O‘zLiDeP ишчи гуруҳи ташаббуси билан “Оқгузар” қишлоғига оқова суви келтирилди

14.02.2019, 19:53

O‘zLiDeP ишчи гуруҳи ташаббуси билан “Оқгузар” қишлоғига оқова суви келтирилди

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга тушиб, халқ билан мулоқот қилмоқда, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганмоқда, уларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Партия фаолларининг дастлабки манзили Қамаши тумани “Оқгузар” қишлоғи бўлди. Ташриф чоғида ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, аҳоли турмуш шароити билан танишди, одамлар билан мулоқот қилди.

Ўрганишлар давомида қишлоқ аҳлининг кўп йиллардан буён оқова суви муаммосидан азият чекаётгани маълум бўлди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, аҳоли мушкул аҳволда қолган жониворларни, экинларини сув билан тўйинтириш учун сув ташиб келишга мажбур.  Томорқада экин-текин қилишга шароит йўқ. Ҳатто рўзғор учун зарур маҳсулотларни ҳам бозордан харид қилади.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу масала юзасидан туман ҳокимлиги билан боғланди. У ерда биз билан мулоқотга чиққан ҳокимлик вакили муаммолар қисман борлигини тан олди. Партия фаоллари аҳолига шу куннинг ўзидаёқ амалий ёрдам кўрсатилишини илтимос қилди. Туман ҳокимлиги вакили рози бўлди.  Орадан икки кун ўтмасдан ҳудудда 5.6 км масофада қувур ётқизилди ва оқова суви келтирилди.

Ана шундай муаммо Миришкор туманидаги “Янги Миришкор” маҳалласи аҳлини ҳам қийнаяпти. Ҳудудда ичимлик суви танқис бўлгани учун одамлар ўз хонадонида ховуз қуриб олган. Агар бу томонларга йўлингиз тушса, ховузларни кўриб ҳайрон бўлманг! Устига-устак аҳоли пулига сотиб олаётган ичимлик суви ҳам вақтида етиб келмайди.

“Кўпдан бери ичимлик суви муаммосидан қийналамиз. Шу боис, ичимлик сувини сотиб олишга мажбурмиз. Аҳоли ҳам бунга кўникиб қолган. Бироқ пулимизга сотиб олаётган сув ҳам ўз вақтида етиб келмайди,” – дейди “Янги Миришкор” маҳалласида яшовчи Асқар Хазратов.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг туман Сувоқаво бошқармаси раҳбари билан мулоқотидан сўнг муаммо ҳал бўлди. Энди маҳаллага сув теҳникаларининг мунтазам қатнови йўлга қўйилади.

Кейинги манзил Деҳқонобод туманидаги “Нодира” МФЙ бўлди. Халқ билан мулоқотлар, учрашувлар чоғида жойларда бўлгани каби бу ерда ҳам кўплаб муаммолар борлиги маълум бўлди.

 Гап шундаки, шу маҳаллада яшовчи Бибиражаб Хўжамуродова онасининг розилиги билан, унинг номидаги якка тартибдаги тадбиркорлигини тугатиб, дўконни ўз номига ўтказмоқчи. Ишчи гуруҳ бу муаммоси бўйича туман солиқ инспекцияси вакиллари билан учрашди ва фуқаронинг якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашди.

“Нодира” МФЙда яшовчи Юсуф Душаевнинг қизи С.Душаева 2017 йилда турмуш ўртоғи Ж.Бегматов билан ажрашган. Лекин Ж.Бегматов бир ярим йилдан буён алимент пулини тўламаяпти. Ушбу масала юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан туман Мажбурий ижро бюросига сўров чиқарилиши белгиланди.

Қамаши тумани Дўстлик МФЙда жойлашган 1-сонли МТМ туман Санэпидемиология назорат маркази томонидан ишлашга яроқсиз деб ёпиб қўйилган. Боғчани қайта таъмирлаш давлат дастурига киритилган бўлса-да, лекин ҳалигача таъмирлаш ишлари бошлангани йўқ. Натижада болажонлар  боғчага боролмаяпти, ходимлар эса ишсиз қоляпти. Бу масала юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан тегишли ташкилотларга сўров чиқариладиган бўлди.

Яккабоғ туманидаги Нурафшон МФЙ, Нурафшон кўчасида яшовчи фуқаролар “Тоза ҳудуд” корхонаси хизматидан норози.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, маҳаллада чиқинди йиғувчи машиналарнинг вақтида келмаслиги боис ҳудудда чиқиндилар тўпланиб қолмоқда.

Бу масалани O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари М.Қулбулов “Тоза ҳудуд” корхонаси раҳбари А.Ибодов билан боғланиб, муаммони жойида ҳал этди.

Таъкидлаш керак, жойларда ўрганишлар давомида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг салмоқли қисми жойида ҳал этилди, қолганлари назоратга олинди. Эътиборлиси, O’zLiDeP сафига 200 нафардан ортиқ янги аъзолар қабул қилинди.  

                                                                        Т.ТУРДИЕВ,

 O’zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1509
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Do‘stov Jamshid2019-02-14 23:04:33

Нима учун сурьатлари йук


XXXXX2019-02-14 20:22:22

Қоил қолиш керак!!!!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+