Гулистонликларнинг нимадан кўнгли тўлмаяпти?

17.02.2019, 08:44

Гулистонликларнинг нимадан кўнгли  тўлмаяпти?

Сирдарё вилоятида бўлган ишчи гуруҳ аъзоларининг Гулистон туманидаги Соҳилобод маҳалласида бўлиб ўтган навбатдаги мулоқоти асосий кўча четидаги майдончада ўтказилди.

Соҳилободликлар, аввало, маҳаллада ичимлик суви борасида мавжуд муаммони ўртага ташладилар. Маълум бўлишича, ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича белгиланган лойиҳа муддатида амалга оширилмаган. Уларнинг айтишича, бажарилган ишлар ҳам талабга жавоб бермайди. Тортилган қувурларнинг бир нечта жойидан сув сизиб чиқаётгани бунга яққол далилдир. Фаолларимиз ушбу масалани мутасадди ташкилотлар билан чуқур ўрганган ҳолда унинг ечими бўйича зарур чоралар кўрилишини билдиришди.

Шу маҳаллада яшовчи Юсуф Қўшиевнинг айтишича, қишлоқда йўлкалар йўқлиги туфайли мактаб ўқувчилари автомобиль йўли ёқалаб юришга мажбур бўлишмоқда.  Амирқул Бегматов эса хонадонларни иситиш учун ўтиндан фойдаланиш оқибатида қишлоқда дарахтлар камайиб кетаётганини куйиниб гапирди.

Мулоқотда энг кўп тилга олинган мавзу эса тиббий хизмат борасидаги камчиликлар бўлди. Бундан ташқари, 640 ўринли мактабда амалда 840 нафардан зиёд болалар ўқиётгани ҳамда ўқувчилар сони йилига қарийб 60 нафаргача ортиб бораётгани инобатга олинса, маҳалла учун қўшимча мактаб биносига эҳтиёж нечоғлик юқори даражада эканлиги ҳам айтилди.

Шу туманнинг Уювли қишлоғи аҳли билан юзма-юз мулоқотда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган уннинг сифатини ошириш масаласи кўтарилди. Шу билан бирга, аҳолининг маҳаллага автобус қатновини йўлга қўйиш, газ таъминоти, тиббий хизматни яхшилаш, йўлларни тартибга келтириш бўйича талаблари ҳам эшитилди.

Ана шу масалалар ҳам мутасаддилар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, имкон борича кечиктирилмай ечим излашга келишиб олинди. 

– Мулоқотлар чоғида қонунларимиз мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими Самидулла Маҳмудов. – Айни чоғда аҳоли таклиф-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, баъзи қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳам фикрлар олинмоқда.

Партиямиздан сайланган депутатлар иштирокида Гулистон шаҳрида ҳам мулоқотлар ўтказилди. Учрашувлар чоғида вилоят марказидаги “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчилари учун ёпиқ турдаги спорт иншооти зарурлиги юзасидан кўтарилган масала Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар эътиборига ҳавола қилинадиган бўлди.

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    287
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+