O‘zLiDeP фаоллари ташрифидан сўнг Фарғонадаги муаммолар ҳал бўлди

20.02.2019, 10:03

O‘zLiDeP фаоллари ташрифидан сўнг  Фарғонадаги муаммолар ҳал бўлди

Халқ билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш O‘zLiDeP ҳудуддий ташкилотларининг бирламчи вазифасига айланган. Шу боис, партия вакиллари ҳудудларда бўлиб, жойлардаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганяпти, уларни ҳал этяпти.  

Партия Фарғона вилоят Кенгаши ва O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳнинг бу галги манзили Фарғона тумани бўлди. Айтиш жоиз, ўрганишлар давомида партия вакиллари тумандаги 370 та хонадонда бўлиб, одамларнинг дардини эшитди, оғирини енгил, мушкулини осон қилди.

“Гулпион” МФЙда жойлашган қабристоннинг ён атрофидаги деворлари нураб кетган. Бу ерга инсон қўли тегмаганига анча бўлгани шундоқ кўриниб турибди. Шу маҳаллада яшовчи Акрамжон Рахмоновнинг айтишича, қишлоқ аҳли бир неча маротаба ҳашар йўли билан деворларни таъмирлашган, лекин орадан вақт ўтиб, деворлар яна нураб кетган.

Ишчи гуруҳ ташрифидан сўнг муаммо шу ернинг ўзида ҳал бўлди. Халқ вакили, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Муроджон Йўлдашев ўз маблағи эвазига қабристонга беш минг дона ғишт келтириб, нураган ва қулаган деворларни янгилашга ваъда берди.  

Тумандаги Миндонобод қишлоғида яшовчи Муаттар Олимова нафақада, ҳеч қаерда ишламайди. Яшаётган иморати эса яроқсиз ҳолга келиб қолган, уйнинг том қисмидан чакка ўтади. 

Унинг таъкидлашича, бундан бир йил аввал ҳам туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари келиб муаммони ўрганиб кетишган. Аммо ҳеч қандай ёрдам беришмаган.

“Тўғриси, муаммойимиз бу қадар тез бўлади деб, ўйламаган эдим.Лекин янглишган эканман. Партия фаоллари ва меҳрибон депутатимиз барака топишсин! Анчадан буён бизни қийнаб келаётган муаммони жойида ҳал этиб беришди. Ҳозирда уйимизнинг том қисмида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти”, – дейди  М.Олимова.

Лоғон қишлоғида яшовчи Фахриддин Хайдаровнинг ўғли Ғ.Хайдаров ўткан йили Фарғона давлат университетига ўқишга ҳужжат топширган. Лекин бали озгина етмай қолгани сабабли талаба бўлолмаган. Фахриддин ака эса боласини тезроқ ўқишини, юртга фойдаси тегишини хоҳлаяпти. Бунинг учун бошланғич бир марталик контракт тўловини тўлаш керак.

Халқ ноиби, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси М.Йўлдашев аралашувидан сўнг муаммо ҳал бўлди. Депутат ўз маблағи ҳисобидан Ғиёсиддинга 120 млн. сўмлик маблағни пул ўтказиш йўли орқали тўлаб берди. Ҳозирда у талабалар сафидан жой олиб, таҳсил олмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳ кўмаги билан ҳудуддаги ички йўллар таъмирланди, 1 километр йўл асфальтланди. Эски электр симёғочлар бетонли устунларга алмаштирилди, электр симлари ва таъмирталаб сув қувурлари янгиланди.

“Шу кунга қадар маҳалламиздаги 49-мактабга ичимлик сувини олиб кириш муаммо эди. Бу масалада тегишли идораларга кўп маротаба мурожаат қилганмиз. Аммо натижа бўлмаган. Партия фаоллари эса муаммони атрофлича ўрганди ва ҳал этиш чораларини кўрди. Ҳайрият ҳаракатлари зое кетмади, ҳудудга сув келадиган бўлди”, – дейди Лоғон МФЙда яшовчи С.Ниязова.

Таъкидлаш керак, ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари ижтимоий соҳа объектлари – мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, шифохоналар фаолиятини янада яхшилаш юзасидан ҳам зарур амалий ёрдамлар кўрсатди. 

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1304
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+