Қоғозда ишлар беш, амалда эса...

08.02.2019, 23:45

Қоғозда ишлар беш, амалда эса...

Зарбдор туманидаги бир неча аҳоли масканларида “Обод қишлоқ”

дастури доирасидаги ишлар чала бажарилгани кўзга ташланиб қоляпти

Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури бошланганида аҳоли ниҳоятда севинган, энг чекка ҳудудлар аҳли ҳам “Қачон бизнинг қишлоқ дастурга кирар экан”, дея йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар бартараф этилишига умид боғлаган эди. Барча туманларда камида иккита аҳоли масканида бошлаб юборилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари кутилмаган муаммолар, қийинчиликларни келтириб чиқаргани ҳам бор гап.

Бунёдкорлик ишлари давом этаётган пайтда айрим муаммолар юзага келиши сабабларини кўрсатишга уринган, уларнинг бартараф этилиши учун саъй-ҳаракатлар қилинаётгани, мазкур қийинчиликлар вақтинчалик ҳолат эканлигини уқтирган мутасаддилар дастур доирасидаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари расман якунланганидан кейин ҳам аҳолидан кўплаб шикоятлар туша бошлагач, вазиятни изоҳлашга қийналиб қолдилар. Муаммолар сурункали тус олганидан бўлса керак, уларнинг телевидение, интернет, матбуотда бот-бот тилга олиниши одат тусига айланди.

 Бу йил Зарбдор туманида “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Оқар”, “Янгикент” ҚФЙ, “Шодлик”  МФЙ ҳудудидаги аҳоли масканларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. “Демак, бошқа жойлардаги ишлар тўкис-тугал якунланибди-да, қойил азаматлар!” деб ўйлаган киши янглишади.  Ўтган йили қурилиш ишлари тумандаги “Ёшлик”, “Тоза уруғ” МФЙ ва “Тошкесган” ҚФЙ  ҳудудида жойлашган аҳоли масканларида олиб борилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишлар тўлиқ якунланганини эшитиб, O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими мудири Шоира Ҳасанова, партия туман Кенгаши ижрочи котиби Ҳусан Турғунов билан биргаликда мазкур аҳоли масканларига йўл олдик. Маслаҳатлашиб, даставвал “Тошкесган” ҚФЙга боришга қарор қилдик. 5 610 нафар фуқаро истиқомат қилаётган қишлоққа киришингиз билан дастур доирасида анчагина қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилгани яққол кўзга ташланади. Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Юсуф Мавлоновнинг айтишича, дастур доирасида 6 миллиард 706 миллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилган бўлиб, аҳолини ичимлик суви, суюлтирилган газ, электр энергияси билан таъминлаш масалалари тўлиқ ҳал қилинган. Йўл қурилиши борасида эса баъзи камчиликлар бор. Бунинг сабаби шуки, дастурга барча йўллар киритилмаган. “Ушбу йилда ана шу камчиликлар ҳам тузатилади”,  дейди ҚФЙ раиси.

Раис билан мулоқот асносида йўл ёқасида шундоққина кўриниб турган мактабга кўзимиз тушди. Биргаликда боришни таклиф қилсак-да, раис нималарнидир баҳона қилиб, зум ўтмай жўнаворди. Бунинг сири кейин маълум бўлди. Мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамон давом этмоқда экан. Қизиқ, “Обод қиш­лоқ” дастурида кўзда тутилган ишлар мазкур аҳоли масканида расман поёнига етиб, тантана-шодиёналар ҳам бўлиб ўтди-ку, деган ўй билан мактаб биносига кирдик. Мазкур таълим масканида 912 нафар ўқувчига 57 нафар педагог ва мутахассис-ўқитувчи таълим-тарбия беряпти. Бинонинг ярмида таъмирлаш ишлари давом этяпти. Ўқувчилар биринчи чоракда аҳоли хонадонларида ўқиган бўлса, иккинчи чоракни мактаб биносининг таъмирланган иккинчи ярмида давом эттираётган экан. Хоналар иситилмаган, ўқув жиҳозлари қалаштириб ташланган бу хоналардаги дарс сифати ҳақида гапириш ортиқча. Мактаб директори вазифасини ўтаётган Ғайрат Бўстоновнинг изоҳ беришича, бу жойлар “Обод қишлоқ” дастурига киритилмай қолиб кетган, кейинчалик туманга янги ҳоким келгач, унинг саъй-ҳаракатлари билан мактаб ҳам дастур доирасига киритилган ва шу боисдан қурилиш-таъмирлаш кеч бошланган. Гарчи ўтган йилнинг 25 декабрида тўлиқ тугаллаш режалаштирилган бўлса-да, пардоз-таъмирлаш ҳамон давом этмоқда. “Сангзор таъмир қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан 2 миллиард 684 миллион сўмга тенг капитал таъмирлаш ишларининг қанчаси амалга оширилганини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмади. Мазкур МЧЖ иш бошқарувчиси Зариф Шариповнинг таъкидлашича, шу кунгача зарур маблағнинг фақат ярмигина ажратилган.

“Бу кетишда таъмир қачон тугайди-ю, ўқувчилар қачон тўлақонли билим олади?” деган саволимизга иш бошқарувчи “Маблағ бўлса, узоғи билан икки ҳафтада барча ишларни тамомлаймиз”, дея жавоб берди. Муаммо ҳал бўлмаса-чи? 400 дан ошиқ ўқувчи бу чоракда ҳам яна “чала” билим олишга мажбур бўлишадими?

Тумандаги мутасаддиларга қўнғироқ қиламиз. Улардан ҳам “Чора кўриляпти, бир ҳафтада муаммо ҳал қилинади”, деган жавобни эшитамиз. Қурувчиларга омад, ўқитувчиларга сабр-тоқат тилаб, мактабнинг ёнгинасида жойлашган қишлоқ врачлик пунктига қараб юрамиз.

Чиройли қилиб таъмирланган мазкур мас­канда, афсуски, ҳеч кимни тополмадик. Ҳамма эшиклар қулфланган. Бир пайт шошиб келиб, ўзини “Патронаж ҳамширасиман”, деб таништирган аёл эшикларни очиб, бизни ичкарига таклиф қилди. Рост, шаҳарлардагидан қолишмайдиган соғлиқни сақлаш маскани бунёд этилибди, фақат тиббий жиҳозлар келтирилса кифоя. Бироқ катта маблағ сарфланиб бунёд этилган бу жой нега ҳувиллаб ётибди, деган савол билан энди туман тиббиёт бирлашмасига қўнғироқ қилдик.

Маълум бўлишича, гарчи “Қишлоқ врачлик пункти” деган ёрлиқ осиб қўйилган бўлса-да, расман мазкур мақомга эга эмаслиги, аслида туман поликлиникасининг филиали экани, ҳозирда мутасадди ташкилотларга бу жойни яна қишлоқ врачлик пунктига айлантириш борасида таклифлар берилгани, агар штат бирлиги ва керакли тиббий жиҳозлар ажратилса, масала ижобий ҳал бўлиши тўғрисида тушунтириш олдик. Расмий мақомга эга бўлмаса-да, чиройли қилиб “Қишлоқ врачлик пункти” деган ёзув осиб қўйиш кимга, нима учун керак бўлиб қолган, тўғриси, тушунмадик.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида катта маблағ, меҳнат билан бунёд қилинган шундай  соғлиқни сақлаш масканлари ким учундир орзу бўлиб турган бир пайтда унинг мақоми масаласи билан нега ҳеч ким жиддий шуғулланмаяпти?

 “Тоза уруғ” ҚФЙда эса... Тўғриси, ушбу ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилган, деган гапга  ишониш қийин. 1 677 нафар аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқда йўл қурилиши, ичимлик суви билан таъминлаш борасида чала бажарилган ишларни айтмаса, бошқа бирорта ободонлаштириш кўзга ташланмайди.

– Мазкур аҳоли масканида “Обод қишлоқ” доирасидаги қурилиш-ободонлаштириш иш­лари анча кеч бошланди, – дейди туман ҳокимлигининг иқтисодиёт ва саноат бўлими бош мутахассиси Мирзаали Нишонов.  – Чунки дастурга асосан “Тошкесган” ҚФЙ ва “Ёшлик” МФЙ киритилган эди. Бу ердаги ишлар эса жорий йилнинг биринчи чораги давомида якунига етказилади.

Маълумотларга қараганда, дастур доирасида “Тоза уруғ” ҚФЙда  2 миллиард 371 миллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Йўллар нега чала  таъмирлангани бўйича жўяли гап эшитмадик. Ичимлик суви муаммоси тўлиқ ҳал қилинмагани эса,  мутахассис Йўлчи Холжигитовнинг айтишича, маблағ масаласи билан изоҳланар экан...

Мақолада қайд қилинганидек, бу йил туманда бирданига учта аҳоли масканида “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Мантиқан олиб қаралганда, ана шу жойларда қурилиш-таъмирлашни бошлашдан аввал ўтган йили дастурга киритилган аҳоли масканларида чала қолган ишларни ниҳоясига етказиш керак эмасми? Зарбдор туманида ўтган йили йўл қўйилган камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, барча режалар ўз вақтида сифатли амалга оширилиб, дастурга киритилган аҳоли масканлари том маънода обод қишлоқларга айланса, нур устига нур бўларди. Аҳоли ҳам шунга умид қилиб турибди.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Юсуфов Мардонбек2019-02-11 18:22:34

Обод қишлоқ давлат дастури сўнги 1.5 йил ичида Мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартирди. Лекин баьзи жойларда ханузгача ободонлаштириш ишларига панжа ортидан қарашмоқда.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+