Банк ва молия тизимини ислоҳ қилишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди

18.02.2019, 22:16

Банк ва молия тизимини ислоҳ қилишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди

Банк-молия академиясида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамкорлигида “Банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш ҳамда соҳага замонавий бозор механизмларини жорий этиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида иштирок этган экспертларнинг фикрича, ҳозирги кунда жаҳон амалиётида очиқ бозор операциялари пул муомаласини тартибга солишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Бу, биринчи навбатда, ушбу воситанинг қисқа муддатли даврда пул конъюнктурасига таъсир этилишига, иқтисоддаги пул массасининг нохуш тебранишларини текислашга, шунингдек, тижорат банкларининг ликвидлигини таъминлашга имкон беради.

Очиқ бозор операциялари саноати ривожланган мамлакатларда пул-кредит сиёсатининг асосий воситаси ҳисобланади. Бироқ ҳозирги кунда ривожланаётган мамлакатларда ҳамда ўтиш давридаги мамлакатларда ҳам ушбу операциялар муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиқ бозор операцияларига эътибор ошишининг асосий сабаби ушбу операциялар бажарилишининг теxник имкониятларидир. Ушбу операцияларни марказий банк энг самарали ва ривожланган бозорда, оддий бозор қатнашчиси сифатида амалга оширади. Бунда марказий банк ушбу бозорнинг барча афзалликларидан фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларида очиқ бозор операцияларидан фойдаланиш белгиланган. Бунда Марказий банк тижорат банклари билан репо операциялари ўтказиш орқали ликвидлиликни тартибга солишини мақсад қилиб қўйган.

Давра суҳбатида банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, унинг барқарор ривожланишини таъминлаш, тижорат банкларининг иш самарадорлигини ошириш, уларнинг капиталлашиш даражасини кўтариш, инвестиция жараёнларида ва иқтисодиётнинг таркибий ўзгаришларида кенг иштирок этишини таъминлаш каби устувор йўналишлар хусусида фикр алмашилди.

Тижорат банкларининг корхоналарни хусусийлаштириш ва акциялаштириш жараёнларида кенг иштирок этиши, қимматли қоғозлар бозорида тижорат банкларининг операцияларини ва банкларнинг корхоналарни ишончли бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, тижорат банкларини касбий жиҳатдан юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, банк ходимларининг масъулияти ва маданиятини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили“ Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард АҚШ долларига тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилади.

Амалга оширилаётган ушбу кенг қамровли ислоҳотларга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди каби нуфузли ташкилотлар ҳисоботларида юксак баҳо берилмоқда. Натижада Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ҳамда хорижий хусусий сармоядорлар, йирик трансмиллий компаниялар, халқаро молия институтларининг Ўзбекистонга бўлган ишончи ва қизиқиши янада ортиб бормоқда.

Давра суҳбати якунида кўрилган масалалар юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Нурилло Насриев, ЎзА

  • Кўрилди
    779
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+