O’zLiDeP фаоллари “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига аниқ таклифлар берди

18.02.2019, 22:18

O’zLiDeP фаоллари “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига аниқ таклифлар берди

Жорий йилнинг 18 февраль куни O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар, партия фаоллари, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда асосий эътибор мазкур қонун лойиҳасининг энг устувор жиҳатларидан бири бўлган тендерларда иштирок этаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий етказиб берувчиларнинг имконият ва шарт-шароитларини тенглаштириш масалаларига қаратилди.

Ушбу қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2018 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида ишлаб чиқилмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар Президентимизнинг 2019 йил 4 январдаги “Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари доирасида ўтказиладиган тендерлар, танловларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун 20 фоизгача бўлган нарх преференцияси механизмини жорий этишни назарда тутувчи давлат харидларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Таъкидланганидек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун кучга кирган пайтдан бошлаб давлат харидлари жараёнининг алоҳида иштирокчиларига преференциялар бериш тўхтатилди. Бу эса барча маҳаллий ишлаб чиқариувчилар учун тенг имкониятлар яратди.

Лекин, бугунги мавжуд ҳолат чет эл корхоналари билан рақобатга киришиш жараёнида энди оёққа туриб келаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар учун преференциялар йўқлиги туфайли ўз маҳсулотларини сотишда мураккабликларга дуч келаётганлигини кўрсатмоқда.

Бу нафақат миллий маҳсулотларимизнинг дунё бозорида ўз ўрнини топишига, балки ички бозордаги ҳолатига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, давлат маблағлари ҳисобига тендер ва танлов савдолари эълон қилинганда уларда хорижий етказиб берувчилар иштироки ва улар билан валюта орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби назарда тутилади. Одатда, бундай тендер ва танловларда божхона ва солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар берилмайди, етказиб берувчи мамлакатларида эса экспорт преференциялари тақдим этилади, шундай экан иштирокчилар ўртасида нархларни шакллантириш бўйича тенг шарт-шароитлар мавжуд бўлмайди.

Мавжуд вазиятда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳокама иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарувчи ўз товарига нархни белгилашда товар хом-ашёси ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари (божхона божи, акциз, йиғимлар) ҳамда буюртмачига сотишда тўланадиган 20 фоиз қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш таклифини билдириб ўтишди. Бунинг натижасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларини нарх бўйича таклифлари қиёсланади, бу ўз навбатида маҳаллий маҳсулотлар нархлари хорижникидан сезиларли даражада фарқ қилмаслиги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тендерларда тенг ҳуқуқли иштироки таъминланади.

Шунингдек, давра суҳбати қатнашчилари бугунги мавжуд вазият маҳаллий ишлаб чиқарувчилар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига ўтказиладиган халқаро тендер савдоларида ҳам преференцияларга эга бўлмаётганликларини алоҳида қайд этишди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон уларнинг тендер ва танлов савдоларида хорижий ишлаб чиқарувчилар билан тенг имкониятларга эга бўлиши учун тегишли қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантиришни таклиф этишди.

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан билдирилаётган бу каби таклиф ва фикр-мулоҳазалардан кўзланган асосий мақсад республикамиз миқёсида импортни сезиларли даражада камайтириш, тайёр маҳсулотни импорт қилиш эмас, уни мамлакат ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил қилишга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, маҳаллий корхоналар маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш орқали республика ялпи ички маҳсулот ҳажмини кескин ошириш, минглаб янги иш ўринларини яратишдан иборатдир.

Давра суҳбати якунида қонун лойиҳаси юзасидан билдирилган таклиф-тавсияларни умумлаштирган ҳолда, уни партия фракциясига тақдим этишга келишиб олинди.

O’zLiDeP Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+