masalasini ham alohida ta'kidlab o‘tgan bo‘lardim. 2.Quyi vakillik organlarini muntazam faoliyat yuritishlari uchun quyi vakillik organlari binosi (Xalq deputatlari viloyat, tuman, shahar Kengashlari binosi) bilan tam'minlash qonun chiqaruvchi organni ijro etuvchi organdan ajratadigan yana bir qadam bo‘ladi deb o‘ylardim. 3.Muntazam ishlovchi quyi vakillik organlari Oliy vakillik organlari tomonidan chiqariladigan qonunlarni joylarda ijro etilishini ta'minlovchi bo‘g‘in bo‘lib xizmat qiladi deb o‘ylayman albatta bu mening shaxsiy fikirlarim.