Бағдодга сув келди! Энди бағдодликлар ҳам янги чиққан айфонни орзу қиляпти

16.02.2019, 09:58

Бағдодга сув келди! Энди бағдодликлар ҳам янги чиққан айфонни орзу қиляпти

Аввал хабар қилинганидек, O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотлари ходимлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ жойларга тушиб, аҳоли мурожаатларини ўрганмоқда, уларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.  

Айтиш жоиз, бу жараёнга партия Фарғона вилоят Кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам жиддий киришган.

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши аппарат раҳбари в.б Нафиса Элчиеванинг айтишича, ўрганишлар давомида вилоятнинг шаҳар ва туманларида 190 муаммо аниқланиб, бугунга қадар уларни 100 дан ортиғи бартараф этилган бўлса, қолган масалалар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

“Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит олиш, уй-жой масаласида кўплаб мурожаатлар бўлди. Мазкур муаммоларни ижобий ҳал қилишда ҳудудий, маҳаллий идоралар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, зарур тадбирлар белгилаб олинди”, – дейди  Н.Элчиева.

Олтиариқ туманида яшовчи Алишер Юсупов тадбиркорлик фаолиятини бошлашни кўнглига тукканига анча бўлди. Бироқ фуқаро ўз бизнесини йўлга қўйишда банк кўмагига эҳтиёж сезмоқда.

 “Томорқамизда иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи эдик. Лекин бунинг учун зарур маблағимиз йўқ эди. Шу боис, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида кредит олиш учун “Асакабанк” туман филиалига мурожаат қилдик. Лекин банк вакиллари айрим сабабларга кўра ишни ортга сўриб келаётган эди. O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари аралашувидан сўнг, муаммойим ҳал бўладиган бўлди”, – дейди  А.Юсупов.

Олтиариқда бўлгани каби Бағдод тумани аҳлини ҳам қатор муаммолар қийнамоқда.Шулардан бири тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммодир. 

Маҳаллий аҳоли вакилларини таъкидлашича, шаҳарликлар янги чиққан айфонни, замонавий русумдаги машинани орзу қилса, бағдодликлар ҳудудга сув келишини орзу қилар экан.

Муаммони жойида ўрганган ишчи гуруҳ аъзолари қуруқ ваъдабозликдан қочиб, амалий ишларга ўтди. Дарҳол масъул мутасаддилар билан учрашиб, масалага ойдинлик киритди. Ҳайрият партия фаолларининг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ҳудудга туман сувоқова корхонаси томонидан сув насоси ўрнатилди ва муаммо ҳал этилди.  

“Очиғи, бу масала шу куннинг ўзида ижобий ечим топади деб, ўйламаган эдик. Чунки бундан аввал ҳам масъул мутасаддилар, маҳалла фаоллари келиб, вазиятни ўрганиб кетишган. Аммо амалий ишдан дарак бўлмаган. Барака топишсин, партия вакиллари ташаббуси билан кўп йиллик муаммойимиз жойида ҳал бўлди. Энди биз ҳам янги чиққан айфонни орзу қилсак бўлаверади”, – дейди шу ҳудудда яшовчи Шавкатжон Қосимов.

Тумандаги Шўроқер МФЙ, “Бирдамлик” кўчаси қарийб бир йилдан бери электр энергиясидан айрилган. Тўғри, бир қарашда унчалик ваҳимали эмасдек туюлиши мумкин, лекин бу ерда ҳам одамлар яшайди, уларга ҳам электр токи керак.

Бу масала ҳам халқнинг ишончли вакили, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Б.Махмудов ташаббуси билан бартараф этилди. Депутатнинг туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига юборган сўровидан сўнг, муаммо ҳал бўлди.

Таъкидлаш керак, ўрганишлар давомида O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ҳам ўрганиб борилмоқда.   

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1341
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Abdumo'min2019-03-03 14:46:02

Men bu partiyadan qanday foyda olsam boʻladi. Oʻzim Toshkent Temir yo'l muhandislari institutida oʻqiyman.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+