Жомбойлик тадбиркор “Африка лаққаси” балиғининг тоннасини 14 млн. сўмга сотяпти

14.02.2019, 20:21

Жомбойлик тадбиркор “Африка лаққаси” балиғининг тоннасини 14 млн. сўмга сотяпти

Бу ҳақда O`zLiDeP Жомбой туман Кенгаши ҳудуддаги “Хасанхон тилла балиқлари” оилавий корхонасида ташкил этилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.   

Тегишли соҳа вакиллари, партия туман Кенгаши ходимлари, фермер ва тадбиркорлар иштирок этган тадбирда корхона раҳбари Юсуфхон Нажмитдинов соҳани ривожлантиришдаги тажрибалари, муаммолар ва ютуқлар билан ўртоқлашди.

“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури асосида “Ҳамкор банк” туман филиалидан 7 фоизлик имтиёзли кредит олиб фаолиятимизни бошлаганмиз. Ҳозирда оилавий корхонамизда балиқнинг “Африка лаққаси” турини ёпиқ сув ҳавзаларида етиштиряпмиз. Балиқларимиз жуда ҳаридоргир. Бир тонна балиқни маҳаллий бозорда 14 млн. сўмга сотяпмиз”, – дейди тадбиркор.

O`zLiDeP Жомбой туман Кенгаши аппарат раҳбари З.Юсупованинг айтишича, кейинги йилларда мамлакатимизда балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этган ҳолда ҳажмларини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.

“Балиқ гўшти инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Унинг таркибида инсон саломатлиги учун жуда муҳим бўлган элементлар, витаминлар бор. Мутахассислар бир киши йил давомида камида 16 килограмм балиқ ейиши кераклигини айтишади. Шу сабабли шифокорлар витамин ва минералларга бой ушбу маҳсулотни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этади”, – дейди З.Юсупова.

Тадбир сўнгида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган бир гуруҳ ходимлар O`zLiDeP сафига қабул қилинди.

O`zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1557
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+